Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.10.2021


1 НОЯБРДАН АМАЛДА

Жамиятда кечаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, аниқ мақсадларни ўзида мужассам этган турли меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши, ишлаб чиқилиши, мавжудларига ўзгартишлар киритилиши ислоҳотларга янада кенг йўл очади. Шунингдек, бу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида қилинаётган ҳаракатлар шиддатини ҳам ўзида акс эттирадики, қайсидир соҳа, йўналиш, аҳолининг муайян қатлами ҳаёти, фаолиятига таъсир кўрсатади. Демак, жорий йилнинг 1 ноябридан амал қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. 

Фуқаролар йиғини ходимларининг ойлик лавозим маошлари ошади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан:

ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади.

 Давлат хизматлари кўрсатиш кечиктирилса, тўловнинг 50 фоизи қайтарилади

Президентнинг "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно);

Давлат хизматлари марказлари, "Лицензия" ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан уч иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга бир иш кунида қайтарилади. Бунда:

ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан сўзсиз (акцептсиз) тартибда ундириб олинади;

ариза берувчига тегишли давлат хизмати тўлиқ ҳажмда кўрсатилади.

Импорт қилувчилар учун яна бир қулайлик

Давлат раҳбарининг "Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонига биноан:

хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади. Бунда:

республика ҳудудига олиб кирилаётган шу турдаги маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу маҳсулотлар божхона ҳудудига келишидан камида 15 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштирилиши шарт;

маҳсулотларни "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига ўтказиш давлат божхона хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан расмийлаштирилган тегишли мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда йигирма тўрт ой давомида импорт қилишга рухсат этилади. Бунда:

мазкур тартиб мувофиқлик сертификатида кўрсатилган айнан бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулот турларига нисбатан амал қилади;

импорт қилувчининг маҳсулотлар мувофиқлиги тўғрисидаги декларацияси давлат божхона хизмати органлари томонидан маҳсулотни "эркин  муомалага чиқариш" божхона режимига ўтказиш учун асос бўлади;

мазкур соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун ушбу товарларни олиб кираётган тадбиркорлик субъектлари жавобгар ҳисобланади.

 Шунингдек, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси ва урология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи   шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббий хизмат кўрсатадиган Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномаси мавжуд давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларини ўз хоҳишига кўра эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

"Меҳр дафтари" тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан "Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.

* * *

Давлат раҳбарининг "Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:

Ўзбекистон номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинган кредитлар (қарзлар) лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланади.

* * *

Вазирлар Маҳкамасининг "Норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга кўра:

қурилиш ташкилотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи субъектлар фойдаланилган норуда қазилмалар тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган шаклларда солиқ органларига электрон шаклда солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали тақдим этади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo