Туристларбоп қишлоқ ва маҳаллалар рўйхати тузилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги фармонига асосан, жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимиздаги энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари (шаҳарча, қишлоқ, овуллар ҳамда шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овулларнинг маҳаллалари) рўйхатини шакллантира бошлади.
Бу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари яратилган ва сайёҳлар учун камида беш хил хизмат тури (яшаш ва/ёки овқатланиш бўйича хизматлардан ташқари) кўрсатилган тақдирда, уларга "Туризм маҳалласи", "Туризм қишлоғи" ёки "Туризм овули" мақоми берилади. Бундай мақомни олган фуқаролар йиғинлари 2020 йилдан бошлаб "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастурларига биринчи навбатда киритилади.
Сув хўжалиги ходимлари маоши ошди, штатлар сони эса мақбуллаштирилади
Давлат раҳбарининг шу йил 9 октябрдаги қарорига асосан бугундан бошлаб Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг маоши ошди.
Уларнинг базавий тариф ставкаларига 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш белгиланган.
Шунингдек, қарорда шу йил 1 ноябрдан Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги бюджет ташкилотларининг штатлар сонини 10 фоизга, 2020 йил 1 январдан қўшимча равишда 10 фоизга, шу жумладан, бошқарув ходимлари сонини 83 бирликка босқичма-босқич мақбуллаштириш кўзда тутилган.
Ҳисоблагичлар фақат ДХМ ёки ЯИДХП орқали қиёсловдан ўтказилади
Бугундан бошлаб электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказишнинг янги тартиби амал қилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 августдаги қарорида белгиланган.
Унга кўра, энди ҳисобга олиш ускуналарини қиёсловдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Бунда ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги юридик шахслар учун - 4 йил, жисмоний шахслар учун 8 йилни ташкил этади.
Мобил қурилмалар рўйхатга олинади
2019 йил 1 ноябрдан жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.
Тегишли низомга кўра, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига мурожаат бўйича амалга оширилади.
Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.
Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади
Республика ҳукуматининг шу йил 30 сентябрдаги қарори билан тутинган ота-оналар курсларини ташкил этиш, салоҳиятли васийлар ва ҳомийларни, оилавий болалар уйлари тарбиячи ота-оналарини танлаш, кузатиб бориш ҳамда назорат қилиш тартиби тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб "Meҳpибoнлик" уйлари ва болалар шаҳарчаларида тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари бу курсларнинг муассислари бўлади. Шунингдек, нодавлат ташкилотлар ва жисмоний шахслар ҳам Халқ таълими вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда тайёрлов курсларини ташкил этишлари мумкин.
Курслар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилаётган (патронат) ёки оилавий болалар уйига олаётган шахслар, яъни тутинган ота-оналар учун мўлжалланган. Машғулотларни ижтимоий муаммолар соҳаси мутахассислари олиб боради. Улар бўлғуси тутинган ота-оналарга ҳуқуқий, психологик-педагогик ва тиббий ёрдам кўрсатадилар. Ўқиш тугаганидан кейин тингловчиларга сертификат берилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб тутинган ота-оналар фақат бундай ҳужжатга эга бўлган шахслар орасидан танланади.
Давлат хизматлари учун навбатни масофадан бронлаш мумкин
Бугундан бошлаб Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрувчилар онлайн режимда электрон навбатга ёзилиши мумкин. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги расмий сайти хабар бермоқда.
Мамлакат бўйлаб тегишли ускуналар ўрнатилган 110 та Давлат хизматлари марказида навбат учун чипта олиш имконияти яратилган, бироқ жойни фақат марказга ташриф буюриладиган кунда бронлаш мумкин эди. Яъни, навбат олиш учун шахсан келиб инфокиоскда рақамли чипта олишга тўғри келарди.
1 ноябрдан эса "Олдиндан навбатга ёзилиш" функцияси ишга тушди. Унинг ёрдамида ДХМга ташриф буюриш учун мос келадиган кун ва вақтни олдиндан танлаш мумкин.
Навбатда жойни бронлаш учун davxizmat.uz сайтига кириб, ўзи жойлашган жойни белгилаш етарли. Тизим автоматик тарзда яқин жойлашган ДХМни таклиф қилади. Шундан кейин яқин орада жойлашган марказни танлаб, зарур хизматни белгилаш лозим, сўнгра рақамли навбат чиптаси шакллантирилади.
Ж.БОЙМУРОДОВ тайёрлади.