Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.09.2023


1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА

Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 октябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

НТТ фаолиятини текшириш ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади

Президентнинг "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек:

нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда ўқитувчиларнинг тоифалари ҳамда битта синфда таълим олувчиларнинг максимал сонига қўйилган талаблар енгиллаштирилади;

нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларига спорт зални уларга ижара ва текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ҳамда белгиланган талабларга жавоб берадиган биноларда ҳам ташкил этишга рухсат этилади;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини текшириш ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.

Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри жорий этилади

Давлат раҳбарининг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади ва ушбу реестрни юритиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан камситмаслик шартларига риоя этилиши устидан назорат Рақобат қўмитасига юклатилади;

Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди;

рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади;

давлат органлари давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рақобат муҳитига уларнинг таъсирини баҳолашдан ўтказиш учун Рақобат қўмитасига мажбурий тартибда киритади;

товар, молия ва рақамли бозорда устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг расмий веб-сайтларида сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг монопол турлари бўйича намунавий шартномаларни (оферталарни) жойлаштиради. Бунда, Рақобат қўмитаси ушбу шартномаларни доимий равишда рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган шартлар киритилганлиги ҳолатлари юзасидан ўрганиб боради;

асосий фаолияти табиий монополия шароитида товар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар табиий монополиялар соҳасида фаолият олиб борганда улар табиий монополия субъектлари ҳисобланмайди. Бунда, ушбу хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар (тарифлар) асоссиз оширилиши ёки нотўғри қўлланилиши, тадбиркорлар ва истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларининг камситилишига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қўлланилади.

Тадбиркорлик субъектларига молиявий санкциялар фақатгина суд тартибида қўлланади

Тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.

Бу норма Президентнинг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатилган.

Шунингдек, ушбу ҳужжат билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ: оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида "ижтимоий хизмат иши"ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда, ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилади.

 Давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари ижарага берилади

Президентнинг "Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) - балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун;

табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари - сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан, балиқ   таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун тадбиркорлик субъектларига "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилади.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия ажратилади

Ҳукуматнинг "Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қайд этилганидек:

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир шахс учун, уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

"Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан 2023 йил 1 октябрдан бошлаб:

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилади;

аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали қабул қилинади.

*  *  *

Шаҳарсозлик соҳасидаги лойиҳа бошқарувини ва техник назоратни, шу жумладан, йўналишлар бўйича назоратни олиб борувчи мутахассисларни;

лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторларни;

пудрат ташкилотларининг ички назоратини амалга оширувчи мутахассисларни фаолият йўналишлари бўйича ҳар уч йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади.

*  *  *

Тадбиркорлик субъектларига электрон тижорат фаолияти доирасида эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат берилади.

*  *  *

Сейсмик хавфсизлиги II - IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларида фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади.

*  *  *

Қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун электр энергиясининг қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи "яшил энергия" сертификатлари тизими жорий этилади. 

*  *  *

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан табиий газни қувурлар орқали ташиш (транзит) хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан табиий газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига давлат реестрига киритилган хроматограф ҳамда электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши ва солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши мажбурий этиб белгиланади.

*  *  *

Электр ва газ тармоқлари ва қурилмаларини қуришда лойиҳа ҳужжатларини ваколатли органлар билан келишиш тегишлича электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминотлари орқали аниқ муддатларда амалга оширилади.

*  *  *

 Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика "Она ва бола скрининг" маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази;

ҳудудий перинатал, аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда "Она ва бола скрининг" марказлари негизида Марказнинг 14 та ҳудудий филиали ташкил этилади.

*  *  *

Адлия вазирлигининг алоқа маркази ("Call-марказ") ёки расмий веб-сайти орқали давлат хизматларидан фойдаланиш учун юборилган аризалар бўйича махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш бошланади.

*  *  *

"Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади.

*  *  *

Республикадаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларини амалга ошираётган субъектлар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан экологик аудит ўтказиш ишлари ташкил этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo