Маълумки, бугунги кунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари тўрт босқичли шкала асосида ҳисобланади. Солиқ солинадиган даромаднинг энг кам иш ҳақининг бир бараваригача қисмидан даромад солиғи олинмас, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлган қисмидан 7,5 фоиз даромад солиғи ҳисобланади. Беш бараваридан ўн бараваригача бўлган қисмидан 16,5 фоиз, ўн баравари ва ундан юқори қисмидан эса 22,5 фоиз миқдорида даромад солиғи ва ҳисобланган ойлик иш ҳақидан 8 фоиз миқдорида суғурта бадали олинади.
Мисол учун, умумтаълим мактаби ўқитувчисининг ойлик маоши 2 миллион сўмни ташкил этади. Ўқитувчи бугунги кунда ҳар ойлик маошидан 256 минг 400 сўм даромад солиғи, 160 минг сўм суғурта бадали тўлайди. Ўқитувчининг ойлик маошидан ойига 416 минг 400 сўм миқдоридаги маблағ ушлаб қолинади ва реал иш ҳақи 1 миллион 583 минг 600 сўмни ташкил этади. Демак, ҳисобланган ойлик иш ҳақининг 21 фоизга яқини солиққа тўланган.
Президентимизнинг 2018 йил 29 июнда “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш белгиланди. Шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш мақсад қилинган. Бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари эса бекор қилинади.
Юқоридаги мисолда келтирилган ўқитувчи энди олаётган 2 миллион сўм ойлигидан 240 минг сўм даромад солиғи тўлайди. 1 миллион 760 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи эса қўлига тегади.
Кўриниб турибдики, даромад солиғи ставкаларининг пасайтирилиши аҳолининг реал даромадлари ошишига хизмат қилмоқда. Солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам шу мақсад кўзланган – аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, қилаётган меҳнатидан моддий манфаадорлигини оширишдан иборат.
Зариф КЕЛДИЁРОВ,
вилоят Давлат солиқ бошқармаси бош инспектори