Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.03.2024


1 АПРЕЛДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 апрелдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

"Ташаббусли бюджет" лойиҳалари ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаоллари розилиги билан фойдаланишга қабул қилинади

Президентнинг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат  дастури тўғрисида"ги фармонига асосан:

давлат инвестиция дастурлари доирасида марказлашган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган йирик лойиҳаларга саноат кооперацияси талаблари жорий этилади;

иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) ва маълумотлар базаси босқичма-босқич йўлга қўйилади;

чегара божхона постларида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини расмийлаштириш бўйича карантин, санитария-эпидемиология осойишталик ва ветеринария соҳаларидаги назорат функциялари божхона хизмати органларига ўтказилади.

 "Ташаббусли бюджет" доирасидаги лойиҳаларни ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.

Нотариал ҳаракат чоғида чиқинди хизматларидан қарздорлик ҳам текширилади

Давлат раҳбарининг "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра:

кўчмас мулк ҳамда автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими (ЯЭТ) орқали онлайн режимда текширилиб, қарздорлик бартараф этилганидан кейин нотариал ҳаракат амалга оширилади;

барча санитар тозалаш корхоналари томонидан ЯЭТга уланган ҳолда фуқароларга хизмат кўрсатилади ҳамда ушбу талабни бажармаган корхоналар билан тузилган шартномалар бекор қилиниб, улар хизмат кўрсатадиган ҳудудлар давлат-хусусий шериклик асосида бошқа корхоналарга бириктирилади;

чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритиш фақатгина биллинг тизими, электрон тўлов тизимлари ёки тижорат банкларининг тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга оширилади.

Мажбурий ижро доирасида мол-мулкни сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда интернет-дўконлар орқали ишловчи субъектлар устунликка эга бўлади

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Бу норма Президентнинг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида қайд этилган. 

Шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилиши кўрсатиб ўтилган.

Номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар рағбатлантириб борилади

Президентнинг "Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

ноёб ва (ёки) йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос намуналари бўйича - ушбу тоифадаги номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи 20 нафар шахс аниқланиб, уларнинг номоддий маданий мерос намуналарини асраб-авайлаш, оммалаштириш ва кейинги авлодга етказиш борасидаги фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари белгилаб берилади;

ушбу кўрсаткичларни бажарган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида рағбатлантириб борилади;

алоҳида аҳамиятга эга бўлган номоддий маданий мерос намуналари бўйича - номоддий маданий мерос намуналарини ёзиб олиш ва кенг тарғиб қилиш, жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиш учун ҳар йили 50 та аудиовизуал асар яратишга тўғридан-тўғри шартнома асосида давлат    буюртмаси берилади.

"Суюнчи пули"ни расмийлаштириш тартиби ўзгаради

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига баъзи ижтимоий нафақаларни тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори билан бўлаётган ўзгаришларга асосан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули:

биринчи фарзанди учун - барча аёлларга;

иккинчи фарзанди учун - фарзанд туғилган пайтда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади.

Қолган барча ҳолатларда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштириш рад этилади.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун аризалар онлайн берилади

Ҳукуматнинг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан:

кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун онлайн ариза бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади;

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимларига фуқароларнинг бевосита розилиги билан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза бериш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги  тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади;

реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.

*  *  *

"Маданият тўлқинлари" медиа лойиҳаси; аҳоли орасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган маҳаллий ва хорижий шахслар иштирокида "Юлдуз билан саёҳат" лойиҳаси; белгиланган манзилларда "Кўча санъати ва мусиқаси" лойиҳаси амалга оширилади.

*  *  *

Ҳуқуқий эксперимент доирасида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари томонидан рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар (улар амалга ошириши рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига мувофиқ) экспорти бўйича халқаро платформаларда электрон шаклда расмийлаштирилган қиймати 100 минг АҚШ долларигача (ёки ушбу эквивалентга тенг миқдоргача) бўлган шартномалар (келишув, ҳисобварақ-фактура, инвойс) электрон ҳужжат сифатида тан олинади ҳамда уларнинг қоғоз шаклидаги нусхаси талаб этилмайди.

*  *  *

 Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан электрон тижорат орқали ваучер асосида таъминлашни тўхтатмаган ҳолда, 2026 йил 1 апрелга қадар электр юритмали кресло-аравача ва эшитиш мосламаларини марказлаштирилган тартибда харид қилиш ва муҳтож шахсларга етказиб бериш ваколати берилади.

*  *  *

 Тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади.

*  *  *

2026 йил 1 апрелга қадар меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли чорак якунига кўра Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилган туристик (меҳмонхона) йиғимлар суммаси ҳисобидан - тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхонанинг камида учта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозланганда, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилганда, ушбу тадбиркорлик субъектларига ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия берилади: юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга - 2 миллион сўм; юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга - 1 миллион сўм.

*  *  *

Давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади: учта ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда ўн беш фоиз; иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда ўн икки фоиз; битта маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда саккиз фоиз миқдорида.

*  *  *

Барча лойиҳаларда ичимлик ва оқова сув иншоотлари ҳамда тармоқларидаги сув ҳисобини рақамлаштириш бўйича ечимлар, сув иншоотлари ва тармоқларига сув ҳисоблагичларини ўрнатиш, ичимлик сув тармоқларини аҳоли хонадонларигача етказиб беришда ушбу хонадонларни ягона биллинг тизимига улаган ҳолда ҳисоблагичлар ўрнатишни акс эттириш мажбурий ҳисобланади.

*  *  *

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш ҳудудий марказларида болалар реабилитацияси бўлимлари ташкил этилади.

*  *  *

 Йирик солиқ тўловчилар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилади.

*  *  *

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтмасдан қурилган объектларни инструментал техник текширувдан ўтказиб, фойдаланишга рухсат бериш ишларини тўхтатади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo