Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

27.12.2023


1 ЯНВАРДАН АМАЛДА

 Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал Янги йилнинг биринчи куни, яъни 2024 йил 1 январдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз. 

Ўрмон фонди участкалари фақат “E-auksion” платформаси орқали ижарага берилади

Президентнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан:

атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага ва II тоифага кирувчи янги объектларни лойиҳалаштиришда юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва (ёки) локал сув тозалаш иншоотлари ўрнатилиши кўзда тутилмаган лойиҳаларни давлат экологик ва шаҳарсозлик экспертизаларидан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларни, уларни ўрнатмаган ҳолда фойдаланишга қабул қилиш ман этилади;

уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) ҳисобланади;

давлат ўрмон фонди участкалари фақат “E-auksion” платформаси орқали ижарага берилади.

Шунингдек, жамоатчилик экология назоратчиларига улар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, қонунчиликда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун жорий қилинган пенсияни ҳисоблаш учун иш стажини ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.

Хавф-хатарлик даражаси III-IV тоифа бўлган барча янги қурилиш объектлари лойиҳалари, шу жумладан, гидротехника иншоотлари лойиҳалари қурилиш зонасидаги иқлим билан боғлиқ хатарларни ҳисобга олиш бўйича Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан бериладиган мониторинг маълумотлари асосида амалга оширилади.

Сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади

Давлат раҳбарининг “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан:

 умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик касбларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган талабгорларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилади;

давлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади.

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасалари директорларини ҳар беш йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизими жорий этилади. Бунда, сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.

Бола туғилганидан сўнг, доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган умумий ўрта таълим муассасасида онлайн ҳисобга қўйилади.

Микроқарзнинг энг юқори миқдори 100 млн сўмгача оширилади

“Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланганидек:

микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади;

микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;

микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан нобанк кредит ташкилотининг устав капиталидаги улушга эгалик қилиш учун Марказий банк дастлабки рухсатномасини олиш талаби қонунчиликда белгиланган 10 фоизлик улушни 20 фоизга ошириш орқали юмшатилади. Бунда, олинаётган улуш миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда Марказий банкни хабардор қилиш тартиби жорий этилади;

тижорат банкларига микромолия ташкилотларига кредит ажратишда уларнинг кўрсатилган микромолиявий хизматлари бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини гаровга олиш ҳуқуқи берилади.

Хусусий сектор футбол тренерларини ҳам “биринчи тренер” тамойили асосида рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади

Давлат раҳбарининг “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

профессионал футболдаги фаолиятини якунлаган футболчи ва мутахассисларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ижобий хулосаси асосида уларнинг хусусий секторда амалга оширадиган футболни ривожлантириш лойиҳалари учун, истисно тариқасида, Марказий банк асосий ставкасида “Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ, “Асакабанк” АЖ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан миллий валютада 1,5 миллиард сўмгача 5 йилдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли кредит ажратилади;

мазкур кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 5 фоизлик пунктидан юқори қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тақдим этилади;

ҳудудий футбол академиялари бино-иншоотлари ҳамда уларнинг ҳудудидаги бўш турган ер майдонларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қонунчиликда белгиланган тартибда мақсадли футбол лойиҳаларини амалга оширишга рухсат берилади.

Шунингдек, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) талабларига мувофиқ “биринчи тренер” тамойили асосида футбол тренерларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда

“Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади

Президентнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан:

давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланади, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;

банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Болалар миллий тиббиёт марказида гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилади;

вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

Яна, ушбу ҳужжатга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш тартиби;

давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан ҳар йили амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари қийматининг камида 5 фоизини облигациялар чиқариш орқали молиялаштириш тартиби жорий этилади;

аҳолига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилади ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади;

босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади;

биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслаҳатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади;

тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиши (хабар қилиш) тартиби жорий этилади;

аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланади.

“Тўсиқсиз туризм” дастури амалга оширилади

Туроператорлар томонидан туристик оқим паст бўлган хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига олиб келинган ҳар бир турист учун Давлат бюджети ва Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда 20 АҚШ долларидан 100 АҚШ долларигача бўлган эквивалентда рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилади.

Бу ҳақдаги норма давлат раҳбарининг “Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилган.

Яна, ҳужжатга асосан 3 юлдузли тоифа учун 60 та хонадан кам бўлмаган, 4 ва 5 юлдузли тоифа учун 120 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга беш қаватдан паст бўлмаган меҳмонхона 2026 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач, инвесторларнинг янги меҳмонхонани қуриш (реконструкция қилиш бундан мустасно) ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда қоплаб бериш тизими жорий қилинади:

3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм;

4 ва 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўм.

Бунда, республика бўйича тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар мавжуд бўлмаган туман (шаҳар)ларда янгидан қуриладиган дастлабки 2 та 4 ёки 5 юлдузли ҳамда дастлабки 3 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхонага мазкур харажатлар 50 фоизга оширилган миқдорда қоплаб берилиши белгиланган.

Шунингдек, қарор талабларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳат қилишлари учун қулай муҳит яратишга қаратилган “Тўсиқсиз туризм” дастури амалга оширилади.

Эвакуатор ва жарима майдони тўловини ҳамма

ўзича белгилай олмайди

“Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳукумат қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали очиқ танлов асосида танлаб олинади;

қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва олиб чиқиб кетишга рухсат бериш Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона ахборот тизимига ҳамда ушлаш ваколатига эга бўлган давлат органларига интеграция қилинган “Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали амалга оширилади;

транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш (ташиш) ҳамда сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг чекланган миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Шунингдек, 2024 йил 1 январдан - Президентнинг тегишли фармонларига асосан:

фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини ижобий клиник синовлар натижалари, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда сертификатлаш жараёнлари асосида ўн йилгача бўлган муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади.

*  *  *

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.

*  *  *

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан болалар уйлари; Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан меҳрибонлик уйлари; маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимидан вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилмасига ўтказилади.

*  *  *

Маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилади.

*  *  *

Пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш республиканинг барча ҳудудларида электрон шаклга ўтказилади ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади.

 - давлат раҳбарининг тегишли қарорларига асосан:

тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизигача жойлаштиришга, истисно тариқасида, рухсат берилади.

*  *  *

Аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими жорий этилади.

*  *  *

Республика ҳудудига олиб кирилган ҳамда белгиланган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар (маҳсулотлар) ва уларни олиб кирувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлигига реал вақт режимида тақдим этиб борилади;

кимёвий моддалар (маҳсулотлар) фақат фавқулодда вазиятларнинг (ёнғинларнинг) олдини олиш ва саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган омборларда сақланишига рухсат берилади.

*  *  *

Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;

фуқароларга давлат пенсиялари тайинланганидан сўнг уларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки АТ “Халқ банки”нинг мобиль иловаси орқали олиш имконияти яратилади.

*  *  *

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифлар маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, жорий харажатлар, тизим объектларини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари, молиявий харажатлар, солиқлар (сувнинг технологик жиҳатдан нормативдан юқори даражада сарфланганлиги ва йўқотилганлиги учун солиқлардан ташқари) ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг сақлаш харажатлари ҳамда ташкилотларнинг рентабеллик даражасидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

*  *  *

Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади;

йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади.

*  *  *

Юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечиб, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади.

*  *  * 

Давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишга ихтисослашган “Ижтимоий хизмат дарчалари” фаолияти тўлиқ ташкил этилади.

*  *  *

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади.

*  *  *

Иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказилади;

солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати беш йилдан уч йилга туширилади.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

*  *  *

 “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

*  *  *

Кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими орқали тегишли мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин амалга оширилади.

*  *  *

Оториноларингология ва юз-жағ жарроҳлиги йўналишларидаги тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.

*  *  *

Рейтинг давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бўйича умумий аниқланади;

сўнгги беш йил давомида рейтингда биринчи 10 талик ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотлари навбатдаги комплекс давлат аккредитациясидан озод қилинади.

*  *  *

Инвесторларнинг йўловчи ташувчи янги дор йўлларини тегишли хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда қуриш ва жиҳозлаш учун йўналтирилган харажатларининг бир қисми уларни 2025 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш ва узунлиги бир томонга камида 500 метр бўлиши шарти билан ҳар бир 500 метр йўл учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида қопланади.

*  *  *

Сейсмик фаол зоналарда жойлашган шаҳарларнинг бош режалари лойиҳаларини тегишли ҳудудларнинг сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарига асосланган ҳолда ишлаб чиқиш амалиёти жорий қилинади.

*  *  *

“Шахмат стипендияси” таъсис этилади.

Хусусий шахмат клубларига улар томонидан шахмат тўгаракларини ташкил этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун давлат мулки объектлари ва ҳудудлардаги “Ёшлар марказлари”дан ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) жой ажратилади.

*  *  *

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида ўтказиладиган ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режаси асосида амалга оширилиши йўлга қўйилади.

*  *  *

Республикада қуриб битказиладиган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларининг лойиҳаларига мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станцияларини киритиш талабини белгиланади.

*  *  *

Сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади (бундан жисмоний шахсларга шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун якка тартибда суткасига 5 куб метргача бўлган миқдорда ер ости сувларини олиш мустасно).

*  *  *

Янги қуриладиган, қуввати 1 МВтдан юқори бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида ушбу станцияларнинг ўрнатилган қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими мажбурий тартибда жорий этилади.

*  *  *

Масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчиларга ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб амалга оширилади.

*  *  *

Нодавлат тиббиёт ташкилотларида қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимларнинг гепатит “В” инфекциясига қарши эмланган бўлиши ҳамда Реестрнинг белгиланган тартибда юритилиши тиббий фаолиятни лицензиялаш талаблари ва шартларидан бири ҳисобланади.

*  *  *

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан:

шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг иш вақти табеллар, йўл варақлари, чиптани ҳисобга олиш варақлари тахограф кўрсаткичига асосан ҳисобга олинади.

*  *  *

Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг ёки уларнинг вакилларининг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш бўйича мурожаатлари туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари орқали (2024 йил 1 июлдан бошлаб ЯИДХП орқали ҳам) қабул қилинади.

*  *  *

Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш (ёнғин аудити);

бозорлар ва савдо комплексларига тегишли бино ва иншоотлар мулкдорларининг жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тартиблари жорий этилади.

*  *  *

Эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Report typo