Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 декабрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори ошади
Президентнинг "Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармонига асосан:
бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга;
базавий ҳисоблаш миқдори 3 фоизга оширилади.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги энг кам миқдори - ойига 1 050 000 сўм;
базавий ҳисоблаш миқдори - ойига 340 000 сўм бўлади.
"Ҳаж"га борувчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотлар очиқ бўлади
"Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонига мувофиқ, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати қуйидаги маълумотлар билан тўлдирилади:
ҳудудлар кесимида "Ҳаж" тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар;
болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар;
давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат);
марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.
"E-sertifikat" ахборот тизими ишга туширилади
Давлат раҳбарининг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида:
"GSP+" тизими имтиёзлари қўлланилишига доир маълумотлар олиш, синов лабораторияларини (шу жумладан, ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария-эпидемиология соҳаларда) эркин танлаш, синов баённомаларини электрон расмийлаштириш имконини берадиган ҳамда божхона органлари "ягона дарча" тизимига интеграция қилинган "E-sertifikat" ахборот тизими ишга туширилади;
"Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази" давлат корхонасининг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар штрихли кодларининг давлат реестрини юритиш монопол функцияси бекор қилинади.
АЁҚШ, автотураргоҳлар ҳамда бозорлар ҳудудида электромобилларни тез қувватлантириш станциялари барпо этилади
Нукус шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказлари ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлар ҳудудларидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, сиғими 100 автомобилдан ортиқ бўлган автотураргоҳлар ҳамда бозорлар ҳудудида электромобилларни тез қувватлантириш станциялари барпо этилади.
Бу ҳақда Президентнинг "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўрсатма қилинган.
"Ўзбекистон туризм магистрали" туризм транспорт коридори автомагистраль йўлларида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, савдо ва кўнгилочар марказлари ҳудудида камида 2 каналли 60 кВт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлантириш станцияларини барпо этишнинг мажбурий тартиби ўрнатилади.
Маъмурий баённома транспортни бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан расмийлаштирилади
Президентнинг "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармони билан:
транспорт воситасининг эгасига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.
Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
Яна 47 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади
Давлат раҳбарининг "Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:
"Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда тақдим этилиши орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 47 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади.
Кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими ишга туширилади
"Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори кўрсатмасига мувофиқ:
Республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилади ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бунга масъул этиб белгиланган.
Рейтинги баланд шахматчиларга имтиҳонсиз тренерлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилади
ФИДЕ рейтинги бўйича 1800 ва ундан юқори балл тўплаган шахматчиларга, истисно тариқасида, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан имтиҳонсиз шахмат бўйича тренерлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилади.
Бу ҳақдаги кўрсатма давлат раҳбарининг "2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қайд этилган.
Чорвачилик хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун импорт қилган наслдор қорамолларга ҳисобланган ҚҚСни кафолат асосида 180 кун ичида тўлаб бериши мумкин бўлади
Давлат раҳбарининг "Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан:
чорвачилик хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун импорт қилган наслдор қорамолларга ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг кафолати асосида 180 кун ичида тўлаб бериш тизими жорий этилади.
Ваколатли давлат органига қимматли қоғозлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилади
Президентнинг "Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:
ваколатли давлат органига қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ахборот ва ҳисоботлар бир йил ичида икки ва ундан ортиқ марта ўз вақтида ошкор этилмаганлиги учун эмитентнинг ижроия органини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тўғрисида кўрсатма киритиш ва эмитентнинг қимматли қоғозлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилади.
Мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб кўрсатиладиган давлат хизматлари қамрови кенгаяди
Вазирлар Маҳкамасининг "Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:
миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қўшимча тўлов асосида кўрсатила бошланади;
фуқароларнинг хоҳишига кўра тайёр идентификацияловчи ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали ёки қўшимча тўлов асосида, шунингдек, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва давлат рақами белгиларини уларнинг яшаш жойига қўшимча тўлов асосида етказиб бериш хизмати жорий этилади.
Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича мурожаат қилиш қулайлашади
Ҳукуматнинг "Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига биноан:
махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, улар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим ва ижара шартномаларини тузиш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Давлат хизматлари марказлари ёки махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.
"Ташқи реклама" рақамли мониторинг электрон тизими жорий этилади
Ташқи реклама бозори иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлашга қаратилган "Ташқи реклама" рақамли мониторинг электрон тизими жорий этилади.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг "Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сўз борган.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.