Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.09.2021


1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА

 

Қонунчилик, турли соҳаларга оид меъёрий тартиб-таомиллар борасидаги ўзгариш, янгиланиш ва янгиликлардан вақтида хабардор бўлиб бориш ҳеч кимга зарар қилмайди. Аксинча, юзага келиши мумкин чалкашликлар, англашилмовчилик ва керак бўлса, ортиқча ҳаракатлардан тийилишга хизмат қилади. Бинобарин, мамлакат ҳаётида кечаётган ислоҳотлар турли йўналишлар бўйича қонунчилик ва давлатчилик ҳокимияти тузилмалари ваколатлари доирасида аввал ўрнатилган қатор тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш, янгиларини жорий қилиш заруратини юзага чиқараяптики, сизни анъанага биноан жорий йил 1 октябрдан кучга кириши белгиланган қуйидаги меъёрий янгиликлар билан ҳам таништириб ўтишни лозим топдик.  Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қатор назорат функциялари олиб ташланади

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қатор назорат функциялари олиб ташланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, давлат назоратини такомиллаштириш ва "Солиқчи - кўмакчи" тизими орқали уларга нисбатан маъмурий ва солиқ юкини камайтириш мақсадида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;

алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг - ташувчилар томонидан санитария қоидаларининг бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назоратни ташкил этиш (Транспорт вазирлиги); 

мулкчилик шаклидан қатъи назар экин майдонларида, томорқа ерларида, иссиқхона хўжаликларида фитосанитария ҳолати устидан доимий кузатув ва назорат олиб бориш; ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллашнинг сифати устидан назорат олиб бориш (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги);

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари маъмурий биноларини қуриш ишларининг сифати бўйича мониторинг олиб бориш (Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги);

акциз маркаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш, шунингдек, акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни савдо тармоғи (чакана, улгуржи) орқали сотишни назорат қилиш; халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармалар ҳамда илмий-техникавий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро шартномалар доирасида келтирилган асбоб-ускуналар (жиҳозлар, материаллар, ахборот ва ташкилий техника тизимлари ва воситалари) реестрини юритиш ва белгиланган тартибда назоратини амалга ошириш; чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаларининг эгалари томонидан мажбурий суғурта бўйича қонунчиликда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш (Давлат божхона қўмитаси);

иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқава сувларни чиқариб юбориш корхоналари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари сарфланишини назорат қилиш (Давлат солиқ қўмитаси);

қурилишда металл прокатининг қўлланилиши юзасидан тегишли назоратни таъминлаш (Монополияга қарши курашиш қўмитаси);

озиқ-овқат спирти ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш баланси бажарилишининг мониторингини таъминлаш, бунда баланс барча ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар бўйича бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш (Давлат статистика қўмитаси);

тегишли ҳудудда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни таъминлаш; ёқилғи-энергетика тармоқлари маҳсулотларига шартномавий (эркин) нархлар ва тарифларнинг шакллантирилиши ва қўлланишининг тўғрилигини доимий назорат қилиб бориш; ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш; коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш; тиббий ёрдам сифатининг клиник-статистик стандартларига риоя этилишини назорат қилиш; йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини амалга ошириш (Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари) назорат функциялари бекор қилинади.

"Масофавий электрон декларациялаш" божхона постлари ташкил этилади

Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида кейинги ой бошидан Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида тоифадан ташқари  мақомга эга бўлган "Масофавий электрон декларациялаш" божхона постлари  босқичма-босқич ташкил этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилган.

"Масофавий электрон декларациялаш" божхона постлари ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларацияларининг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширади.

Экспортчи корхоналарни рағбатлантириш кучайтирилади

Давлат раҳбарининг "Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони талабларидан келиб чиқиб, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми 20 миллион АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион АҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилади;

охирги ўн икки ой давомида 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилади.

Шунингдек, юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади

Ихтисослаштирилган (қуйида номлари келтирилган) давлат тиббиёт муассасаларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.

Ана шу янгиликни жорий қилиш Президентнинг "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Унга мувофиқ, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази; Академик Ё.Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази; Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази; Болалар миллий тиббиёт маркази имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига ўтказилади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиботлари такомиллаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиботларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан жорий этилган тартибга кўра, энди шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини амалга оширишда:

шаҳарсозлик ҳужжатлари объектларнинг хавф-хатарлар тоифаларининг таснифига мувофиқ "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали кўриб чиқилади;

давлат бюджети ва унга тенглаштирилган манбалар, давлат ва давлат ташкилотлари кафолатлари остида олинган ташқи инвестиция маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ишларнинг лойиҳа ҳужжатлари "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;

бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар лойиҳа ҳужжатлари объектлар хавф-хатарлар тоифаларининг таснифига мувофиқ аккредитация қилинган    эксперт ташкилотлари - юридик   шахслар, "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;

лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий экспертиза хулосаси эксперт ташкилоти томонидан ахборот тизимининг "Экспертиза хулосаларининг ягона реестри"га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади;

эксперт ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказганлик учун хизматлар ҳақини табақалаштирилган тартибда ҳисоблаш тизими жорий этилади;

эксперт ташкилотлари эксперт мутахассислари белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилади ва уларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади;

шаҳарсозлик ҳужжатлари сметасида қўлланилган ресурслар нархлари бўйича экспертиза хулосасини тайёрлашда қурилиш материалларининг жорий нархлари, машина ва   механизмлар хизмати учун ўртача нархлар ҳамда ўртача иш ҳақи тўғрисидаги давлат статистика маълумотларидан фойдаланиш услубиёти амалиётга татбиқ этилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

Президентнинг "Қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилади.

* * *

Энди Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Бу меъёрий кўрсатма давлат раҳбарининг "Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.

* * *

Президентнинг "Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

* * *

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида электр қуввати билан ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларидан фойдаланишни оммалаштиришга ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги тартиб-таомилларни соддалаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилганидек, кейинги ойдан электромобиллар алоҳида фарқловчи рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари билан таъминланади.

* * *

 "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.

Бу тартиб Президентнинг "Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ўрнатилмоқда.

* * *

Вазирлар Маҳкамасининг "Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан, энди автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтириш)га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

* * *

Президентнинг "Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган янги тартибга кўра, аукцион натижалари бўйича пул маблағлари Марказнинг махсус ҳисоб рақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисоб рақамига ўтказилади.

Ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситаларини реализация қилиш учун ўтказилган электрон онлайн-аукцион натижалари ҳақидаги баённома уни тақиқдан ечиш, шунингдек, аукцион ғолиби номига рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади.

* * *

Барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.

Бу ҳақда давлат раҳбарининг "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қайд қилинган.

Ички назорат тузилмаси коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланади.

* * *

Президентнинг "Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларидан келиб чиқиб, солиқ тўловчи томонидан тегишли халқаро уюшмага аъзо бўлиш учун аъзолик бадалларига ҳамда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириладиган ўзининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Бунда, мазкур солиқ имтиёзлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробаригача бўлган суммага, шунингдек, ўқув курсидан муваффақиятли ўтган ҳамда тегишли халқаро уюшма аъзоси сифатида аъзолик бадаллари тўловини ва кўрсатилган хизматлар учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда қўлланилади.

* * *

Давлат раҳбарининг "Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан, қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни  бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади.

Бунда:

қурувчи томонидан мазкур вазифани амалга ошириш учун шартномага асосан бошқарувчи ташкилот жалб қилиниши мумкин;

биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони эллик фоиздан ошган тақдирда мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo