Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 январдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Президентнинг тегишли фармонларига асосан:
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.
***
Меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади.
***
Техникумларнинг директор ва директор ўринбосари лавозимларига талабгорларни очиқ танлов асосида танлаш тартиби жорий қилинади.
***
Мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячи-методист лавозими негизида амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади.
***
Қамров даражаси паст бўлган давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг бўш турган ер участкаларида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат этилади.
***
Камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
***
Ер фондининг барча тоифалари ва ер турлари, шу жумладан, олдиндан мавжуд ва янгидан ажратиладиган (реализация қилинадиган) ер участкалари учун ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилади.
***
Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар - тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади.
***
Жисмоний шахсларнинг фуқаролик ҳолати ҳамда уларнинг шахсига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади.
***
Қурилиш ташкилотларига “яшил” уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан бир фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.
***
Ўзбекистон Республикасида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.
***
Туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар томонидан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг болаларига таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишга ёрдам берилиши таъминланади.
***
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.
***
Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини импорт қилишда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим бекор қилинади.
***
Давлат раҳбарининг тегишли қарорларига биноан:
Қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб беришда амалдаги қонунчиликка мувофиқ қўлланиладиган имтиёзлар (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ва молиявий ёрдамлар) фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дилерлар орқали муомалага чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникаларига нисбатан татбиқ этилади.
***
Ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган товарларни таклиф этишнинг давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ўрнатиш ва офтейк шартномалар тузиш каби имкониятларни назарда тутувчи очиқ ва шаффоф Ишлаб чиқарувчилар экотизими жорий қилинади.
***
Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига соғлиқни сақлаш тизимида мақбуллаштириладиган штат бирликлари ҳисобидан онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор; мобиль ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штат бирликлари киритилади.
***
Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан педагогик фаолиятни доимий асосда амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга “А-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга мамлакат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома беришда ундириладиган йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан бир бараваригача камайтирилади.
***
Фуқароларнинг хориждаги қонуний меҳнат фаолияти давлат томонидан рағбатлантирилади, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасига қайтиб келганида уларга ўз бизнесини бошлаши учун ер участкалари ва давлат мулки объектлари ижарага берилади, кредитлар ажратилади, уй-жой ипотекаси тақдим этилади ва уларнинг бандлиги таъминланади.
***
Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилишни кучайтириш, иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги мувозанатли меҳнат муносабатларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнат соҳасидаги низоларни ҳал этишни медиация усулида видеоконференцалоқа шаклида амалга ошириш тизими жорий этилади.
***
Камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.
***
Вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштирокини таъминлайди.
***
“subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилиши йўлга қўйилади.
***
Ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
***
Давлат дастурлари доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва объектларни фойдаланишга қабул қилишда қурилиш харажатларни баҳолашнинг “ҳажм” услубига (ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишга) ўтилади.
***
Суғурталовчиларнинг ҳисоботларини соддалаштириш, автоматлаштириш ва ягона ахборот тизимида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш чоралари кўрилади.
***
Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш, маҳсулотларни давлат рўйхатига олиш, мувофиқликни баҳолаш органлари ва синов лабораториялари томонидан синов баённомалари, мувофиқлик сертификати ва декларацияни расмийлаштириш жараёнлари фақат “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими орқали амалга оширилади.
***
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этилади;
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган коммунал харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
***
Ҳудудий футбол академиялари, мактаблари ва бошқа давлат футбол-таълим муассасалари тренерларининг Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот марказидан мажбурий равишда тегишли лицензияларни олгандан сўнг фаолият кўрсатиш амалиёти жорий қилинади.
***
Янгидан бошланадиган йўл-қурилиш объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан, хусусий сектор томонидан амалга оширилади.
***
Маданият вазирлиги тизимидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари директори, директор ўринбосарлари, ўқитувчи ва концертмейстерларининг иш ҳақи миқдорлари 10 фоизга оширилади.
***
Уяли алоқа хизматларига акциз солиғи солинмайди.
***
Республика ҳудудида реализация қилиш учун олиб кириладиган ва маҳаллий ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан мажбурий тартибда тамғаланади.
***
Ҳукуматнинг тегишли қарорларига мувофиқ:
Олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини иш берувчи корхона ва ташкилотларда ҳам ташкил этиш амалиёти жорий қилинади.
***
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
***
Фармацевтика маҳсулотларининг постмаркетинг назорати амалиётга жорий этилади.
***
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув транспорти воситаларидан (бундан электромоторли сув транспорти воситалари мустасно) фойдаланиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги учун: моторли қайиқлар ва гидроцикллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари; катер учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари; яхталар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида йиллик компенсация тўловлари ундирилади.
***
Ўзбекистон миллий вақт шкаласи (UTC (UZ) жорий этилади ва ундан Ўзбекистон Республикасининг аниқ вақти сифатида фойдаланилади.
***
Шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида сертификатга эга бўлмаган: мутахассисларга хавфлилик даражаси II, III ва IV тоифали қурилиш объектларининг, шунингдек, бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган I тоифали қурилиш объектларининг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, техник назоратни амалга ошириш, қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш ва назорат ўлчовини амалга ошириш;
жисмоний шахсларга кўп квартирали уйларнинг бошқарув органларига раҳбарлик қилиш тақиқланади.
***
Педагог кадрларга халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш ҳамда сертификат олган педагог кадрларга базавий тариф ставкасининг 70 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш амалиёти жорий этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.