Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўз бизнес фаолиятини бошлаётган ёш тадбиркорлар, шунингдек, 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган ёки яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларга ажратиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган бошқа субъектларнинг лойиҳалари учун кам фоизли кредитлар ажратилиши белгиланган.
Таъкидлаш жоиз, бу имконият айниқса ёшлар орасида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашга бўлган қизиқишни янада оширди.
- Ўтган йили филиалимиз тавсияси билан 10 та лойиҳа учун 1 миллиард 860 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилган эди, - дейди "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси Нишон тумани филиали бош мутахассиси Азиз Жўраев. - Жорий йилда эса айни кунга қадар 11 та лойиҳа учун 1 миллиард 460 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағлари берилди. Яна бир қатор лойиҳалар молиялаштирилиши кутилаяпти.
Туманнинг Юксалиш маҳалласида яшовчи Сирож Қаюмов ҳам "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасидан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, йўлакбоп плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ёш тадбиркор томонидан таъсис этилган "Нишон эко строй" корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга нафақат туман ёки вилоят, балки қўшни вилоятлардан ҳам харидорлар топилмоқда.
- Маҳсулотимизнинг асосий хом ашёси қум, шағал, цемент ва махсус рангдан иборат, - дейди у. - Асосий иш қўлда бажарилади. Айни пайтда ўзимдан ташқари яна беш киши шу ерда иш билан банд. Кунига 60 квадрат метрдан 100 квадратгача маҳсулот тайёрлаяпмиз. Энг муҳими, маҳсулотимизга харидорлар кўп, шу боис энди қувватни янада ошириш ҳаракатидамиз.
Эътиборли жиҳати, бу каби лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши натижасида турдош тармоқлар ўртасида рақобат юзага келиб, сифат ошаяпти, қўшимча иш ўринлари яратилаётир.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.