Томорқада ишлаш ҳам нафақа олиш учун асос бўлади
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ўз томорқасида фойдали иш билан банд бўлган фуқаролар нафақа олишда меҳнат стажи билан боғлиқ муаммога дуч келмайди. Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.
Қарорда баён этилишича, деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга киритилди
2018 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилиши бошланди.
Дастур доирасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилиши белгиланган.
Жамғарма маблағларидан:
- ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
- Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;
- Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;
- тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш ва Дастур доирасидаги бошқа бир қатор тадбирларни амалга оширишда фойдаланилади.
Электрон визалар жорий этилади
2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги тегишли фармонида белгилаб берилган.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, электрон тартибда кириш визасини олиш учун барча ҳужжатлар ва анкеталар интернет орқали топширилади. Бу визани олиш консул билан суҳбатлашиш ёки қоғозбозлик билан боғлиқ бошқа жараёнларни амалга оширишни кўзда тутмайди.
Визани олиш тартиби қуйидагича: тегишли ҳужжатлар элчихонага топширилгандан кейин, улар мамлакат миграция хизмати орқали ўтади ва текширилади ҳамда виза бериш бўйича ижобий ёки салбий қарор билан қайтарилади. Бу визаларнинг яна бир афзал томони шундаки, уларни расмийлаштириш жараёни жуда тез кечади.
Маиший ва офис техникасини божхона тўловисиз мамлакатга олиб кириш мумкин
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб жисмоний шахслар совуткич, музлаткич, кондиционер, кир ювиш машинаси, чангютгич, компьютер каби бир қатор маиший техника воситаларини божхона тўловисиз мамлакатга олиб кириши мумкин.
Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.
Унга кўра, божхона тўловисиз олиб кириладиган маҳсулотлар рўйхатига 20 турдаги маиший техника ва офис техникаси маҳсулотлари киритилган. 1 июндан бошлаб уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтиш мумкин бўлади.
Шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланди. Яъни, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 килограммгача олиб ўтишга рухсат берилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги керак.
Кўчмас мулкни олди-сотди қилишда қоғозбозлик камайди
Маълумки, шу вақтга қадар фуқаро ўзига тегишли кўчмас мулкни сотиш, айирбошлаш ёки ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлатиши учун нотариусга бир қатор маълумотномаларни тақдим этиши лозим эди. Бу эса фуқароларнинг жуда кўп вақтини олар, улар маълумотнома сўраб кўплаб ташкилотларга эшикма-эшик кириб чиқишга мажбур бўлаётганди.
2018 йил 1 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи фуқаролар уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахс номига ўтказаётганда солиқ ёки коммунал тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги, кўчмас мулкнинг тегишлилиги тўғрисидаги бир қатор маълумотномаларни нотариусга тақдим этиши шарт эмас. Эндиликда бу каби маълумотлар нотариуслар томонидан тегишли ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни қўллаган тарзда текширилади.
Шунингдек, нотариат идораларининг бошқа ташкилотлар билан электрон ҳамкорлиги босқичма-босқич ривожлантирилиб, сўраладиган маълумотномалар сони камайтириб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида бу тартиб 2017 йил 1 июлдан йўлга қўйилган эди.
Пенсияни тўлиқ олувчи ходимлар сафи кенгаяди
2018 йил 1 июлдан бошлаб диний-маърифий ташкилотларда ишловчи пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади.
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига - 4 баравар) миқдорда қўлланилади.
Тадбиркорлик учун ер олиш электрон аукцион орқали амалга оширилади
2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Шунингдек, ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда олиб борилади.
Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.
Тизимда бир қанча тартиб-тамойиллар ўзгаради
1 июлдан бошлаб мамлакатимизда божхона расмийлаштирувини амалга оширишда бир қатор янги тартиб-тамойиллар ўрнатилади.
Жумладан, товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди.
Бундан ташқари яна қуйидаги тартиблар кўзда тутилган:
- бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади.
- айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;
- бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади;
- ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;
- импорт товарлари амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.