Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

05.10.2023


10 ТА "ЛАСЕТТИ", 20 НАФАР ЯНГИ ИНСПЕКТОР, 3,5 МИЛЛИАРД СЎМ ПУЛ...

ЙҲХ бошқармаси бошлиғи депутатларни маҳаллий бюджет ҳисобидан янги патруль автомобиллари, қўшимча штат бирликлари ва қурилиш учун маблағ ажратишга чақирди

Вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи А.Садиров халқ депутатлари вилоят Кенгаши олдида ҳисобот бериб, Қашқадарё ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор таклифлар киритди.

Хусусан, ЙҲХ бошқармаси бошлиғи вилоятимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳар хил турдаги кузатувларни амалга ошириш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўзи раҳбарлик қилаётган бошқармага хизматда фойдаланиш учун 10 дона махсус "Лаcетти-2" русумли патруль автомобиллари ажратиш зарурлигини билдирган. Шу билан бирга А.Садиров воҳамиз ҳудудидаги автомобиль йўлларининг масофаси узунлиги, аҳоли ҳамда транспорт воситалари сони ортиб бораётгани ва ҳозирги кунда ЙҲХ бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида мавжуд штат бирликлари билан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш имкониятлари жисмонан чекланиб қолаётганини инобатга олиб, қўшимча 20 нафар йўл-патруль хизмати инспектори штат бирликлари жорий этиш муҳимлигини таъкидлаган. Бунинг учун ҳам керакли маблағ маҳаллий бюджетдан тақдим этилиши лозим экан. Айни пайтда бошқарманинг махсус эксплуатация-монтаж бўлимининг Қарши шаҳридаги марказий биносини якунланмай қолган қисмини қуриш ва таъмирлаш учун 3,5 миллиард сўм шартлиги билдирилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил 27 сентябрдаги қарорига мувофиқ мазкур таклифларни қонунда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш ва вилоят ҳокимлигига тегишли таклифларни киритиш учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қодиров ва вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Азизовга ўн кун муддат берилди.

Шунингдек, бир қатор мутасадди шахсларнинг зиммасига йўл ҳаракатини ташкил этиш ва йўл инфратузилмасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилди. Бу борада ижтимоий сўров ўтказилгани ва унинг натижаларига кўра, йўл ҳаракати иштирокчиларининг бугунги кунда йўл инфратузилмасининг қайси йўналишларидан қониқиш ҳосил қилмаётганлигига алоҳида эътибор қаратиш жоизлиги таъкидланди. Бундан ташқари, вилоят ҳудудида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларини чуқур таҳлил қилиб ва йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи омилларни ўрганиб чиқиб, билдирилган муносабатлар юзасидан таклифлар киритиш ҳам топширилди.

Депутатлар ижтимоий сўровномаларнинг ўтказилиши халқ билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамланишига хизмат қилишини инобатга олиб, кенг жамоатчиликнинг фикрини ҳар олти ойда бир марта шу тарзда ўрганиш  зарурлигини уқтиришди. Бироқ келгусида ўтказиладиган ижтимоий сўровномаларда йўл ҳаракати иштирокчиларининг кенг кўламда қатнашишлари учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш даркор.

Кенгаш қарорида автомобиль йўлларидаги "авария ўчоқлари" деб топилган пиёдалар ўтиш жойларига замонавий светофор қурилмаларини ўрнатиш, ЙҲХ бошқармаси махсус эксплуатация-монтаж бўлими томонидан вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси балансида бўлган автомобиль йўлларида ўрнатилган 29 дона светофор қурилмаси учун сарфланган 1 миллиард 350 миллион сўмни ушбу бўлим ҳисобига ўтказиб берилишини таъминлаш, аҳоли пунктларида йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритқичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш, йўл ҳаракати воситаларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирларни доимий равишда олиб бориш, ҳар бир туман ва шаҳардаги автомобиль йўлларида камида 2 донадан йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларни жойлаштириш талаблари ҳам акс эттирилди.

Ўз мухбиримиз

Report typo