Конго Демократик Республикаси ҳукумати Мбандака шаҳрида 14-Эбола безгаги эпидемияси тугагани ҳақида маълум қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Африка давлатлари учун бюроси ҳам ушбу манзилда жорий йилнинг апрель ойида бошланган навбатдаги безгак эпидемияси тугагани тўғрисида баёнот берган.
"Конго Демократик Республикаси мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Экватор провинцияси пойтахти Мбандакада бошланганига уч ойдан камроқ вақт бўлган Эбола безгаги эпидемияси тугагани ҳақида эълон қилди. Бу ушбу провинцияда 2018 йилдан буён кузатилган учинчи ва бутун мамлакат бўйича ўн тўртинчи эпидемия бўлди", дея хабар берган ЖССТ бюроси.
Баёнотда қайд этилишича, эпидемия натижасида беш киши вафот этган. ЖССТ маълумотларига кўра, 14-Эбола безгаги эпидемияси даврида умумий ҳисобда 2 минг 104 киши эмланган.
Эбола вируси чақирадиган касаллик - одамларни ва айрим турдаги ҳайвонларни зарарловчи ўткир вирусли инфекция. Эбола 2015 йилда Ғарбий Африкада авж олди ва асосан уч мамлакат: Гвинея, Сьерра-Леоне ва Либерияда ёйилди. ЖССТ маълумотларида келтирилишича, сўнгги йирик эпидемия даврида 28 минг 600 нафар одам Эбола билан касалланган, 11 минг 300 дан кўпроқ бемор вафот этган.