Қилмиш - қидирмиш
Китоб туманида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари ҳудуддаги 70-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ҳозирда бўш турган биносини олиб, бу ерда қўшимча тадбиркорлик ишини йўлга қўймоқчи бўлади.
Бунинг учун Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси вилоят ҳудудий бошқармасининг техник хулосаси керак эди. У шу мақсадда инспекциянинг лаборатория бўлими бошлиғи Н.Ч.га мурожаат этади. Масъул эса мазкур бинони "ноль" харид қийматида сотилиши учун техник хулоса бериши, аммо бу "хизмати" нархи 1 миллион 500 минг сўм бўлишини айтади.
Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Н.Ч. фермердан пулни олаётган вақтида қўлга олинди.
Умумий ҳисобда, ўтган 2019 йил давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида коррупция билан боғлиқ 109 та ҳолат фош этилди.
Дилшод ШАРИПОВ,
департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи
ХУФЁНА ФАОЛИЯТ, СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТ
Маълумки, яширин иқтисодиёт назоратдан ташқарида ривожланадиган ва расмий статистикада акс этмайдиган хўжалик фаолиятидир. У ҳалол рақобат муҳитини бузади, бозорга сифати кафолатланмаган, ҳатто инсон саломатлиги учун хавфли бўлган маҳсулотларнинг кириб келишига замин яратади.
Департаментнинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 189 та яширин цех фош этилиб, қонунбузарлардан жами 591 миллион 800 минг сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилди.
30 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлса, 159 та ҳолат юзасидан маъмурий ишлар юритилди.
Мисол учун, Китоб тумани Бўстон маҳалласида яшовчи Қ.Ш. яшаш уйининг ёрдамчи хонасига қўлбола жувоз ускунаси ўрнатиб, пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб келаётган экан.
Ўтказилган тезкор тадбирда унинг "бизнес"и фош этилиб, 1 комплект жувоз ускунаси, 60 литр чигитдан олинган ёғ, 415 килограмм пахта чигити, 52 килограмм кунжара ва бошқа товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Хайрулло РУСТАМОВ,
департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари
НОҚОНУНИЙ ВАЛЮТАФУРУШЛАРДАН 165 МИНГ 610 АҚШ ДОЛЛАРИ, 288 МИНГ 650 РОССИЯ РУБЛИ, 7 ТА ОЛТИН ТАНГА ВА 781 МИЛЛИОН 300 МИНГ СЎМ
ҳужжатлаштириб олинди
Президентнинг 2017 йил 2 сентябрдаги тегишли фармони билан мамлакатимизда барча юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиши, сотиб олиши ва тасарруф этиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Бугун ҳар бир фуқаро ёки тадбиркор ўзидаги хорижий валютани ҳеч қандай тўсиқларсиз, истаган тижорат банкига олиб бориб белгиланган нархда сотиши ёки ўзига зарур миқдорда сотиб олиши мумкин.
Бироқ, ўз нафсини жиловлай олмаётган айрим юртдошларимизнинг ҳамон "қора бозор"да хорижий валюталар савдоси билан пинҳона шуғулланаётгани сир эмас.
Жумладан, департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Н.А. ва Б.Э. Қарши шаҳри Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида Х.О.га жами 21 минг АҚШ долларини қонунга хилоф равишда 179 миллион 550 минг сўмга сотаётган вақтида ушланган. Тадбир жараёнида Б.Э. бошқарувидаги "Ласетти-2" русумли автомашина салони кўздан кечирилганда, у ерда яна 28 минг 600 АҚШ доллари ва 8 миллион 14 минг сўм қийматидаги пуллар борлиги аниқланиб, жами 50 минг АҚШ доллари ва 8 миллион 14 минг сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Шунингдек, департаментнинг вилоят бошқармаси ва Қарши шаҳар бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши шаҳри Ойдин маҳалласи ҳудудида фуқаро Х.Ғ. ва бошқалар бир гуруҳга бирлашиб, фуқаро З.Б.га ҳар бир АҚШ долларини 8557 сўмдан ҳисоблаб сотаётган вақтида ушланган. Тадбир жараёнида улардан жами 29 минг 320 АҚШ доллари ва 134 миллион 308 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Департаментнинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2019 йил бу борада олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жами 146 та қонунбузарлик фош этилиб, улар юзасидан 41 та жиноят иши қўзғатилди ва 105 ҳолатда маъмурий иш юритилди. Қонунбузарлардан ноқонуний муомалада бўлган 165 минг 610 АҚШ доллари, 288 минг 650 Россия рубли, 7 дона "Император Николай-1" тамғали олтин танга ва 781 миллион 300 минг сўм пул ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Тўлқин ҚУРБОНОВ,
департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори