Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, одамлар турмуш фаровонлигини муттасил юксалтириб бориш, жамиятда қонун устуворлиги тамойилини мустаҳкамлаш мақсадларига мувофиқ янги меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши, ишлаб чиқилиши, мавжудларига ўзгартишлар киритилиши замирида тараққиёт сари одимларимизни янада шаҳдамлаштириш муддаоси мужассам. Эртадан кучга кириши белгиланган қуйидаги ўзгариш ва янгиликларни ҳам ана шу талқинда таснифласак, тўғри бўлади.
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори ошади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 17 августда эълон қилинган "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармонига асосан: 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
Шу кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори - ойига 822 минг сўм;
базавий ҳисоблаш миқдори - ойига 270 минг сўм;
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори - ойига 289 минг сўм;
ёшга доир энг кам пенсиялар - ойига 565 минг сўм;
болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа - ойига 622 минг сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа - ойига 440 минг сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда - ойига 440 минг сўм;
белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори - ойига 623 минг сўм;
1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда - ойига 2 миллион 750 минг сўм бўлади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори - ойига 440 минг сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори - ойига 440 минг сўм этиб ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 минг сўмдан қўшилиши белгиланди.
Кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш кучайтирилади
Давлат раҳбарининг "Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек, эртадан бошлаб:
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача; тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади; унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади.
Якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.
Болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори: 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун - 250 минг сўм; ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанд учун - 325 минг сўм; оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча - 150 минг сўм; оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун - 100 минг сўм миқдорида белгиланган.
Кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори - 380 минг сўм бўлади.
Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.
Етим болалар бизнес лойиҳалари учун кредитлар навбатсиз ажратилади
Энди етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқланади. Бу ҳақда Президентнинг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этилган.
Шунингдек, ушбу ҳужжат асосида янгидан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади;
ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача миқдорда компенсация қилинади;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.
Бундан ташқари, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурида белгиланган маблағлар ва тартиблар доирасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уларнинг бизнес лойиҳаларида кўзда тутилган мақсадларга кредитлар навбатга қўйилмаган ҳолда ажратилади;
етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка ва ҳомийликка олган "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга қўйилган оилаларга ушбу болалар 18 ёшга тўлгунига қадар маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида моддий ёрдам пули тўлаш амалиёти жорий этилади.
Жорий йил 1 сентябрдан кейин ногиронлиги бўлган болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган тўловлар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдоригача етказилади.
Меҳнат мигрантларининг айрим харажатлари компенсация қилинади
Президентнинг "Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга кўра, кейинги бир йил давомида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан "lаbоr-migrаtiоn" дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:
хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;
йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда;
ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга "ишчи виза"ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда компенсация тўланади.
Онлайн-аукцион иштирокчилари ҳуқуқлари ишончли ҳимояланади
Давлат раҳбарининг "Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан "E-auksion" электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади ва унга мувофиқ:
иштирокчиларга, шу жумладан, чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;
аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;
аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;
сотилган объектнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, беш минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар ноҳалол иштирокчи сифатида электрон савдо платформасидаги аукционлардан четлатилади. Бунда, тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга аукционлардан четлатилади;
аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармон ва қарорларига асосан 2021 йил 1 сентябрдан:
2021 - 2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ доллардан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг хом ашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.
* * *
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга раҳбар ва педагог кадрларни ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади.
Агентлик тизимидаги мактаблар тўгарак раҳбарларининг базавий тариф ставкаси миқдори давлат умумий ўрта таълим муассасалари олий маълумотли ўқитувчиси базавий тариф ставкасининг 80 фоизи миқдорида белгиланади.
* * *
Республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.
* * *
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилади.
* * *
Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади.
* * *
Айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади.
Энди техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий ва маъмурий жарима кўринишидаги таъсир чоралари кўрилади.
* * *
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини таъсис этилади.
Бунда, соврин учун мусобақалар умумтаълим мактаблари ўртасида қуйидаги уч босқичда ташкил этилган ҳолда:
биринчи босқич - туман ва шаҳарларда ўтказилиб, ғолиблар 100 миллион сўмгача;
иккинчи босқич - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, ғолиблар 250 миллион сўмгача;
учинчи босқич - республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар 500 миллион сўмгача пул маблағлари билан мукофотланади.
* * *
Масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб бекор қилинади.
* * *
Ҳайдовчилардан автомототранспорт воситасини бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни автомототранспорт воситаси ҳайдовчисидан талаб этиш тартиби бекор қилинади.
* * *
Ички ишлар органларининг сержант таркибидаги лавозимларида хизматни ўташ учун фақат олий маълумотга эга бўлган шахслар қабул қилинади.
Шунингдек, ички ишлар органларининг сафдор таркибидаги лавозимларига номзодлар фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий-академик лицейлар битирувчилари, профилактика инспекторининг ёрдамчилари, шунингдек, олий маълумотга эга ёки сиртқи таълим шакли бўйича таҳсил олаётган шахслар орасидан қабул қилинади.
* * *
Монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
* * *
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини харид қилиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги миқдорларда компенсация тақдим этилади:
миллий валютада кредитлар бўйича - тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
хорижий валютада кредитлар бўйича - тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми.
Кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида кафиллик тақдим этилади.
* * *
Малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади.
* * *
Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари бутун республика ҳудудида кўрсатилади.
* * *
Рақамли кўникмаларни эгаллаш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган ихтисослаштирилган мактабларнинг "Информатика ва ахборот технологиялари" фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
* * *
Олий таълим муассасаларининг "Физика", "Биотиббиёт физикаси", "Физика ва астрономия" каби бакалавриат таълим йўналиши талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ва физика бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари физика мутахассисликлари бўйича қабул параметрларидан ташқари давлат гранти асосида магистратурага ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:
физика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти;
физика фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.