Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

05.05.2020


1 МИЛЛИОН ЕВРОЛИК ТИББИЙ УСКУНА КЕЛТИРИЛДИ

Қарор ва ижро

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Германиянинг KfW тараққиёт банки молиявий маблағлари ҳисобидан “Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизациялаш” лойиҳаси доирасида 1 миллион евро қийматлик, Нидерландияда ишлаб чиқарилган замонавий МРТ ускунаси ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 3 июндаги ”Германия Федератив Республикаси ҳукуматининг молиявий ҳамкорлиги билан “Соғлиқни сақлаш” Дастури, “Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд ва Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш” компонентини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятимизга ҳам  замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилиши режалаштирилган эди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, шу пайтгача вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлими мазкур лойиҳа асосида кўчма рентген-ташхислаш тизими ва портатив рентген аппарати билан таъминланган бўлса, МРТ ускунасининг ўрнатилиши мазкур хайрли тадбирларнинг узвий давоми бўлди.

- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) қўшма лойиҳаси асосида ўтган йилнинг декабрь ойида Германияда бўлиб, мазкур мамлакат тиббиёти ютуқлари, шу жумладан, мамлакатимиз тиббиёти равнақига йирик сармоялар ажратаётган билан KfW тараққиёт банки  фаолияти билан батафсил танишган эдик, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов. – Мазкур банк кўмагида келтирилган замонавий ускуна марказимиз фаолиятини такомиллаштириш, беморларга аниқ ташхис қўйишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Марказимизда МРТ текширувига беморлар имтиёзли ордер асосида қабул қилинади.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo