Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

21.12.2017


11 ОЙДА 728 АВТОҲАЛОКАТ, 205 ЎЛИМ ҲОЛАТИ...

Йўл ҳаракатида хато содир этилдими, уни тўғрилаш имконсиз. Озгина эътиборсизлик, шошма-шошарлик, белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя этмаслик оқибати оғир бўлган ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, йўлларда транспорт воситалари қатнови кундан-кунга ошиб бораётган бир пайтда, ҳайдовчидан ҳам, пиёдадан ҳам ўта ҳушёрлик талаб этилади.

Бироқ афсуски гоҳ ҳайдовчи, гоҳида эса пиёданинг айби, яъни ҳаракат қатнашчиларининг мавжуд қоидаларга риоя этмаслиги оқибатида йўлларда турли ҳодисалар, кўнгилсизликлар содир бўлишда давом этмоқда. Бунинг оқибатида қанча инсон соғлиғини йўқотаётгани, ногиронга айланиб қолаётгани, яна қанчасининг умри эрта завол топаётгани, энг ёмони, бундан умуман бегуноҳ инсонлар ҳам жабр кўраётгани ачинарлидир. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ҳудудда 728 йўл ҳаракати ҳодисаси юз берган. Натижада 205 нафар фуқаро бевақт ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, йўл патруль хизмати ҳамда бошқа мутассадди идоралар вакиллари, йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи  корхоналар масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган тадбирда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Эркин Қурбонов маълум қилди.

Тадбирда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати билан боғлиқ турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бунда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, содир этилаётган йўл-ҳаракати ҳодисаларига сабаб бўлаётган қуйидаги асосий омиллар, хато ва камчиликлар таҳлилий-танқидий муҳокама этилди.

МАКТАБ ЎҚУВЧИСИ ҚОИДАНИ НЕГА БИЛМАЙДИ?

2017 йилнинг 11 ойи давомида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаларининг бир қисми болалар билан боғлиқ. Бу борадаги кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111 тадан 103 тага, улар натижасида жароҳат олганлар 99 тадан 89 тага камайган бўлса-да, шу даврда болалар ўлими билан боғлиқ ҳолат 20 тани ташкил этган, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 тага кўпайган.

Хўш, бу рақамлар нимадан далолат беради? Мактабда ўқувчига йўл ҳаракати қоидаси яхши ўқитилмаяптими? Рўй берган автофалокатларни таҳлил қилсангиз, аксарияти болаларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтгани ва шунга ўхшаш ҳолатлар натижасида содир бўлганини кўриш мумкин. Демакки, таълим масканларида болаларга йўл ҳаракати қоидалари ва кўникмаларини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўргатиш, онгига чуқур сингдириш керак. Тўғри, ҳозирги пайтда мактабларда 1-синфдан бошлаб болаларга “Йўл ҳаракати қоидалари” дарслари ўтилади, аммо бу дарсларнинг савияси боланинг билим ва кўникмасини оширадиган даражада эмас. Мисол учун,  бугунги кунда 1-синф ўқувчиларига йўл ҳаракатини ўргатишга мактаб ихтиёридаги соатлар ҳисобидан ҳафтасига 0,5 соат ажратилган. Бу бир ўқув йили давомида бор-йўғи 17 соатни ташкил этади. Юқори синфларда эса “Йўл ҳаракати қоидалари” фанидан дарс берувчи мутахассисларнинг аксарияти етарли билим ва малакага эга эмас. Кўргазмали қуроллар етишмайди. Амалий машғулотлар ўтиш учун мўлжалланган автомайдончалар саноқли мактаблардагина мавжуд, улар ҳам ачинарли аҳволга  келиб қолган. Бизга аҳамиятсиз, кичик камчилик бўлиб туюлган бу жиҳатлар қайсидир ҳолатда катта кўнгилсизликларга, бегуноҳ болалар ҳаёти завол топишига олиб келмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Қарши тумани Бешкент шаҳридаги 10-сонли мактабнинг 5-синф ўқувчиси, эндигина 10 ёшни қаршилаган Сарваржон Самадов эҳтиётсизлик қилиб, “Файз” чойхонаси ёнида велосипедда йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган. Шу вақтда ён томондан ҳаракатланиб келаётган, фуқаро Ф.Юлдашев бошқарувидаги “Нексия” уни уриб юборган. Натижада оғир тан жароҳати олган Сарваржон туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлимига етказилган. Аммо оғир жароҳати сабаб бола шу ерда ҳаётдан кўз юмган.

Ёхуд шу йилнинг 26 октябрь куни Ғузор туманидаги 5-сонли ўрта мактабнинг 1-синф ўқувчиси, 2010 йилда туғилган Озодбек Жонимқулов йўлнинг қатнов қисмидан кесиб ўтаётган вақтда йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Натижада оғир тан жароҳати олган Озодбек шифохонада вафот этган. Афсуски, бундай ҳеч кимга хуш ёқмайдиган  мисолларни яна давом эттириш мумкин. Агар болага оилада, мактабда йўл ҳаракати қоидалари чуқур ўргатилса, унда йўлда барча қоидаларга риоя этиш кўникмаси мустаҳкам шакллантирилса, бу борадаги кўплаб кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинган бўларди.

ЙЎЛОВЧИНИНГ ҲАЁТИ ТАШУВЧИНИНГ ЗИММАСИДА

Бугунги кунда жуда кўпчилик кишилар йўналишли ва йўналишсиз такси хизматидан фойдаланади. Аслида қонуний асосда рўйхатдан ўтиб, рисоладагидек жиҳозланган автомашиналар асосида кўрсатилиши керак бўлган бу хизмат тури анча хавфсиз бўлиши лозим. Чунки, белгиланган тартибга кўра, бундай транспорт воситалари ҳар куни эрталаб йўлга чиқишдан аввал тўлиқ техник кўрикдан, унинг ҳайдовчиси эса тиббий текширувдан ўтиши, барча ҳужжатлари бўлган тақдирдагина йўлга чиқишига рухсат берилиши керак. Бу ишни ташкил этиш эса ташувчи ташкилотлар зиммасида. Аммо йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар (яъни уюшмалар)нинг ҳаммаси ҳам бу тартибга риоя этаяптими? Афсуски йўқ. Ҳатто автомобиль ва ҳайдовчининг белгиланган текширувлардан ўтганлигини тасдиқловчи “техник соз” ва “тиббий соғлом” белгили муҳрларни хоҳлаган вақтда ва жойда қўйиб бериш ҳолатлари учрамоқда.

Мисол учун, 2017 йилнинг 17 ноябрь куни ўтказилган тадбир давомида “Қарши - Жейнов” йўналиши бўйича йўловчи ташиш билан шуғулланаётган фуқаро Қ.Шарипов “Дамас” русумли машинаси ичида ўтириб, ўзининг 173-сонли йўл варақасига “техник соз” ва “тиббий соғлом” штампларини босаётган вақтда видеотасвирга туширилиб, қўлга олинган. Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 23 ноябрь куни “Ғузор транс сервис” МЧЖга тегишли “Дамас” ҳайдовчиси Р.Қораев тўхтатиб текширилганда, унинг огоҳлантириш талони бўлмаган. Бироқ жамиятнинг масъул ходими кунлик йўл варақасига “техник соз” ва “тиббий соғлом” штампларини босиб берган.

Ёхуд “Шахзод автотранс сервис” МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи Л.Абдураҳмонов бошқарувидаги “Дамас” тўхтатиб текширилганда, ҳайдовчининг вақтинчалик рухсатномаси муддати 19 ноябрь куни тугагани аён бўлган. Ваҳалонки, ташкилот масъул ходими 1 декабрь куни ҳам унинг йўл варақасига “техник соз” ва “тиббий соғлом” штампларини қўйиб бериб, йўналишга чиқарган.

Мана шундай қонунбузарликлар, мавжуд тартибни менсимаслик оқибатида ҳисобот даврида ташувчи корхоналар ҳайдовчилари томонидан 19 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларнинг барчаси ҳайдовчилар айби билан юз берган.

Мисол учун, “Чироқчи юк автосервис” МЧЖга тегишли бўлган автобус ҳайдовчиси 50 нафарга яқин йўловчи билан қоидани бузиб, йўлнинг қатнов қисмида тўхтаган. Натижада орқадан келаётган оғир юк автомобили унга урилган. Ҳодиса оқибатида икки нафар киши воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган, 23 нафар йўловчи турли кўринишдаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Умумий ҳисобда 11 ой давомида вилоятда йўловчи ташиш билан боғлиқ 5980 та қоидабузарлик аниқланган. Демакки, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарнинг ҳам масъулиятини ошириш, уларнинг устидан тизимли назорат ўрнатиш лозим.

ЙЎЛ СОЗ БЎЛСА, ФАЛОКАТ ОЗ БЎЛАДИ

Йўл ҳаракати ҳодисалари билан боғлиқ таҳлиллар айрим йўлларда автофалокатлар кўп ва мунтазам содир бўлишини кўрсатмоқда. Бу шубҳасиз йўлнинг ҳолати билан ҳам боғлиқ.

Мисол учун, биргина 4Р-87 (Қарши-Еттитом) йўлини олайлик. Ушбу йўлнинг айни вақтдаги ҳолати мавжуд қатновнинг талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Йўлнинг айрим қисмлари таъмирга муҳтож ва фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Бу эса йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишининг бош омили бўлмоқда. Мисол учун, худди шу йўлнинг ўзида ўтган 11 ой давомида 14 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, бунинг оқибатида 16 нафар киши ҳаётдан бевақт кўз юмган. Худди шунингдек, вилоятдаги яна бир қатор йўлларда айнан йўлнинг талабга жавоб бермаслиги оқибатида “авария”лар содир бўлмоқда. Ушбу йўлларни таъмирлаш, айримларини 2 тасмали йўлдан 4 тасмалига ўтказиш бўйича мутасадди корхоналарга бир неча маротаба тақдимномалар киритилган бўлса-да, ишлар амалга оширилмай қолиб кетмоқда.

Тўғри, сўнгги уч-тўрт йил давомида вилоятимизда йўлсозлик борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда, бироқ таъмирталаб бўлиб қолган йўлларимиз ҳам кам эмас.

“ЙЎЛНИ БУЗДИНГМИ, ЯХШИЛАБ ТУЗАТ”

Сўнгги вақтларда вилоятимизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Натижада ичимлик суви, табиий газ қувурларини ўтказиш ва шу каби бошқа ишларни амалга ошириш учун йўлнинг айрим қисмларини бузишга тўғри келади.

Қурувчи, лойиҳаловчи корхоналар ишни тегишли ташикилотларнинг рухсати билан амалга оширади ва қайта таъмирлаб қўйишни ўз зиммасига олади. Аммо улар “таъмирлаб қўйган” ўша “ямоқ” орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ё чўкиб, ёхуд асфальти кўчиб қолади. Бунга эса ташкилот ишчиларининг йўлсоз эмаслиги, эски тупроқни яна ўз ўрнига ётқизиб кетавериши, белгиланган зичлик ва бошқа меъёрларга амал қилмаслиги сабаб бўлар экан. Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассисининг ушбу ҳолатлар юзасидан тушунтириш беришича, ҳар бир ташкилот йўлдан уни бузган ҳолда нимадир ўтказмоқчи бўлса, тегишли рухсатларни олгач, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси билан ўша йўл қисмини таъмирлаш бўйича шартнома тузиш тизимини йўлга қўйиш лозим. Шунда бу ишни мазкур ташкилотнинг малакали йўлсозлари амалга оширади. Қолаверса, жавобгарлик ҳам бир ташкилотнинг зиммасида бўлади.

Шунингдек, тадбирда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, йўл белгиларини ўрнатиш, эскиларини янгилаш, пиёдаларнинг йўл қоидаларига беписандлиги, ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларини камайтириш  ва шу каби қатор масалалар юзасидан танқидий фикрлар билдирилди. Масъул ташкилотларга юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан танқидий-таҳлилий ўрганиш ўтказиш ва уларни бартараф этиш бўйича  чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси киритилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo