Фуқаролар хавфсизлиги ва уларнинг осойишталигини таъминлаш мақсадида тузилган ушбу йўриқномага кўра, 2018 йилнинг 1 ноябридан республикамизда йўл ҳаракати тартиб-қоидаларига амал қилмай уни бузган пиёдалар маъмурий жавобгарликка тортилади.
- Бахтсиз ҳодисалар ичида энг кўп тарқалгани ва кишилар ҳаётига жиддий хавф солаётгани йўл-транспорт ҳодисаларидир, - дейди вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Акмал Бешимқулов. – Пиёда билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларида кўпроқ ҳайдовчига нисбатан чора кўрилган бўлса, эндиликда пиёдалар ҳам жавобгарликка тортиладиган бўлди. Пиёдалар автомобиль қатнов йўлларининг ўтиш мумкин бўлмаган жойларидан кесиб ўтганда ва бошқа йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаганда, тегишли тартибда маъмурий жаримага тортилади.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда жорий йилнинг 9 ойи давомида 545 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган бўлса, шундан 238 та ҳолат пиёдалар иштироки билан боғлиқ. Унда 512 нафар инсон турли тан жароҳати олган, 140 нафари вафот этган.
Сожида АЛЛАЁРОВА