9 май - Хотира ва қадрлаш куни
Вилоятимизнинг Касби тумани Муғлон қишлоғида 100 ёшни қаршилаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хайрулло бобо Шерматов яшайди. 1924 йил 1 январда туғилган оқсоқол 1942 йилнинг ёзида 18 ёшида урушга кетди. Дастлаб Россиянинг Пенза ҳудудида, сўнг эса Белоруссиянинг Минск шаҳрида душманга қарши жанг қилди.
Мақсадсиз уруш халқнинг бошига кўп кулфатлар туширади. Хайрулло Шерматов Польшанинг Варшава шаҳри ва бошқа аҳоли пунктларини фашистлардан озод қилишда қатнашиб, 3 марта оғир ярадор бўлади. Ҳар сония ўлим билан юзма-юз келган ўзбек жангчиси Берлин остонасигача боради.
- Қанчадан-қанча сафдошларимиз душманнинг дайди ўқидан ҳалок бўлди, - дейди бобо хурсиниб. - Гуруҳимиздаги 13 кишидан ёлғиз ўзим урушдан тирик қайтганман. Бу Аллоҳнинг инояти. Фронтдан тирик қайтаман, деб ўйламаганман. Биз кўрдик, биздан кейин ҳеч ким ҳеч қачон уруш кўрмасин.
1945 йил август ойида қонли урушдан эсон-омон қайтган Хайрулло Шерматов қишлоқдоши (раҳматли) Обод момо билан турмуш қуради. Узоқ йиллар "колхоз"да комбайнчи бўлиб ишлайди. 11 нафар фарзандини ҳалол ризқ билан яхши тарбиялаб вояга етказади.
Хайруллло бобо бугунги кунда 57 нафар невара, 90 нафар чевара, 20 нафар эваранинг суюкли бобоси.
Уруш хотираларини ёдга оларкан, "Урушда сукунат ҳам қўрқинчли бўлади", дейди бобо.
- Кечагидек эсимда, бир гал жанг майдонида ҳаммаёқ бироз жимиб қолди, - Хайрулло бобонинг бу гапларидан этингиз жимиллаб кетади. - Атроф тўла мурдалар, ёнгинамдаги қирғиз йигити эса дабдурустдан "Дадамни соғиндим. Ҳозир бу жойлардан кетмасак немислар келиб ўлдиради" деди-да, ўрнидан туриб бир қадам ташлаши билан пешонасидан ўқ еганча ёнгинамга қулади. Наилож, қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Йиғлайвериб, кўз ёшларимиз қотиб қоларди. Ҳар дақиқа ўлим, очлик, даҳшат, қўрқув. Картошка, экинлар, ўтларнинг томирларини ковлаб еб жон сақлардик. Ташлаб кетилган уйларда бирон жонлиқ ёки парранда қолдириб кетилган бўлса, пишириб ердик.
Чуқур оҳ тортганича бобо гапида давом этади:
- Мана шундай тинч ва тўкин-сочин кунларни кўрганимга шукр дейман. 100 ёшга кирдим. Невара-чевараларимнинг сонини ҳам билмайман. Фақат уларни тўқчиликда, ўйнаб-кулиб юрганини кўриб, жуда-жуда хурсанд бўламан, кўзим қувнайди. Дунёнинг қайси бир чеккаларидаги нотинчликлар ҳақида эшитиб, жуда қаттиқ ранжийман. Ва фақат бир нарсани бутун дунёга айтгим келади: "Уруш бу ютиш-ютқазиш эмас, бу ўлим дегани, ҳаётнинг ширин томонини эмас, аччиқ томонини кўриш дегани. Шунинг учун ҳеч бир давлатда уруш бўлмасин. Қай дин, қай миллат бўлса ҳам тинч яшасин. Урушдаги жангчи ҳар дақиқа йиғлайди, юраги зирқирайди: отган ўқи нишонига тегса ҳам, ўзига ўқ тегса ҳам қийналади. Бу азоб! Ҳеч қачон уруш бўлмасин...
Бобо билан суҳбатлашар эканман, гўёки ҳозиргина уруш тугагану, бутун уруш даҳшатларидан чарчаган ва урушга нафрати чексиз бўлган жангчининг нигоҳи кўз олдимизда жонлангандек бўлди.
Гап-сўзлари пурмаъно, фикрлари теран, замон билан ҳамнафас Хайрулло бобо бугун нафақат оиласи, маҳалласи, балки Касби тумани, Қашқадарёнинг ҳам фахри, десак муболаға бўлмайди. Хайрли ҳовлисининг катта дарвозаси доим ланг очиқ, ҳар куни меҳмон кутади. Ўнлаб, баъзида юзлаб невара-чевараларга тўлиб кетадиган файзли хонадонда бобонинг энг севимли машғулоти: митти болакайларга қараш, улар билан биргаликда ўйнаш.
-Болажонларнинг чуғур-чуғури мени чарчатмайди. Аксинча, уларга қараб дам оламан, - дейди бобо кўзлари чақнаб. - Бу кунларни орзу қилганмиз ахир.
Улуғ ёшда бўлган қаҳрамонимиз ибратли оиласига ҳавас қилар эканман, бунинг сири - фарзанд, невара-чеваралар тарбияси, ўзаро оқибатлилик, ҳаётий ибратлари, умр йўлларидаги ҳикматлари билан ҳам қизиқдик.
- Болаларим тарбиясида уларга, энг аввало, шукр ва сабрни ўргатганман, - дейди Хайрулло бобо. - Одамлар бир-биридан куч олади. Шундай экан, фарзандларга гап-сўзларига эътиборли бўлишни, бировнинг дилини оғритмасликни, камтарлик, тўғрисўзлик, ҳалолликни ўргатиш керак. Арзимаган нарсаларга асабийлашиб жанжал қиладиган, бирон муаммога дуч келса, бошқаларга азоб берадиган одамларга ҳайрон қоламан. Ахир тинчлик ва соғликдан бошқа олий неъмат йўқ-ку!
Баъзи инсонлар билан суҳбатлашганда инсон гўё тирик китобни ўқигандек бўлади: ҳар саҳифасида маънолар ёғилиб келаверади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хайрулло бобо Шерматовнинг ҳаётий ҳикматлари, хотиралари ва насиҳатларини тингларканман, суҳбатнинг тугатишини ҳеч ҳам хоҳламадим. Чунки ҳар бир гапидан ўзим англамаган шукроналикни кўрдим, кўравердим, жуда кўп нарсаларни тушунгандек бўлдим. Ва қалбдан бир овоз эшитилди: "Юрт тинчлиги абадий бўлсин!"
Нилуфар ДАВЛАТ қизи