НАШРЛАР ТАРИХИ
1925 йил 22 майда Қаршида «Қашқадарё» номи билан вилоят газетаси чоп этилган. Унга вилоят партия қўмитаси ташвиқот бўлимининг мудири, шоир ва адабиётшунос Абдулла Раҳмонов (Гулшаний) муҳаррирлик қилган.
“Новости Кашкадарьи” газетаси “Кашкадарьинская правда” номи билан 1943 йил 18 июндан чиқа бошлаган.
1938 йил апрелида Қашқадарё Бухоро вилояти таркибига киритилади. Худди шу йил июнь ойидан бошлаб «Қашқадарё ҳақиқати» газетаси Ўзбекистон Компартияси Қарши шаҳар қўмитаси, Қарши шаҳар ва туман кенгашлари органи сифатида чиқа бошлайди. 1943 йилга келиб Қашқадарё яна алоҳида вилоят бўлгач, худди шу йил апрель-май ойларида Ўзбекистон Компартияси Қашқадарё вилоят ташкилот бюроси ва Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати вилоят қўмитаси органи сифатида икки бетлик «Большевик» газетаси нашр этилади. 1943 йил июнь ойидан эса газета яна «Қашқадарё ҳақиқати» номи билан Ўзбекистон Компартияси вилоят қўмитаси ва вилоят кенгаши органи сифатида нашр этила бошлайди.
1960 йил февралида Қашқадарё вилояти тугатилиб, Сурхондарё вилояти таркибига қўшиб юборилди. Шундан сўнг «Қашқадарё ҳақиқати» газетаси ҳам ўз фаолиятини тўхтатди. 1964 йилда вилоят қайта ташкил этилгач, «Қашқадарё ҳақиқати» яна нашр этила бошланди.
1996 йил мартда Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарорига асосан вилоят ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган “Қашқадарё ҳақиқати” ва “Кашкадарьинская правда” газеталари таҳририятлари негизида ягона “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририяти ташкил этилди.
Вилоят ҳокимининг 2004 йил 25 октябрдаги қарорига асосан “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари ягона таҳририяти фаолияти тугатилиб, алоҳида-алоҳида “Қашқадарё” ва “Новости Кашкадарьи” газеталари таҳририятлари ташкил этилди.
Вилоят ҳокимининг 2012 йил 24 октябрдаги Х-324/10-сонли қарорига асосан тугатилган “Қашқадарё” ва “Новости Кашкадарьи” газеталари таҳририятлари негизида ягона таҳририят сифатида «Qashqadaryo» ва “Новости Кашкадарьи” газеталари таҳририяти 2013 йил февралдан ўз фаолиятини бошлаган.
Бугунги кунда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги муассислигидаги «Qashqadaryo» ва “Новости Кашкадарьи” газеталари таҳририятида 30 га яқин ижодий ва техник ходим меҳнат қилмоқда. Таҳририят журналистлари “Олтин қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Эътироф”, “Жамият ва мен”, “Инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида”, “Экожурналистика”, “Атиргул” сингари қатор нуфузли ижодий кўрик-танловларнинг мамлакат босқичида фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган.