COVID-19
Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:
сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилди;
маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатновига йўл қўйилмайди;
65 ёшдан ошган шахсларга "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.
Шунингдек, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб қилинмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Жорий йилнинг 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилади:
аҳолига - "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга - ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш.
Карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан моддий даромад манбаини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Хусусан, давлат томонидан ҳозирги кунда 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилаларни давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Мазкур оилалар рўйхатини ишлаб чиқишда қуйидаги оилаларга биринчи навбатда эътибор қаратилади:
таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали оилалар;
ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларни қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаи бўлмаган оилалар;
ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;
ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;
14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);
ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;
меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ улар ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган (мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб қайтганлар, такси ҳайдовчиси, кафе, ресторан ишчиси ва ҳоказо) ва зарур ёрдамга муҳтож оилалар.
Моддий кўмак юкларини манзилли тақсимлаш ҳамда етказиб бериш мақсадида маҳаллий ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари бошчилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди, шунингдек, ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларига мурожаатларни қабул қилишни ташкил этиш мақсадида қисқа рақамли телефон тармоғи (call-center) ишга туширилади.
Шунингдек, волонтёрларга ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Эндиликда моддий кўмак юкларини ўз манзилига етказиб беришда асосий ёрдамчи бўлган волонтёрлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур ҳимоя воситалари - тиббий комбинезон, тиббий ниқоб, қўлқоп, дезинфекция воситалари, шунингдек, узлуксиз ҳаракатланиш учун автотранспорт воситалари ("Дамас", "Лабо", "Газель" ва бошқалар) билан таъминланади.
Юқорида кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Келгусида давлат томонидан карантин даврида аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида заруратга қараб яна қўшимча маблағлар ҳам ажратилади.
Давлат томонидан карантин шароитида қийинчиликка дуч келаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли чора-тадбирлар белгиланди.
Мутасаддиларга нодавлат таълим ташкилотлари (мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, олий таълим ташкилотлари) фаолиятини ўрганган ҳолда, карантин чекловлари жорий этилганлиги муносабати билан фаолиятида молиявий муаммоларга дуч келаётган нодавлат таълим ташкилотларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ушбу масала юзасидан алоҳида Вазирлар Маҳкамасининг қарори тайёрланади.
Йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг "Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши курашиш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи билан COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланганларни уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби белгиланди.
Вазир буйруғига асосан, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳамда ҳудудларнинг вақтинчалик карантинга мослаштирилган мажмуаларида COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган, ушбу ҳудуд рўйхатида турмайдиган фуқаролар яшаш манзилига юборилмасдан, COVID-19ни даволашга мослаштирилган муассасаларда 10 кун давомида кузатуви ва даволаниши ташкил этилади.
COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқаролар ўз хоҳишига кўра стационар шароитда даволанади.
Шунингдек, COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган беморларни белгилаб берилган схема асосида туман, шаҳарларда ташкил этилган мобиль гуруҳ (СЭОМ вакили, инфекционист, УАШ) томонидан саралаш ва уйда даволаш учун етарли шароит бор деб ҳисобланган фуқароларни белгиланган тартиб асосида бирламчи тиббий-санитария тизими муассасалари назоратида 10 кун давомида уй шароитида тиббий кузатуви ва даволанишини йўлга қўйиш;
яшаш шароити санитария-эпидемиологик талабларга жавоб бермаган ҳолатларда, яккалаш имконияти бўлмаганида, беморларни COVID-19 инфекциясини даволашга мослаштирилган муассасаларга жойлаштириш;
ҳудудий маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда уй шароитида тиббий кузатувга олинган беморларнинг карантин қоидаларига риоя этиши юзасидан тегишли ишларни олиб бориш ва қатъий назорат ўрнатиш каби вазифалар ҳам белгиланган.