Хабарингиз бор, Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ўртасида “Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.
Шунга асосан 6 октябрь куни А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетидан 32 нафар россиялик мутахассис мамлакатимизга етиб келди. Улар декабрь ойи охирига қадар вилоятларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ҳудудий марказлардаги умумтаълим мактабларида рус тили ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш бўйича маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда фаолият олиб боради.
Бугун Қарши темир йўл вокзалида ҳам россиялик икки мутахассис кутиб олинди. Улар қарийб уч ой мобайнида вилоятимизда бўлиб, машғулот ва тренинглар ўтказишади.
Айтиш ўринли, лойиҳа доирасида Россия давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари мамлакатимиздаги 4 минг нафар рус тили ўқитувчисининг касбий эҳтиёжларини сўровнома орқали ўрганиши кўзда тутилган. Шу орқали рус тили ўқитувчиларининг билим даражаси, рус тили фанига оид ўқув-методик таъминот ҳамда масофадан таълим олиш учун мавжуд шароитлар ўрганилади. Ушбу ўрганиш асосида келгусида россиялик мутахассислар иштирокида уларнинг малакалари оширилади.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети – Россия Федерациясидаги энг йирик педагогик университет бўлиб, 1797 йилда ташкил этилган. Университет 30 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрларни тайёрлайди. Бугунги кунда мазкур олий таълим муассасаси АҚШ, Англия, Австрия, Италия, Франция, Швецария, Германия, Нидерландия, Польша, Швеция, Финландия, Хитой, Корея, Исроил, Япония ва бошқа давлатлардаги 60 та хорижий университет ва ўқув муассасалари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган.