Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

30.05.2024


1 ИЮНДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил  1 июндан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга "маҳалла еттилиги" тавсияси асосида ипотека кредитлари ажратилади

Президентнинг "2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида айтилганидек, "маҳалла еттилиги" тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади.

Бунда: ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;

ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун - ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун - кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.

Меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия тўланади

Давлат раҳбарининг "Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

"Xorijda ish" меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга "ишчи виза"ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;

йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда компенсация тўланади.

Суғурта ташкилотларига - "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта эллик минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади.

Хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

Шунингдек, ҳужжатларни онлайн талаб қилиб олиш бўйича консуллик йиғимлари миқдори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи миқдорига тенглаштирилади.

Фармон билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ишга олинган бундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади.

Бундан ташқари, меҳнат миграциясидан қайтиб келган, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига мувофиқ бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Чиқинди хизматлари бўйича қарздорлардан электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш вақтинчалик чекланади

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда абонентлар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмаганига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти жорий этилади.

Бу норма Президентнинг "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.

Саноат чиқиндилари; суюқ маиший чиқиндилар; йирик ҳажмли маиший чиқиндилар; қурилиш чиқиндилари ва тупроқ; тиббиёт чиқиндилари; заҳарли-кимёвий чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш белгиланган тартибда махсус техникага эга бўлган санитар тозалаш корхоналари томонидан келишилган нархларда алоҳида тўлов эвазига амалга оширилади.

"Ёш тадбиркор" танловларида ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади

Давлат раҳбарининг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармони билан қуйидагиларни назарда тутувчи "Ёш тадбиркор" танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади:

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан танлов асосида "маҳалла - туман - вилоят - республика" босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади. Бунда, ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилади;

республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади;

ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати "102" телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади

Президентнинг "Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг "102" телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан рўйхатга олинади.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;

профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;

тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;

расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва   жабрланган шахсларга доир маълумотлар "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига реал вақт  режимида "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали юборилади.

5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори бинолар актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари билан лойиҳаланади

МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади.

Бу тартиб Президентнинг "Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ўрнатилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатга асосан: янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III - IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилади;

республика ҳудудида бўлиб ўтган зилзилалар мониторинги, уларнинг илмий таҳлили ва фаол тектоник ер ёриқларининг ҳаракатлари орқали яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.

"Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари мақоми бўйича профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга кўра:

 "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари ҳамда муҳандис усталари мақоми бўйича профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштирилади ҳамда уларга ушбу ходимлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади;

хорижий мутахассисларга бажарилган ишлар учун тўланадиган тўлов миқдори уларнинг малакаси, тажрибаси   ва уларга юкланадиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан белгиланади;

хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш визасини олишга консуллик йиғимлари ҳамда яшаш жойида рўйхатга олинганлик учун ундириладиган давлат божи "Ишга марҳамат" мономарказлари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Транспорт воситаларини "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга ажратиш бошланади

Ҳукуматнинг "Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан, барча тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи "Экологик транспорт" тизими босқичма-босқич жорий этилади:

ҳудудларни улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик зоналарга ажратиб бориш;

транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизимига асосан диагностика текшируви жараёнида аниқлаш ва натижалари бўйича қалбакилаштиришдан ҳимояланган ҳамда электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситаларини "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга ажратиб бориш;

экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш.

Ушбу ҳужжат билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва натижалари бўйича экологик стикерлар бериш мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида босқичма-босқич амалга оширилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб:

Президентнинг "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлари базавий тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига тенглаштирилади.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларига кўра, Энергетика вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ҳамда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот "базавий меъёр" ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилишини таъминлайди.

lex.uz материаллари асосида тайёрланди.

Report typo