Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

30.06.2022


1 ИЮЛДАН АМАЛДА

Юртни тараққий эттириш, инсонлар мушкулини осон, ҳаётини фаровон қилишга ислоҳотлар билан эришилади. Ислоҳотларга эса аниқ тартибларни ўзида мужассам этган турли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши, мавжудларига ўзгартишлар киритилиши билан кенг йўл очилади. Жорий йилнинг 1 июлидан амал қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликлар ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига хизмат қилиши билан муҳим. 

ИЖАРАГА ОЛИШ ҲУҚУҚИ КРЕДИТ УЧУН ГАРОВГА ҚЎЙИЛИШИ МУМКИН

Президентнинг "Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида ўрнатилган тартибга мувофиқ:

саноат зоналари ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарорлар махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда ягона дирекциялар томонидан ўн иш кунида қабул қилинади;

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида аукционга чиқарилган ер майдонларини ижарага бериш бўйича аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам савдолар ўтказилган ҳисобланади;

махсус иқтисодий зоналар ҳудудидаги ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан кредитлар олишда гаровга қўйилиши мумкин;

саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда бошланғич нархи бўйича тўловларни ўн икки ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби татбиқ этилади.

ҚАТОР ҲУЖЖАТ ВА МАЪЛУМОТНОМАЛАРНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ БЕКОР ҚИЛИНАДИ

Коммунал ташкилотлар томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан қуйидагиларни:

руҳий касалликлар бўйича диспансер, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги; судланганлик; манзил-маълумот ахбороти; фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги; турар жойнинг майдони; солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги; солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги; пенсия ва нафақа миқдори; пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги; никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги фактларини тасдиқловчи ҳужжатларни;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси; шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати; меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари; кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхалари; иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив; тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг; тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;

лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги; давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги; қимматли қоғозларга эгалиги, қимматли қоғозлар билан операциялар амалга оширилганлиги, дивидендлар олинганлиги; кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги; жисмоний шахслар томонидан алиментлар тўланганлиги ва олинганлиги; олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари; жисмоний шахс томонидан ўрта махсус, профессионал (касб-ҳунар) таълим муассасаси, умумий ўрта таълим муассасаси (11-синф негизида) тугатилганлиги; фуқаро "Ёшлар дафтари" ёки "Аёллар дафтари"да мавжудлиги; ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар; олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида; жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи; ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинади.

Бу ҳақда Президентнинг "Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.

ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙЛАРИНИНГ САҚЛАШ ХАРАЖАТЛАРИ ОТА-ОНАЛАР  ПЛАСТИК КАРТАЛАРИГА ЎТКАЗИБ БЕРИЛАДИ

Давлат раҳбарининг "Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга кўра, оилавий болалар уйларига Давлат бюджетидан маблағ ажратиш қуйидагича амалга оширилади:

оилавий болалар уйларининг сақлаш харажатлари учун Давлат бюджетидан маблағ ажратишда бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатлар миқдори ҳамда болалар сонидан келиб чиқиб, зарур маблағлар ота-оналар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади;

оилавий болалар уйларида бир нафар тарбияланувчи учун Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ойлик харажатлар таркибига коммунал харажатлар ҳам киритилади;

оилавий болалар уйлари томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун тўловлар жисмоний шахслар учун белгиланган нархларда амалга оширилади;

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда ҳамда ногиронлиги бўлган болалар касб-ҳунар мактабларида ишловчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорда устамалар тўланади.

ДАВЛАТ ПЕНСИЯЛАРИНИ ТАЙИНЛАШ УЧУН ФАҚАТ ПАСПОРТ ЁКИ ID-КАРТА КИФОЯ

Президентнинг "Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган талаблардан келиб чиқиб:

давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали "Ягона меҳнат миллий тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда - ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади;

давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

* * *

Шунингдек, Президент ҳамда ҳукуматнинг тегишли фармон ва қарорларига асосан 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

 Суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилади.

* * *

Инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозлари чиқарилади.

* * *

Бутун республика ҳудудида тиббиёт муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилади;

вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ органига мурожаат қилиши ҳам мумкин.

* * *

Электрон тижоратнинг "Очиқ рақамли экотизими" ахборот тизимлари мажмуаси тўлиқ ишга туширилади.

* * *

Касаначиликни меҳнат шартномаси билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан, пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилади.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан (2025 йил 1 январга қадар) тадбиркорлик субъектларига "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.

* * *

Автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган "Shaffof yo'l" платформаси тест режимида ишга туширилади. Унга 17 турдаги маълумотлар белгиланган аниқ муддатларда очиқ ахборотлар шаклида жойлаштирилади. 

* * *

Спинал мушак атрофияси клиник диагнозига эга бўлган оилаларнинг Ягона миллий регистри юритилади ва оилаларнинг клиник ҳамда молекуляр-генетик диагностикасидан келиб чиқиб шакллантириб борилади.

* * *

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилади. Бунда, жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

* * *

 Вирусология илмий-тадқиқот  институтида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилади.

* * *

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимларини гепатит "В" инфекциясига қарши эмлашни таъминлайди. Бунда, эмланмаган ходимларни эмлаш уларнинг асосий иш жойи бўлган тиббиёт ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади.

* * *

Давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин.

* * *

Ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан;

35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар поливитамин, темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.

* * *

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати  5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача компенсация тақдим этилади.

* * *

Олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

* * *

Ишлаб чиқарувчилар учун этил спирти ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқаришда солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган электрон ҳисобга олиш ва ўлчаш ускуналаридан фойдаланиш мажбурий бўлади.

* * *

Бир божхона постида уч йилдан ортиқ хизмат ўтаган ходимларни ротация қилиш тартиби жорий этилади.

* * *

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатли ташкилот томонидан расмийлаштирилган "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)"га эга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини ва "ISO:13485" сертификатига эга ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюм ва тиббий техникани мажбурий сертификатлаштириш тартиби бекор қилинади.

* * *

Солиқ органлари ходимларининг даромадлари, активлари ва мажбуриятларини декларациялаш амалиёти жорий этилади.

* * *

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий қилинади.

* * *

Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун "тиббиёт бригадалари" таркибига қўшимча 3 минг 600 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.

* * *

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида ижтимоий буюртма маблағларини ажратиш тизими жорий этилади.

* * *

Республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида "Хавфсиз йўл" индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилади.

* * *

"Паррандасаноат" уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик ҳўжаликларига (2024 йил 1 январга қадар даврда) ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун давлат томонидан 12 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.

* * *

Енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари этиб белгиланади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo