Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

11.12.2018


190 ДАН ОРТИҚ МАМЛАКАТДА ФАОЛИЯТ КЎРСАТАЁТГАН ТАШКИЛОТ

ДУНЁ ТАРИХИДАГИ ЭНГ МУҲИМ ҲУЖЖАТ

Бугунги кунда ЮНИСЕФ фаолияти тўлиғича болалар эсон-омон    улғайиши, ривожланиши, уларни ҳимоя қилишга бағишланган БМТ тизимидаги ягона ташкилотдир. ЮНИСЕФ ўз ваколатларини БМТ Бош  Ассамблеясидан олади, бироқ унинг бюджети, асосан, БМТдан мустақилдир. Жамғарма фақат ҳукуматлар, ташкилотлар, корпорациялар, бизнесменлар ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига молиялаштирилади.

ЮНИСЕФ ташаббуси билан 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра дунё тарихидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири - Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинди.

ЎЗБЕКИСТОНДА

Бугунги кунда 190 дан ортиқ мамлакатда фаолият кўрсатаётган ЮНИСЕФ Ўзбекистонда 1994 йилдан буён иш олиб боради. ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик натижасида 2008 йил 8 январда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирган. Унда бола ҳуқуқларига оид барча кафолатлар жамланган.

Ҳамкорлик дастурини амалга ошириш орқали ЮНИСЕФ болалар ва улар оилаларининг ҳуқуқлари ва фаровонлиги билан боғлиқ масалаларда Ўзбекистон ҳукуматига республика ва маҳаллий даражаларда ёрдам беради. Ушбу фаолият жамоат ташкилотлари, парламент, жамият, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ривожланиш бўйича кўп томонлама ва икки томонлама ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилади.

МИЛЛИЙ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда олиб бораётган фаолиятнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат: оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш, озиқланишнинг энг яхши амалиётларини жорий  этиш, хусусан, озуқаларни фойдали моддалар билан бойитиш ва гўдакларни фақат кўкрак сути билан боқиш, шунингдек, ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, касалланганларни парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлашни миллий соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялаш.

ЮНИСЕФ ўрта ва мактабгача таълим сифатини яхшилаш, шунингдек, болаларни шафқатсиз муносабатдан, уларни махсус муассасаларга жойлаштиришдан, миллий қонунчилик тизими билан тафовутда бўлишдан ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ҳам амалга оширади.

Албатта, болага эътибор келажакка эътибордир. Мамлакат истиқболи учун қайғуриш болага ғамхўрликдан бошланади. Шундай экан, мурғак фарзанднинг беғубор орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, унинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишига кўмаклашиш ҳар қандай жамиятда асосий вазифалардан бири бўлиши керак.

Шоҳиста БОЗОРОВА тайёрлади.

Report typo