Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

14.09.2017


18:0

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида ўтган каратэ бўйича 18-халқаро очиқ чемпионатда косонлик Гулшан Алимардонова олтин медални қўлга киритди. Бу – 12 ёшли спортчининг халқаро мусобақадаги дастлабки ғалабаси. Тўғри, илгари ҳам юқори поғоналарни забт этган, кучини кўрсатган, буниси дунё билан бўйлашишдаги биринчи қадами бўлгани боис бу ютуқ Гулшан учун қадрли.

У спортдаги дастлабки сабоқларни Косон туманидаги “Алпомиш” спорт клубида ола бошлади. Сўнг, Қарши шаҳридаги 19-мактаб қошида ташкил этилган каратэ спорт клубида машғулотларга қатнади. Бу ерда устозларидан маҳорат сирларини ўрганди. Гулшан севимли спорт тури бўйича дастлабки ютуғини 2015 йил 2-5 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон кубогида қўлга киритди. Ўшанда у барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу ғалаба уни янада қаттиқ шуғулланишга, янги марралар сари олға юришга ундади.

Натижада қисқа фурсат ичида 40 дан ошиқ медаллар соҳибаси бўлди ва ўз вазни бўйича тенгдошлари орасида энг кучлилардан эканини исботлади.

- Куала-Лумпурда бўлиб ўтган чемпионатдан олинган таассуротларим кўп, - дейди спортчи. – Шу пайтгача мусобақаларда вилоятимиз номидан қатнашган бўлсам, бу сафар Ўзбекистон номидан таништирилдим. Бу ҳам менга куч берди.

Мусобақада Гулшан Ҳиндистон, Малайзия, Озарбайжон ва хитойлик қизлар билан беллашди. Айниқса, финалда малайзиялик рақибасини 18:0 ҳисобида мағлуб этгани эътиборли бўлди.

- Гулшан Алимардоновадан умидимиз катта, - дейди мураббий Ойбек Обяқулов. - 4 йилдан бери клубимизда шуғулланиб келади. Олдинда уни нуфузли мусобақалар кутмоқда. Ҳозирда октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кубоги учун мусобақага, 2018 йилда Дубайда ўтадиган “Ал-аҳли” халқаро турнири ҳамда Осиё чемпионати баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда.

Гулшаннинг орзуи - олимпиада чемпиони бўлиш. Албатта, мақсад катта, шижоат бор экан, юқори марраларга бемалол эришса бўлади.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo