Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 сентябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Пенсиялар ва нафақалар миқдори оширилади
Президентнинг "Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармонига асосан пенсиялар ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилади. Бунда: пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори - ойига 428 000 сўм этиб; ёшга доир энг кам пенсия миқдори - ойига 834 000 сўм этиб; ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори - ойига 920 000 сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари қуйидагича бўлиши қайд этилган: иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори - ойига 920 000 сўм;
меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори - ойига 920 000 сўм;
1941 - 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда - ойига 4 056 000 сўм;
белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (834 000 сўмдан) 920 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори - ойига 920 000 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори - ойига 745 000 сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда - ойига 745 000 сўм;
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори - ойига 745 000 сўм;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори - ойига 745 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 244 000 сўмдан қўшилади;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори - ойига 745 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Бу ҳақда Президентнинг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.
Шунингдек, ушбу ҳужжатга асосан пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш, ногиронликни белгилашда эса ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилади.
Ижод мактабларининг юқори синф ўқувчилари касбларга ўргатилади
Давлат раҳбарининг "Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида: ижод мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчиларини Маданий мерос агентлиги билан биргаликда гид, таҳрирчи ва реставратор ёрдамчиси касбларига;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда теле- ва радиоканалларда режиссёр ёрдамчиси, овоз ёзиш режиссёри ассистенти, муҳаррир ёрдамчиси ҳамда репортёр касбларига;
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда босма нашриётларда муҳаррир ва дизайнер касбларига;
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг ҳудудлардаги филиаллари билан биргаликда сканерлаш ва рақамлаштириш ҳамда рақамлаштирилган ресурсларни қайта ишлашга оид касбларга;
Маданият вазирлиги билан биргаликда театрларда санъатшунослик, актёрлик санъати, режиссёрлик, халқ ижодиёти соҳаларидаги касбларга ўргатиш бўйича амалий дарслар жорий қилинади.
ДЙҲХХ қарор ва хабарномалари юзасидан ЯИДХП орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3 июлдаги 382-сонли қарорига мувофиқ: йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади;
мазкур хизмат ДЙҲХХнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграллашган платформасига интеграция қилган ҳолда ЯИДХП орқали кўрсатилади.
Жисмоний ва юридик шахслар йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан ДЙҲХХга анъанавий (оғзаки ёки ёзма) тарзда мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларига асосан жорий йил 1 сентябрдан бошлаб:
"Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасига аъзо бўлган аффинаж корхоналарига "Олмалиқ КМК" АЖ ва "Навоий КМК" АЖдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида 100 фоиз олдиндан тўлов шартларида қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни қулай бўлган шакл ва миқдорларга келтирган ҳолда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга сотиш ҳуқуқи берилади;
заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга ўзлари ясаган ярим тайёр заргарлик буюмларини бошқа заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга реализация қилишга рухсат этилади.
* * *
Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни белгилаган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил (биринчи босқичда - 10 йил; инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра: иккинчи босқичда - 10 йил; учинчи босқичда - 29 йил) муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
* * *
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг давлат инспекторларига тезкор назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан олдиндан келишмасдан, ўтказилган текширув ҳақида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида Вакилни мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш ваколати тақдим этилади.
* * *
Электрон дўкон воситасида давлат харидларини амалга оширишда нарх ва бошқа шароитлар тенг бўлган ҳолларда, электрон дўкон воситасида давлат харидларини амалга оширишда устуворлик бериладиган кичик тадбиркорлик субъектлари бўйича мезонларнинг бири асосида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таклифлари устунликка эга бўлади.
* * *
Жисмоний шахслар ва мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай юридик шахс томонидан йўллар, тротуарлар ва бошқа йўл инфратузилмаси объектларида қурилиш ишларини олиб бориш, йўл объектини ҳар қандай кўринишда таъмирлаш, бузиш, қазиш, ўзгартириш ёки реконструкция қилиш фақатгина тегишли рухсатнома олингандан сўнг амалга оширилади.
* * *
2027 йил 1 январга қадар ёшларнинг немис, француз, корейс, хитой ва япон тиллари бўйича халқаро имтиҳон тизимларида имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилиши учун улар томонидан тўпланиши лозим бўлган балл (сертификат даражаси)нинг минимал кўрсаткичи бир поғона пасайтирилади ҳамда мазкур харажатлар Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида қопланади.
* * *
Санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари, шунингдек, экофаоллар ва жамоатчилик экология назоратчиларининг 100 нафарини ҳар ойда бир марта велосипед ва бошқа мукофотлар билан тақдирлаш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
Менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб директорларига (50 фоиз), мактаб директори ўринбосарларига (30 фоиз) ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устамалар тўланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.