Битирувчиларни иш билан таъминлаш, коллеж ўқувчиларини олий ўқув юртида ўқишга жалб қилиш мақсадида ташкил этилган карьера куни анъанавий тадбир бўлиб, бу гал ҳам ҳар томонлама манфаатли тарзда ўтди. Маълумотларга қараганда, ўтган йили ТАТУ Қарши филиалини 221 нафар мутахассис тамомлаган бўлиб, уларнинг 94 фоизи ишга жойлаштирилган. Шу йўналишдаги коллежларни эса 2927 нафар йигит-қиз битирган ва улардан 91 фоизининг иш билан бандлиги таъминланган. Жорий ўқув йилида институтни 170 нафар, компьютер ва ахборот технологиялари коллежларини эса 2997 нафар ёш битираяпти. Улар карьера кунида ташкилотлардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан батафсил таништирилди.
- Бугунги тадбирда туманимиздаги корхона ва ташкилотларда мавжуд бўлган 418 та бўш иш ўрни билан иштирок этаяпмиз, - дейди Шаҳрисабз туман бандликка кўмаклашувчи марказ мутахассиси Гуллола Шерова. - Айни пайтда корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида ахборот технологиялари ҳамда компьютер бўйича 50 дан ошиқ мутахассисга эҳтиёжимиз бор. Ҳозирча ёш мутахассислар билан 15 дан зиёд шартнома имзоладик.
- Институтнинг ахборот таълим технологиялари йўналиши бўйича тамомлаяпман, - дейди битирувчи Суманбар Ҳасанова. - Бугунги тадбирда Нишон транспорт сервис коллежи билан шартнома имзоладим. Бакалавр дипломига эга бўлгач, шу коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаш баробарида магистратурада ҳам ўқишни режалаштираяпман.
Чироқчи туман бандликка кўмаклашувчи марказ томонидан таклиф этилган 35 га яқин иш ўрнининг 12 таси бўлажак мутахассислар томонидан банд қилинди. Тадбирда бошқа туманлар ва Қарши шаҳридаги корхона ва ташкилотлар ҳамда ўқув муассасаларидаги бўш иш ўринлари борасида битирувчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Якунда эса ТАТУ Қарши филиали битирувчилари билан 70 та, компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан эса 40 та уч томонлама шартнома имзоланди.
Х.ҚИЛИЧЕВА