Фармонга асосан, ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади.
Шунингдек, судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларининг малака даражаси ва мансаб даражасига эга бўлган ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритиладиган 50 фоиз миқдорида устама тўланади.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдори ҳам 2 баравар оширилади. Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги тегишли қарори асосида белгиланган.
Қолаверса, худди шу санадан бошлаб “Ўзбеккино” МА марказий аппаратининг ходимларига уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ойлик жамғармасининг 100 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган шахсий устама белгиланиши кўзда тутилган.
Бир қатор ташкилотлар тугатилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2018 йил 1 августдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги қуйидаги ташкилотлар тугатилди:
- Давлат дон инспекцияси;
- Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси;
- Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси;
- “Ўзсувназорат” республика сув инспекцияси;
- “Ўздавуруғназоратмарказ” қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази.
Тугатилаётган ташкилотларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари, функциялари ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясига ўтказилади.
Алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектлари учун янги имтиёзлар кучга кирди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2018 йилнинг 1 августидан алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига берилган қуйидаги имтиёз ва преференциялар кучга кирди:
- харидор томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдолари натижаларига кўра, танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари билан унинг таклифлари ўртасида тенг шароитлар юзага келган ҳолларда битимни тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи;
- давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгилаш.
Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, алоҳида тадбиркорлик субъекти дейилганда қуйидагилар назарда тутилган:
- ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари ва инвентарлар ишлаб чиқариш, уларга ортопедик протезлаш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларини таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушган тушум ташкил этган тадбиркорлик субъекти;
- ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 20 фоизини Брайл алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этиш, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар яратишдан тушган тушум ташкил этган тадбиркорлик субъекти;
- меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар, ўн олти ёшга тўлмаган болалари ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар, жазони ижро этувчи муассасалардан озод этилган шахслар, одам савдоси қурбонлари, ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, “Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ташкил этган тадбиркорлик субъекти.
Суюлтирилган газ учун ягона нарх жорий этилди
2018 йил 1 августдан бошлаб суюлтирилган газнинг нархи оширилди. Эндиликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳолига етказиб бериладиган 1 килограмм суюлтирилган газнинг нархи 800 сўмдан этиб белгиланди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати расман маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача 1 килограмм суюлтирилган газ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда эса 500 сўмдан етказиб берилаётган эди.
Машинанинг ойналарини қорайтириб юриш мумкин, бироқ...
Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб автомобилларнинг ойналарини қорайтириб юриш мумкин. Бироқ, бунинг учун белгиланган тўловни амалга ошириб, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидан 1 йилга бериладиган махсус рухсатномани олиш лозим.
Белгиланган тартибга кўра, орқа ойнани ёруғлик ўтказувчанлик беш фоиздан кам бўлмаган (95 фоизга қорайтириш), орқа ён ойналарни ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган (70 фоизга қорайтириш) даражада ўзгартириш мумкин.
Олд ойнанинг тепа қисмини эса 14 сантиметрдан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган шаклда ўзгартириш учун рухсатнома шарт эмас.
Ойналарни қорайтириш Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази” ДУК томонидан амалга оширилади.
Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўловлар эса қуйидаги тартибда белгиланган:
- жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари;
- юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари;
- хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу қарор расман эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган эди. Бунга рухсатнома олиш учун белгиланган нархларнинг нимага асосланганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмагани сабаб бўлган. Жумладан, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мамлакатимизнинг аксарият аҳолиси йил давомида ишлаб бунча даромад топмаслигини билдирган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.