Фармон ва шарҳ
2023-2027 йилларда вилоятимизда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган 10 минг гектар ер майдонларида янги тутзорлар барпо қилинади.
Йиллар кесимида оладиган бўлсак, воҳамизда янги тут плантациялари жорий йилда 660 гектарда, кейинги тўрт йилда эса тегишли равишда 1 минг 220, 2 минг, 2 минг 510 ва 3 минг 610 гектарда вужудга келади. Ҳудудлар кесимида эса энг кўп тутзорлар (1 минг 650 гектардан) Шаҳрисабз ва Китоб туманларида пайдо бўлади. Ўз навбатида Қарши, Косон, Қамаши, Муборак, Чироқчи ва Яккабоғ туманларининг ҳар бирида 1 минг гектардан, Кўкдала туманида 700 гектарда тут дарахтлари экилади.
Янги тутзорларни барпо қилиш билан боғлиқ шу ва бошқа прогноз кўрсаткичлари мамлакат Президентининг жорий йил 1 июндаги "Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан тасдиқланган.
Мазкур ҳужжатга асосан шу йил июнь ойидан бошлаб ҳудудларда янги пиллачилик кластерлари ҳамда пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги янги фермер хўжаликлари ташкил этилади. Бунда кластерлар тут кўчатларини етиштириб, тутзорларни барпо қилиш ва ипак қуртини парваришлаб, пилла хом ашёсини тайёрлаш билан шуғулланса, фермер хўжаликлари ипак қуртини парваришлаш, етиштирилган пилла хом ашёсини харид қилиш, қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, тайёр маҳсулотни ички бозорга йўналтириш ва экспорт қилиш билан машғул бўлади.
Пиллачилик кластерлари ҳамда пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан янги тутзорлар барпо қилиниши учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер майдонлари (республика миқёсида 105 минг гектар) ажратилади. Жумладан, вилоятимидаги 10 минг гектардан 2 минг 927,6 гектари мазкур қўмитанинг доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида янгидан ажратиладиган ер майдонлари бўлса, қолган 7 минг 72,4 гектари унинг доимий фойдаланишидаги мавжуд яйловлардир.
Фармонда белгиланганидек, янги тутзорлар барпо қилиш учун ер участкалари 10 гектардан кам бўлмаган ўлчамда пиллачилик кластерлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, истисно тариқасида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси билан тузиладиган инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Бунда, мазкур қўмита, "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пиллачилик кластерлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танлаш ва шакллантиришга масъул ҳисобланади.
Янги тутзорлар барпо қилиш учун ер участкаларини пиллачилик кластерлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ижарага бериш тартибини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш учун мутасадди вазирлик ва идораларга икки ой муддат берилди.
Фармонга биноан ҳудудий "Агропилла" масъулияти чекланган жамиятларига тегишли бўлган ва аҳолига оилавий пудрат шартномаси асосида бириктириладиган тутзорлар майдони 0,5 гектардан 2 гектаргача этиб белгиланган. Бунда эскирган тутзорлар уларни реконструкция қилиш шарти билан пиллачилик уй хўжаликларига бириктирилиши қайд этилди. Бу жараён, табиийки, аҳоли билан олдин тузилган оилавий пудрат шартномалари муддатлари тугагандан сўнг амалга оширилиб, пиллачилик уй хўжаликларининг фаолияти пиллачилик кластерлари билан кооперация асосида йўлга қўйилади. Тут қаторлари орасига сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни экишга рухсат берилади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларининг ёрдамчилари оилавий пудрат шартномаси шартлари асосида пиллачилик уй хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиб, аҳоли бандлигини таъминлашга шахсан масъул ҳисобланади.
Фармон билан ўрнатилган тартибга кўра, шу йил 1 июндан касаначилар, пиллачилик уй хўжаликлари ҳамда фермер хўжаликларига ипак қурти уруғи ва уни парвариш билан боғлиқ ресурслар, жумладан, тўшама қоғоз, термометр, полиэтилен плёнка, психирометр (инкубаториялар учун) ва бошқа зарурий ресурслар пиллачилик кластерлари томонидан бепул берилади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан майдони 10 гектар ва ундан зиёд гектардаги тутзорларга сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станцияларини қуришга ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг тегишли далолатномасига асосан субсидия ажратилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси 2023-2024 йилларда Осиё тараққиёт банкидан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини жалб этиб, ушбу сармояни тут етиштириш, пиллани қабул қилиш, саралаш, сақлаш ва қайта ишлаш комплексини қуриш чораларини кўради.
Ҳужжатда, шунингдек, ипак қуртини парвариш қилишда касаначиликни ривожлантириш ва пилла хом ашёси етиштиришнинг озуқа базасини кенгайтиришга қаратилган яна бир қатор муҳим чора-тадбирлар жамланган. Масалан, фармонга мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига зиммасига бир ой муддатда ипак қуртининг маҳаллий тоза зотлари супер элита уруғини яратиш ва ундан элита уруғликларини олиш ҳамда тутнинг янги навларини яратиш бўйича амалий, фундаментал ва инновацион лойиҳалар танловини эълон қилиш вазифаси юклатилган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади