Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.02.2024


1 МАРТДАН АМАЛДА

Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 мартдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

"Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи" дастури жорий этилади

"Президентнинг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонига кўра:

алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан "Ёшлар баланси" асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади.

Ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида:

маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар ("Ибрат фарзандлари") бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва "Заковат" интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.

Шунингдек, "Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи" дастури жорий этилади;

"Ёшлар дафтари" жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш амалиёти йўлга қўйилади;

ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича "Устоз" махсус платформаси ишга туширилади ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олинади;

ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун "Қизлар академияси" платформаси ишга туширилади ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилади.

Бундан ташқари, фармонга асосан:

ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда  соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади;

ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади;

Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади.

Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозларда имтиёзли тарифлар қўлланилади

Давлат раҳбарининг "Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига биноан:

белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;

чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш фильтрлари;

туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар 2026 йил 1 мартга қадар божхона божлари тўланишидан озод этилади.

Бундан ташқари, Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозларда 23 ёшгача бўлган ёшлар, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказишда почта манзили сифатида турар жойини кўрсатиш мумкин бўлади

 Лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг яна 22 тури бекор қилинади.

Бу ҳақда Президентнинг "Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ҳужжатда белгиланганидек:

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи ўн беш кун ичида, 70 фоизи ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади;

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;

тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг   почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.

Кўчатлар экиш ва парваришлаш тадбирларини молиялаштириш харажатлар сметаси ва (ёки) бизнес режада кўзда тутилади

Президентнинг "Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, агар уларга туташ ҳудудлардаги ерларнинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштириш майдонларига ажратилмаган ва уларда кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмаган тақдирда, давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилинмайди;

атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига кирувчи саноат корхоналари лойиҳа ҳужжатлари бўйича бериладиган давлат экологик экспертизаси хулосаларида ўз ва туташ ҳудудларида "яшил белбоғ"лар барпо этиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш мажбурий бўлган талаб этиб белгиланади;

кўчатлар экиш ва уларни парваришлаш ҳамда суғориш тадбирларини молиялаштириш масалалари вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларининг йиллик харажатлар сметасида ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб саноат корхоналари, махсус иқтисодий зоналар ҳудудларида жойлашган саноат корхоналарининг йиллик бизнес-режаларида кўзда тутилади.

Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади

Давлат раҳбарининг "Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига биноан:

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари йўлга қўйилади - ўрта тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларига:

лойиҳа қийматининг 15 фоизи, бироқ устав капиталининг 20 фоизи ёки 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташаббускорнинг устав капиталига кўчмас мулк объектлари, асбоб-ускуналар ва бошқа кўринишдаги активлар шаклида улуш киритиш;

кўчмас мулк ва асбоб-ускуналарнинг 70 фоизи, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда мулк сотиб олиш ва етти йилгача муддатга қарздорлик қолдиғига Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада йиллик фоиз ҳисоблаш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан хизматлар ипотекаси асосида ташаббускорга бериш;

кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига:

кредит (лизинг) ажратиш учун тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотларига миллий ва хорижий валютада молиявий ресурсларни жойлаштириш;

тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотлари томонидан миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларга умумий қиймати 5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этиш;

компания маблағларидан фойдаланиш бўйича тижорат банклари билан тузиладиган воситачилик шартномаларига асосан белгиланган лимит ҳамда умумий миқдор ва шартлар доирасида кредитлар бўйича кафиллик (портфель кафиллиги) тақдим этиш;

2024-2026 йилларда кичик тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга компенсация тақдим этиш.

Ижтимоий ходимлар ассистентлари мослашувчан иш тартибида хизмат кўрсатади

Индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш ва мўлжал олиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг "соатбай" асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун қонунчиликка мувофиқ мослашувчан иш тартиби жорий этилади.

Бу ҳақдаги норма Президентнинг "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мавжуд.

Шунингдек, ҳужжатга кўра, васийликдаги шахснинг мол-мулкини тақсимлаш ва унинг тақдирини ҳал этишга қаратилган бошқа битимлар нотариал тасдиқлашдан аввал "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилади.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган оиланинг аризасида кўрсатган маълумотлари жойига чиққан ҳолда ўрганилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларни "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан:

болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган оиланинг номига расмийлаштирилмаган бироқ фойдаланувида бўлган автотранспорт воситалари, кўчмас мулклари ҳамда чорва моллари уларнинг аризаларида кўрсатган маълумотларга мувофиқлиги жойига чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва "Инсон" ижтимоий хизматлари марказларининг ижтимоий ходимлари томонидан ўрганиб борилади.

Ўрганиш натижалари "Ягона реестр" АТга ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва "Инсон" ижтимоий хизматлари марказларининг ижтимоий ходимлари томонидан киритилади ва ахборот тизими томонидан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик равишда қарор қабул қилинади.

Шунингдек, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарорларига асосан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчи корхоналарга экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун 2 йил муддатгача улар томонидан охирги 12 ой давомида экспорт ҳажми 100 минг АҚШ долларидан 1 миллион АҚШ долларигача бўлганда - 100 минг АҚШ долларигача; 1 миллион АҚШ долларидан 2 миллион АҚШ долларигача бўлганда - 1 миллион АҚШ долларигача; 2 миллион АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлганда - 2 миллион АҚШ долларигача; 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда - 3 миллион АҚШ долларигача молиявий ресурслар ажратилади.

*  *  *

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилади.

*  *  *

Жисмоний шахсларни "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га киритиш, шунингдек, дафтарлар ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш;

рўйхати келтирилган 64 турдаги ижтимоий ёрдамни кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш "маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарорлари асосида амалга оширилади.

*  *  *

"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти томонидан умумий белгиланган шартлар ва қоидалар доирасида 4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банкларининг Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитлари бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорида компенсация тақдим этилади.

*  *  *

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг мавжуд қувватлари доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё вилояти филиалининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган ўрин-жойлар сони 220 тадан 300 тага оширилади.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли Қарши темир йўл шифохонасининг бино, иншоотлари, тиббий техника ва жиҳозларини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё вилояти филиалига беғараз ўтказиш орқали улар бирлаштирилади.

*  *  *

Нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси бундай ташкилотга ишга жойлашган ҳолларда эса 105 бараваригача бир марталик субсидия ажратиш тизимини назарда тутувчи дастур;

халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби;

инглиз тилини билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

*  *  *

"Uzbekistan Airways" АЖ томонидан "Шаҳрисабз" аэропортига парвозлар ташкиллаштирилади.

*  *  *

Нотариал идорага келмасдан, шу жумладан, чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.

*  *  *

B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим  бошқаруви, маълумотлар базаси ва "булутли" платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.

*  *  *

Спорт турлари бўйича ўтказиладиган расмий мусобақалар, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида иштирок этиши учун спортчиларнинг мансублиги ва уларнинг малакасини идентификация карталари (ID-карта) орқали аниқлаш тартиби жорий этилади.

*  *  *

Техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи "A", "B", "C" ва "D" тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади;

қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади.

*  *  *

Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилишида (реконструкция ва капитал таъмирлаш) маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган лифт, эскалатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари, саноат иситиш қозонлари, трансформатор қурилмалари, қуёш сув иситгичлари ва панеллари ҳамда иситиш радиаторларининг ўрнатилиши талаб этилади.

*  *  *

Биринчи гуруҳ - ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек, газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади. 

*  *  *

Давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти "E-ijara" электрон тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo