Маълумотларга кўра, бу йил ўқув юртини 32 та бакалавриат ва 13 та магистратура йўналиши бўйича 1674 нафар ёш мутахассис тамомлайди. Вилоят Меҳнат бошқармасининг ҳисоб-китобига кўра, улар учун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган таълим тизимидаги корхона-ташкилотларда 3 минг 800 дан ортиқ иш ўрни мавжуд. Карьера кунида шу ташкилотлар – мактаблар, академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларининг мутасадди раҳбарлари ўзларидаги бўш иш ўринлари билан талабаларни таништиришди.
- Туманимиздаги мактабларда 46 та бўш иш ўрни бор, - дейди Ғузор туман ХТМФМТТЭ бўлимининг кадрлар бўйича инспектори Ҳусан Қобилов. - Кўпроқ мусиқа, информатика, математика ҳамда инглиз тили ўқитувчиларига эҳтиёж сезамиз. Бугунги тадбирда айни шу йўналишдаги ёш мутахассислар билан 27 та шартнома имзоладик.
Университетнинг ўзбек филологияси факультетини бакалавриат йўналишида тамомлаётган чироқчилик Азизбек Шанонов карьера кунида туман мактабларининг биридаги она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси вазифасини банд этди.
- Ўзим ҳудуддаги 137-мактабда мутахассислигимга мос бўш ўрни борлигидан хабар топгач, мактаб маъмурияти билан шартнома туздим. Энди университетда олган билимларимни амалда қўллаб, болаларга сабоқ бермоқчиман, - дейди у.
Хорижий тиллар факультетининг инглиз тили йўналиши магистратура босқичини тамомлаган Умида Маҳмудова эса олий ўқув даргоҳининг ўзида ишга қабул қилинадиган бўлди.
Хуллас, карьера кунида битирувчиларнинг ярмидан ортиғи тўрт томонлама шартнома имзолашга муваффақ бўлди. Яъни 857 нафар ёш мутахассис бўлғуси иш жойини аниқлаштириб олди.
Х.ҚИЛИЧЕВА