Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.04.2022


 1 МАЙДАН АМАЛДА

Ҳаёт чархпалаги айланишда давом этар экан, жамиятда янги меъёрий-ҳуқуқий ўзгаришлар ҳам бўлаверади. Гап уларнинг қандай англаниши, ишлаши, иқтисодий тараққиёт учун, қолаверса, одамлар ҳаётига олиб кирадиган янгилиги қанчалик муҳим ва жоиз эканлигидадир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармон ва қарорларига асосан жорий йилнинг 1 май санасидан амал қилиши белгиланган қуйидаги меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликларга ҳам ана шу нуқтаи назар билан қараш улар замирида ётган мақсадни теранроқ тушуниш имконини беради.

Хорижликларга кўчмас мулк сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади

Президентнинг "Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида"ги фармонига асосан, рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда янги барпо этилаётган:

Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида - қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;

бошқа ҳудудларда - қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади. 

Норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан оладиган даромадлари (дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлардан ташқари) бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланади.

Моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади

 "Темир дафтар", "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари"га киритилган фуқароларга ва оилаларга тегишли жамғармалар маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади ҳамда пенсия ва нафақалар билан бир вақтда АТ Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.

Бу тартиб Президентнинг "Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда қайд этилганидек: АТ Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар ҳамда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун банкка 1 фоиз миқдорда хизмат ҳақи тўлаб берилади. Бунда, АТ Халқ банки зиммасига сайёр кассалар орқали маҳалла фуқаролар йиғинларига борган ҳолда пенсия ва нафақа олувчиларнинг карталаридаги маблағларини уларнинг хоҳишларига кўра нақд пулга алмаштириб бериш вазифаси юклатилади;

барча турдаги давлат пенсияларини, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни ҳамда кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган оилалар моддий қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тузилма маблағлари ҳисобидан ҳар йили маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг  ёзма тавсияномасига асосан:

боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;

меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки "темир дафтар", "аёллар дафтари" ва "ёшлар дафтари"дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсата бошлайди.

Шу билан бирга, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига (бир марталик);

маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки "темир дафтар", "аёллар дафтари" ва "ёшлар дафтари"дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

Федерациянинг бу ташаббуси давлат раҳбарининг "Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан маъқулланган.

Маҳалла раиси ва маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлиги қанча?

Маҳаллалар раисларининг, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг ойлик иш ҳақи миқдорлари улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланмоқда.

Хусусан, Президентнинг "Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига биноан янги ойдан бошлаб маҳалла раисининг ойлик иш ҳақи:

хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари;

хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари;

хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараварига тенг бўлади.

Шунингдек, давлат раҳбарининг "Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи:

хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари;

хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари;

хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 бараварига тенг бўлишига аниқлик киритилган.

Ҳар иккала қарорда ҳам фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, тегишлича маҳаллалар раислари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш жамғармаси шакллантирилиши белгиланган.

Аҳоли пунктларида 70, мактаб ва боғчалар атрофида 30, турар жой даҳаларида эса 20 км/соат

Ҳукуматнинг "Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари кучга киради. Унга асосан:

аҳоли пунктларида транспортларнинг тезлигини соатига 70 километрдан, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади. Бунда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги республика комиссияси қарори асосида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги йўл ҳаракати қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт ҳаракатланишининг юқори тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланиши мумкин;

енгил автомобилларда юк ташишга уларнинг том қисмига ўрнатилган юкхонадаги юкнинг баландлиги 1 метрдан ва узунлиги автомобиль габаритидан 0,5 метрдан ошмаган тақдирда йўл қўйилади;

юк автомобиллари, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши шарт;

транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб тўхташ тақиқланади;

сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементлар бўлган устки    кийимда бўлиши лозим.

Шунингдек, 2022 йил 1 майдан бошлаб:

ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 миллион сўм миқдорида, жами 10 миллиард сўмгача грантлар ажратилади. Бунда:

грант маблағлари онлайн тўловларни қабул қилувчи замонавий веб-сайт яратишга, хорижий мамлакатлардаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;

грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.

*  *  *

Қонунчиликка мувофиқ маҳаллий ижро ҳокимияти органлари қарорларини қабул қилишда ҳудудий адлия органлари ижобий хулосаси олиниши белгиланган ҳолларда, бундай хулоса олинмасдан тегишли қарорларни қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди.

*  *  *

Барча турдаги пенсия ва нафақа тўловлари нақд шаклда берилади ёки фуқароларнинг розилиги асосида банк картасига ўтказилади;

тасдиқланган рўйхатга кирган тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилади;

олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизи нақд шаклда берилади.

*  *  *

 Ўзбекистон Республикасидаги халқаро аэропортларда авиаспоттинг - белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек, уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олишни амалга ошириш йўлга қўйилади.

*  *  *

"Автомобиль тарихи" маълумотлари (давлат рўйхатидан ўтказилган сана, босиб ўтган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар)ни шартномавий асосда Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo