Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ

06.07.2017


2,2 ТОННА ГУРУЧ

Божхона декларация бланклари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилиб, унинг орқа томонидаги эслатмада фуқаролар томонидан божхона ҳудудига олиб кириш (чиқиш) тақиқланган ва рухсатномалар талаб этиладиган товарлар ҳамда товарларни божсиз олиб ўтиш меъёрлари, шунингдек, нақд миллий ва чет эл валюталарини олиб ўтиш қоидалари тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Эътибор қиладиган бўлсак, буларнинг барчаси инсон манфаатларидан келиб чиққан ҳолда жорий қилинган тартиб-қоидалардир. Бироқ яратилган бу каби қулайликларга эътиборсиз қараган, энг ачинарлиси, билса-да, қонунни четлаб ўтишга уринадиган қонунбузарлар ҳамон учраб турибди.

Мисол учун, Нишон туманидаги 154-разъездга келиб тўхтаган 320-сонли Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поездида 11-вагон кузатувчиси (проводниги) ҳисобланган Мирали Сафаровни бу борадаги тартиб-қоидалардан бехабар эди, деб бўлмасди. У ўзи тўлдирган йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан, вагоннинг турли жойларига яширинча жойлаштирилган ҳолда 20 қопдан иборат 1000 килограммдан зиёд “аланга” навли гуручни келгусида сотиш мақсадида қўшни давлатга ноқонуний тарзда олиб ўтаётганда тўхтатиб қолинди.

Бундан ташқари, унинг жиноий шериги бўлган яна бир вагон кузатувчиси Хасан Мироков ҳам шу қинғир йўлни танлаб, ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан, вагоннинг турли жойларига яширинча жойлаштирган ҳолда 23 қопдан иборат 1133 килограмм “лазер” ҳамда “аланга” навли гуруч маҳсулотини ўз юртига ноқонуний равишда олиб ўтаётганда қўлга олинди.

Якунда қўшни давлат фуқаролари М.Сафаров ҳамда Х.Мироковга нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жазо чоралари қўлланилди. Ашёвий далил сифатида олинган қарийб 7 миллион сўмлик гуруч белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Шуни айтиш жоизки, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ҳалқимизни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай экан, юқоридаги каби зарур озиқ-овқат маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудидан ноқонуний ташиб кетилишининг олдини олишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга барча фуқароларимиз ҳам бирдек масъулдир.

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo