Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.01.2024


  1 ФЕВРАЛДАН АМАЛДА

Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 февралдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Ўқувчилар ва ота-оналарга ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг салбий оқибатлари акс эттирилган видеоматериаллар намойиш этила бошланади

Президентнинг "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан тасдиқланган мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича йўл харитасида кўрсатилганидек:

ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига беэътиборлиги, ўқувчилар ўртасида турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг салбий оқибатлари акс эттирилган видеоматериаллар умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида намойиш этила бошланади.

Ваколатли вакил ёки расмий дилерлар мавжуд бўлиши талаб қилинади

Давлат раҳбарининг "Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

 электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хом ашё ва бутловчи қисмларни импорт қилишда, шу жумладан, 120 кун кечиктириб тўлашда, қўшилган қиймат   солиғини ҳисобга олиш имкониятини берувчи тизимда бир вақтнинг ўзида исталган миқдорда божхона юк декларациясини юбориш, импорт бўйича қўшилган қиймат солиғини биринчи навбатда солиқ органларидаги ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисобидан ундириш, сўнгра етмаган қисми бўйича ундирувни божхона депозитидаги маблағларга қаратиш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, алюмин радиаторлар; сув иситиш қозонлари; сув иситкичлар; буғ қозонлари; чангюткич; кир ювиш машинаси; совуткичлар, музлаткичлар; телевизор ва монитор; маиший газ печи; духовка ва печка; микротўлқинли печ, дазмол, сув иситкич; кондиционер; сув насосларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда уларнинг сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинади.

Кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади

"Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимидаги ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.

Бу норма Президентнинг "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган.

Аҳоли бандлиги ва иш ўринлари ҳисобининг ҳаққонийлигини Солиқ қўмитаси текширади

Президентнинг "2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳар ойнинг 15-санасига қадар Дастур доирасида яратилган янги иш ўринлари ва бандлиги таъминланган аҳоли тўғрисидаги маълумотларни идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали Солиқ қўмитасига тақдим этади;

Солиқ қўмитаси ҳар ойнинг 20-санасига қадар аҳоли бандлиги ва иш ўринлари ҳисобининг ҳаққонийлигини текшириб, натижалари бўйича маълумотни Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради.

Касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун ўқитиш курслари ташкил этилади

Давлат раҳбарининг "Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:

касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади;

хотин-қизларни касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишларида касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида молиялаштирилади.

Қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар доирасида қуйидаги 13 турдаги қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади.

Бу талаб Президентнинг "Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган ва рўйхатдан: полиэтилен қувурлар, диаметри 32 - 1000 миллиметр; металл қувурлар, диаметри 32 - 1420 миллиметр; зарарсизлантириш ускуналари; замонавий сув ҳисоблагичлар; замонавий зулфинлар; ёнғин хавфсизлиги гидрантлари; замонавий насос ускуналари; сув миноралари; темир-бетон қудуқлар; чўян люк; трансформатор; оқова сув тозалаш ускуналари; кабель маҳсулотлари ўрин олган.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo