Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

03.11.2018


2 ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН РИВОЖЛАНТИРИШ ДАСТУРЛАРИ

Аввало, ҳудуднинг юртимиз темир йўл тармоғига у қадар фаол интеграциялашмагани бунга муҳим сабаблардан бири сифатида кўрилади. Тумандаги асосий хом ашё базалари айтарли темир йўллар билан қамраб олинмаган. Бу эса ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги камайишига хизмат қилаётгани табиий. Хусусий тадбиркорлик тараққиёти, аҳоли бандлиги борасида очиқча мақтана олмайдиган Деҳқонобод ва Миришкор туманлари ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикрларни айтиш мумкин. Бугунги кунда ушбу ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи бошқаларга қараганда анча суст кечаяпти. Аксарият жабҳаларда талайгина муаммолар тўпланиб қолган. Аҳамиятлиси, мавжуд аҳволни ижобий тарафга ўнглаш учун ҳар ҳолда ички имкониятлар етарли, фақат уларни самарали ишга солиш керак бўлади.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси яқинда Чироқчи, Миришкор ва Деҳқонобод туманларини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида-алоҳида қарорлар қабул қилди. Бу юзасидан махсус чора-тадбирлар дастурлари ҳам тасдиқланди. Уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши эса ҳар бир ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада кенгайтириш, бор ресурслардан оқилона фойдаланишга имкон беради. Зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳам бунёд этилади. Муайян истиқболли лойиҳалар рўёби эса ушбу туманларда қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси равнақига кенг йўл очиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишига муҳим шароит ҳозирлаши лозим.

Қайд этиш жоиз, мазкур   дастурлар туманлар ҳаётининг етакчи соҳалари ривожига хизмат қилувчи кўплаб лойиҳаларни ўз ичига олган. Бунда саноат, хизмат кўрсатиш, аграр сектор, инфратузилма объектлари қуриш, ижтимоий соҳа равнақи, ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги моддий-техникасини мустаҳкамлаш сингари асосий йўналишлар белгилаб олинган. Дастурларнинг молиялаштириш манбалари ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган.

1300 дан зиёд лойиҳа учун қарийб 1,3 триллион сўм инвестиция

Тегишли муддатда учала туманни қўшиб ҳисоблаганда, жами 1 минг 305 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши даркор. Уларни танлашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, салоҳияти шу билан бирга, муаммоси эътиборга олингани муҳим. Бунинг учун эса турли манбалар ҳисобидан 1,3 триллион сўмга яқин маблағ ўзлаштирилади. Натижада 4420 та янги иш ўрни яратилиши режа қилинган.

Энг кўп лойиҳа Деҳқонобод туманига ажратилган – жами 493 та. Уларнинг самарали рўёбга чиқиши учун эса 400 миллиард сўмдан ортиқ сармоя талаб этилади. Бунга маҳаллий бюджетдан 106 миллиард 987 миллион сўм, республика бюджетидан 585 миллион сўм жалб қилинади. Ажратиладиган 69 миллиард 242 миллион сўмни мақсадли жамғармалар маблағи ташкил этади. Ўз навбатида ташаббускорлар ҳам бир четда қараб тургани йўқ – улар томонидан 92 миллиард сўмдан ошиқ маблағ йўналтирилади. Банклар эса лойиҳа муаллифларини 131 миллиард 863 миллион сўм миқдоридаги кредитлар билан қўллаб-қувватлайди.

Деҳқонобод туманида ишга тушадиган лойиҳаларнинг 135 таси иқтисодиёт тармоқларига тааллуқли. Жами 156 миллиард сўм инвестиция эвазига саноат тармоғида 24 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 61 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 50 та тадбиркорлик ташаббуси амалга ошади. Бунинг самарасида 1541 нафар киши бандлиги таъминланиши лойиҳалар ижтимоий аҳамиятидан дарак бермоқда.

Чироқчи туманини комплекс ривожлантириш дастуридаги 463 лойиҳанинг 129 таси хусусий сектор вакиллари томонидан илгари сурилган.  Дастурда кўзда тутилган жами 445 миллиард 413 миллион сўм инвестициянинг ярмидан зиёди ана шуларга йўналтирилади. 30 та лойиҳа асосида туманнинг саноат салоҳиятини янада юксалтириш, 50 та лойиҳа негизида сервис соҳасида сифат ўзгариши ясаш мақсад қилинган. Қолган 49 лойиҳа бўйича ҳудудда асосан чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш белгиланган. Деҳқонобод туманидан фарқли равишда Чироқчида бажариладиган лойиҳаларни молиялаштиришда хорижий сармоя ҳам иштирок этади – мазкур сумма нақ 108 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Бошқа манбалардан ҳам салмоқли маблағ ўзлаштирилади. Аҳамиятлиси, тегишли қарорга асосан туманда темир йўл тармоғини ривожлантириш бўйича кечиктирмасдан чора-тадбир ишлаб чиқиш лозимлиги қайд қилинган.

Дастурда Миришкор тумани комплекс равнақи учун 349 та лойиҳа етарли, деб ҳисобланган. Сон кам бўлса-да, салмоқ юқори эканини айтиш ўринли. Умумий ҳисобда 432 миллиард 583 миллион сўм маблағ сарфланиши асло ёмон кўрсаткич эмас. Инвестициялар ҳажмида ташаббускорлар ва банклар улуши ниҳоятда катта – мос равишда 127 миллиард ва 222 миллиард сўмни айнан улар  дастурга тикишмоқда. Лойиҳаларнинг асосий қисми (153 та) туманнинг етакчи уч тармоғига тегишли. Аграр жабҳада 65 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 60 лойиҳа амалга оширилади. Ўз-ўзидан маълумки, саноат тармоғи тараққиётига қаратилган лойиҳалар чўғи кам – 28 та.

Замонавий саноат юқори технологияларга асосланади

Юқорида таъкидланганидек, учала туман ҳам саноатлашиш даражаси масаласида вилоятда охирги ўринларни эгаллаб келмоқда. Ҳозирги пайтда ушбу ҳудудларда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони, иш унуми, фаолият қамрови мавжуд талабларга мос эмас. Тармоқнинг айрим муҳим йўналишлари ҳали ҳам йўлга қўйилмаган. Хом ашё сероб бўлгани ҳолда уни қайта ишлаш аҳволи қониқарли, деб бўлмайди. Жараёнга илғор технологияларни фаол жорий этиш асосий вазифа бўлиши даркор.

Шу маънода дастурларда ҳудудлар учун алоҳида манзилли рўйхат ишлаб чиқилган. Ундан жой эгаллаган ҳар бир лойиҳа қиймати, ташаббускори, фаолият йўналиши, яратилажак иш ўрни тўғрисида маълумот келтирилган.

Мисол учун, Деҳқонобод туманида 24 та инвестиция лойиҳа доирасида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, янги корхоналарни барпо этиш мўлжал қилинган. Ҳудуддаги “Пармонов Янгибой Холмуродович” хусусий корхонасида мевани қуритиш ва қадоқлаш линияси ишга туширилади. “Жўра бобо” хусусий фирмаси вакиллари эса 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига тузни қайта ишлаб, қадоқлашни таклиф этишмоқда. “Орзу омад” МЧЖ туман енгил саноат тармоғидаги йирик лойиҳа ташаббускори сифатида чиққан. 2 миллиард сўм сармоя сарфлаб, жунни ювиш, кигиз ва жун ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган.

Лойиҳаларда инновацион ёндашувларга ҳам алоҳида ўрин берилган. “Деҳқонобод биогаз” МЧЖда кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаларини тайёрлаш ўзлаштирилади. Ҳам тежамкор, ҳам экологик безарар бу маҳсулот иссиқхона хўжалиги юритувчилар, ёқилғига эҳтиёж сезувчи  кичик ишлаб чиқариш субъектлари учун жуда маъқул келиши турган гап. Ҳудуддаги ягона саноат гиганти -   “Деҳқонобод калий заводи” раҳбарияти ҳам дастурда ўз лойиҳаси билан қатнашмоқда. 26 миллиард сўм маблағ эвазига, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш асносида амалга ошадиган бу лойиҳа сулфатли калий ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

“Биг био импекс” МЧЖ тадбиркорлари эса ҳудудда шифобахш ва зираворлик хусусиятига эга коврак ўсимлигини етиштириб, ширасига саноат усулида ишлов беришни ва экспортга чиқаришни таклиф этган. Яна бир жиҳати, Деҳқонободда бентонит ва доломит сингари маъданлар кўп миқдорда топилади. Айни вақтгача уларни қайта ишлаб, рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қўл урилмаган. Ҳукумат қарорига мувофиқ, бу борада мақбул таклиф ишлаб чиқиш мутасадди ташкилотлар зиммасига юклатилди.

Дастур асосида Чироқчи туманида саноат йўналишида рўёбга чиқариладиган лойиҳаларнинг қарийб ярми қурилиш материаллари тайёрлашни кенгайтиришга дахлдор. “Чироқчи дала шпатли кварц” хусусий корхонаси илгари сурган ташаббус эса энг йиригидир. Унинг қиймати 120 миллиард сўмга баҳоланган бўлиб, 108 миллиард сўми хорижий сармоядор ҳиссасига тўғри келади. Бу лойиҳа асосида кварц қазиб олиш маҳсулдорлигини ошириш ва қайта ишлашга эътибор қаратилади.

Тарвуз етиштиришда донг таратган Чироқчида мазкур полиз маҳсулотига шу дамгача хом ашё сифатида қаралмаган. Дунё тажрибасидан маълумки, тарвуздан тотли шарбат ишлаб чиқариш мумкин. Эътиборлиси, келгусида айни шу йўналишда ҳам иш бошланади. Тадбиркорлик субеъкти – “Норқизил Тожиев” МЧЖ масъуллари шундай қувватни ишга туширишмоқчи. Йўналтирилажак 1 миллиард 100 миллион сўм инвестиция лойиҳа кўламини ифодалайди. “Насаф нотўқима” МЧЖ томонидан ҳудудга хос бўлмай келаётган янги фаолият -  трикотаж мато тўқиш (қиймати 2 миллиард 300 миллион сўм) ташкил этилса, “Чироқчи буюрсин текстиль” хусусий корхонасида шундай матони тайёр экспортбоп маҳсулотга айлантириш амалга оширилади.

Миришкордаги саноат корхонаси - “Найистон ғурури” МЧЖ вакиллари ҳам сутни қайта ишлашда замонавий технологияларга мурожаат қилишади. 1 миллиард сўмдан ошиқ маблағ ҳисобидан сўнгги русумли ускуналар келтирилиб, сут, кефир, қаймоқ, музқаймоқ, ёгурт ва творог каби харидоргир маҳсулотлар аҳолига тақдим этилади.

Яна бир истиқболли лойиҳани шу ҳудуддаги “Ёдгор файз” МЧЖ таклиф этган. Жамият мулкдорлари  дуккакли маҳсулотлар (мош, нўхат, ловия)ни махсус ускуналар ёрдамида саралаб, қадоқлаш ва экспорт қилишни мўлжал қилишмоқда. Балиқчилик билан шуғулланувчи “Бо-Зариф” фермер хўжалигида эса ушбу тармоқ янада ривожлантирилади ва хом ашё қайта ишланади. Қиймати 5 миллиард 100 миллион сўмлик лойиҳа учун кўзда тутилган маблағнинг асосий қисми янги цехни технологик жиҳозлашга ишлатилади.

Шубҳасиз, саноат йўналиши бўйича таклиф этилган энг йирик лойиҳа “Миришкор текстиль экспорт” МЧЖга тегишли. Корхона 90 миллиард сўмдан зиёд инвестицияни ўзлаштириб, Туркия ва Япониянинг замонавий дастгоҳларида тайёр мато ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Ҳудуднинг тикув-трикотаж соҳасига вилоятимизда биринчилардан бўлиб кластер тизимига ўтган “Ғузор текстиль импекс” МЧЖ ҳам сармоя киритмоқда. Мақсад - рақобатбардош кийим-кечаклар тайёрлаш ва хориж мамлакатларига экспортга йўналтириш. Лойиҳа қиймати эса 6 миллиард сўмга тенг. “Миришкор вайт фиш” фермер хўжалиги томонидан туманда яна бир йирик қувват барпо этилиб, балиқ етиштирувчиларни омихта ем билан таъминлаш имкони яратилади.

Хизмат кўрсатиш ва аграр жабҳада сифат ошади

Албатта, ҳудудлар комплекс ривожини ана шу икки соҳа ютуқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги ушбу туманлар ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми ўсишида муҳим аҳамият касб этиши билан бирга, аҳолини фойдали иш билан машғул этиш борасида саноат соҳасидан ҳам илдам саналади. Асосийси, бугун мазкур тармоқларда ҳали ишга солинмаган, тўла қамраб олинмаган имкониятлар кенг. Дастурда шу икки йўналишдаги лойиҳалар кўп экани ҳам фикримиз тасдиғи бўла олади.

Деҳқонободда 61 та лойиҳа амалга ошиши хизмат кўрсатиш соҳаси мавқеи яхшиланишига ёрдам беради, албатта. Муҳими, тадбиркорлар ўзи учун янги йўналишларни очишга асло     бефарқ эмас. Масалан, “Шўркўл сайёҳ туризм” МЧЖ ҳудудда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш пайида. Ишбилармон туманда туристларнинг дам олишини мазмунли ташкил этишга асосий урғу берган. “Деҳқонобод туман босмахонаси” МЧЖ вакиллари эса фуқаролар учун анча пайтдан бери муаммо туғдириб келаётган полиграфия хизмати янги турини кенг йўлга қўяди. Бу йўналишда савдо фаолиятини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳам талайгина. “Чак-Чак Чашмаси” хусусий корхонаси мулкдори туманда ҳунармандчилик буюмлари савдосини ташкил этмоқчи.

Тиббий хизмат кўрсатиш жабҳасидаги лойиҳаларга ҳам алоҳида диққат қаратилган. Ҳудуддаги “Руслан Амирзода” хусусий корхонаси бунинг учун 1 миллиард сўм маблағ сарф этаяпти. Фаолият асосий йўналиши эса ташхис қўйиш ва даволашдан иборат.

Туманда хусусий секторнинг таълим соҳасида анча фаоллашгани  ҳам аҳамиятлидир. Қарийб 20 га яқин лойиҳа асосида шу йўналишда иш ташкил этиш, яъни мактабгача таълим муассасаси хизматини таклиф  қилиш кўзда тутилган. Айрим тадбиркорлар бунда давлат   хусусий шерикчилик асосида фаолият юритишни маъқул кўрган. Албатта, бу мактабгача ёшдаги болаларнинг боғчага қамраб олиниши даражасини янада оширади.

Чироқчи туманига тегишли дастурда савдо хизмати кўрсатиш лойиҳалари салмоқли ўринга эга. Тадбиркорлар бу  фаолиятни асосан замонавий мажмуада йўлга қўйиш тарафдори. Жами 50 та лойиҳа орасида умумий овқатланиш хизматини янада тараққий эттиришга қизиқиш билдирганлар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, аҳоли орасида соғлом ҳаётга амал қилиш истаги кучайганидан “Универсал медикал” хусусий корхонаси вакили унумли фойдаланмоқчи. У ташкил этаётган соғломлаштириш маркази учун   4 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилади. Манзилли рўйхатда меҳмонхона, гўзаллик салони, сартарошхона хизмати кўрсатиш мақсад қилинган лойиҳалар ҳам учрайди.

Миришкорда сервис йўналишидаги 60 лойиҳанинг 4 таси асосида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ташкил этилади. Икки лойиҳа эса деҳқон ва фермерларга қишлоқ хўжалиги техникаси хизмати тақдим этишдан иборат. Шундай ташаббус муаллифи - “Усмон Юсупов МТП” МЧЖ масъуллари томонидан 11 миллиард 500 миллион сўм миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилади. Бу маблағ эвазига 30 дан ортиқ замонавий техника харид қилиш режалаштирилган. Эътиборлиси, манзилли рўйхатни шакллантиришда маиший ва радио техника жиҳозларини таъмирлаш хизматини кенгайтириш масаласи ҳам ҳисобга олинган. 5 та лойиҳа шундай фаолиятни ташкил этишга мўлжалланган.

Уч туманда дастур доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўёбга чиқариладиган лойиҳалар умумий қиймати 225 миллиард сўм атрофида. Булар ҳисобидан ҳудудларда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик тармоқлари ривожига кенг тус бериш кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларини асл ҳолича сақлаш мақсадида совиткичли сиғимлар барпо этишга қаратилган лойиҳалар ҳам салмоқли.

Маълумки, Деҳқонобод тумани тоғли ҳудуд бўлгани учун лойиҳа ташаббускорлари қўйчиликни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилган.  Бунинг учун соҳага 15 миллиард 848 миллион сўм жалб қилинади, 30 та истиқболли лойиҳа ишга туширилади. Ишбилармонлар ҳисори ва қоракўл зотли қўйларни боқишни, бош сонини кўпайтиришни ташкил этади.

Чироқчида эса энг кўп лойиҳа наслли қорамол парваришини ривожлантиришни назарда тутади. Ҳудудда муҳим янгилик – гидропоника усулида иссиқхона барпо этишга ҳам киришилади. Бу лойиҳага “Автомобилчи МТП” МЧЖ вакиллари 10 миллиард сўмдан зиёд пул тикишади.

Қўйчилик йўналишидаги жуда кўп лойиҳалар Миришкорда ҳам амалга ошади. Зотли қоракўл қўйлари Афғонистондан олиб келинади. Ҳудуд ишбилармонлари эчкичиликни ҳам истиқболли тармоқ сифатида кўришмоқда. Австралиядан келтириладиган наслдор эчкилар тивити учун боқилади.

Ҳудудда фаолият олиб борувчи “Биг агро легумес” МЧЖ масъуллари эса қиймати жиҳатидан энг йирик лойиҳани таклиф этган. 5 миллиард сўм инвестиция олиб кириб, брокколи, руккола, айсберг каби салатбарглари етиштириш билан шуғулланади. Ниҳолларни ўстириш учун кўчатхона ҳам барпо этилади.

Иқтисодий лойиҳалардан ташқари ҳар бир ҳудуд дастурида йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимларини янада ривожлантиришга доир ишларни бажариш ҳам белгиланган. Умумий фойдаланишдаги ва ички хўжалик йўллари реконструкция қилинади, жорий таъмирланади. Электр, газ ва ичимлик таъминотини яхшилаш чоралари кўрилади. Ижтимоий соҳа инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар асосида умумий ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият объектларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши фаол давом эттирилади. Қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

Мана, икки йилга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурлари Чироқчи, Деҳқонобод ва Миришкор туманлари ҳаётида қандай ўзгаришлар ясалишига хизмат қилади. Ҳудудларда ишбилармонлик даражаси сифат жиҳатидан ўсишига шароит ҳозирланади, салоҳиятли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони кўпайиши туман бюджети даромади ошишида ҳам акс этади. Янги қувватлар ишга тушиши, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлиши одамлар турмуш тарзи фаровонлашиши, доимий даромад манбаси бўлишини таъминлайди. Албатта, бу натижаларга тўла-тўкис эришиш дастурлардан ўрин эгаллаган лойиҳаларнинг қай даражада самарали рўёбга чиқишига ҳар томонлама боғлиқ.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.

 

 

 

 

Report typo