Гап шундаки, мазкур жамият мулкдори туманда наслчиликни ривожлантириш борасида йирик лойиҳага қўл урган. Лойиҳа бир нечта босқични ўз ичига олган бўлиб, у келгусида хўжаликда боқиладиган наслдор моллар сонини 500 бошга қадар етказиш, кўп миқдорда гўшт ва сут етиштиришни кўзда тутади. Тадбиркор ўтган йил бошида худди шу лойиҳаси билан Касби туман ҳокимлигига мурожаат этган эди. Ҳокимлик томонидан ташаббус ўз вақтида қўллаб-қувватланиб, туманнинг 2017 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига ҳам киритилди. Бундан руҳланган сармоядор ишни дарҳол бошлаб юборди.
Шу йилнинг ўзида тижорат банкидан 300 миллион сўм миқдорида кредит олиб, импортёр ташкилот томонидан Украинадан олиб келинган 35 бош зотли қорамолни харид қилди. Наслли чорва молларини боқиш учун барча шарт-шароитларни ҳозирлади. Жорий йилда эса лойиҳанинг кейинги босқичини ҳам амалга оширди. Яъни тижорат банки орқали расмийлаштирилган Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг 117 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити эвазига жорий йил 2 сентябрь куни Украинадан яна 69 бош гўшт ва сут йўналишидаги “Қизилчўл” зотли сигир олиб келди. Бу билан айни кунда жамиятнинг сотиб олинган зотли моллари сони 104 тани ташкил этмоқда.
Жамият мулкдорининг туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли органларга қайта ва қайта қилган мурожаатларидан сўнг, уларга жорий йилнинг ноябрь ойи бошида чорва озуқаси етиштириш учун 25 гектар ер майдони ажратиб берилган. Тадбиркорни эса бу қониқтирмаяпти. Унинг таъкидлашича, ишни ривожлантириши учун бу ер жуда кам. У ўзининг хўжалигига мамлакатимиз қонунчилигида белгиланган тартибда ва нормада ер ажратилишини сўраяпти.
- Мазкур жамиятга мавжуд молларининг шартли бош сонидан келиб чиқиб ер ажратганмиз, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Суҳроб Муҳаммадиев. – Ҳар бир шартли молга 0,45 гектардан экин майдони ажратилади. Бизга туман чорва бўлими “Денов насл чорва” МЧЖнинг моллари ёш бўлгани учун иккитасини битта шартли мол ҳисоблаб, хулоса беришган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мазкур субъектнинг ҳар бир шартли молига 0,45 гектардан ер ажратилганда ҳам 24 гектар бўлади. Биз 25 гектар ер берганмиз. Агар туман чорва бўлимининг хулосасидан норози бўлишса, молларининг шартли бош сони кўплиги ҳақида вилоят чорва бўлимидан хулоса олиб келиши мумкин. Агар кўп бўлса, марҳамат, ерини ажратиб берамиз.
Ҳоким ўринбосарининг тушунтиришидан аён бўлмоқдаки, бу ерда тадбиркорнинг норозилигига асос бор.
Биринчидан, ҳоким ўринбосари айтганидек, мамлакатимиздаги мавжуд тартибга асосан, “бир бош шартли мол учун 0,45 гектар ер майдони ажратилади”, дейилганда оддий чорвачилик хўжаликлари назарда тутилган. “Денов насл чорва” МЧЖнинг фаолияти эса наслчиликка асосланган. Ушбу субъектга бундай мақом ва тегишли гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (ҳозирги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги) тасарруфида фаолият кўрсатган Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекциясининг 2017 йил 28 апрелдаги тегишли буйруғи билан қонуний тартибда берилган.
Наслдор чорвачилик хўжаликлари учун ер ажратиш тартиби эса Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрири 5-моддасида аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилибди. Унда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида наслдор чорвачилик хўжаликлари учун 1 бош шартли молга ажратиладиган суғориладиган майдон ҳажми 0,5 гектарни, қолган вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон республикасида эса 0,6 гектарни ташкил этиши кераклиги кўрсатилган.
Демак, мазкур жамиятнинг ҳар бир бош шартли моли учун 0,6 гектардан ер ажратилиши керак.
Иккинчидан, “бир бош шартли мол” тушунчасига аниқлик киритиш лозим. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси етакчи мутахассиси Фаррух Рустамовнинг тушунтириш беришича, бир бош соғин сигир ҳамда бир бош наслли буқанинг ҳар бири “бир бош шартли мол” ҳисобига юритилади. Қолган барча йирик шоҳли моллар 0,6 бош шартли мол ҳисобланади.
Шунга кўра, туман ҳокимлигидаги мутахассислар ҳам тадбиркорнинг ҳар иккита молини ўртача бир бош шартли мол ҳисоблаб, у қадар катта хато қилишмагандек. Чунки, хориждан олиб келинган вақтда ушбу молларнинг барчаси ҳали туғмаган эди. Аммо, бу ерда бир жиҳат назардан қочирилган. Молларнинг паспортида сотувчи ташкилот томонидан ҳар бирининг қайси санада сунъий қочирилгани ва қайси санада туғиши аниқ кўрсатиб қўйилган. Бу ҳужжатлар ҳокимликка ҳам тақдим этилган, лекин эътиборга олинмаган. Мисол учун, 8 ноябрь ҳолатида хориждан келтирилган молларнинг 17 таси туққан, яна 50 дан ошиғи бўғоз. Кўпи билан икки-уч ой ичида улар ҳам туғади. Демакки, қисқа вақт ичида мазкур субъектнинг моллари шартли бош сони камида 100 тани ташкил этади. Бу унинг учун 60 гектар ер ажратилиши керак деганидир.
Шу ўринда яна бир жиҳатни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, илгари наслчиликка асосланган чорвачилик хўжаликлари учун ер ажратиш тартиби алоҳида белгиланмаган эди. Ҳамма хўжаликлар учун бир хил – ҳар бир шартли мол бош сонига 0,45 гектардан ер ажратилган. Жорий йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги тегишли қонуни билан бу тартибга ўзгартириш киритилиб, наслчиликка асосланган чорвачилик хўжаликлари учун бериладиган ер миқдори оширилди. Демак, уларнинг фаолиятини ривожлантириш, етарли даражада қўллаб-қувватлаш учун бу зарур.
Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги мутасаддилари муаммони қонуний ва оқилона йўл билан ҳал этишади. Зеро, туманда тадбиркорлик ривожланса, бу энг аввало шу ҳудуднинг фаровонлигига хизмат қилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.