Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • 2 МИНГ ДОЛЛАР ЭВАЗИГА ИЧКИ ИШЛАР ТИЗИМИГА ИШГА КИРИТИБ ҚЎЙМОҚЧИ ЭДИ

Н.ХЎЖАЕВ

04.10.2018


2 МИНГ ДОЛЛАР ЭВАЗИГА ИЧКИ ИШЛАР ТИЗИМИГА ИШГА КИРИТИБ ҚЎЙМОҚЧИ ЭДИ

Қарши шаҳрилик С.Лутфуллаева ҳам ўғли Анварнинг ички ишлар органларида хизмат қилишини кўпдан бери ният қилиб юрарди. Бундан хабар топган таниши Холида Сайфуллаева унинг ўғлини ички ишлар органларига ишга жойлаштириб қўйишини, фақат бунинг учун 2 минг АҚШ доллари кетишини айтади. Ва айтилган пулнинг бир қисми – минг долларни Қарши шаҳридаги “Мерсий” кафесида олаётган вақтда ички ишлар ва прокуратура ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинади.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан жиноий иш қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кўриниб турибдики, ишга киришни мақсад қилган одам таниш-билиш кетидан эргашиши эмас, белгиланган талабларга мувофиқ келиши ё мувофиқ эмаслигини ўйлаб кўриши керак.

ЖАЗО МУДДАТИНИ ЎТАБ ҚАЙТИБ, ЯНА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейдилар. Чунки бир гал боши тошга урилган одам кейинги сафар қадамини ўйлаб босади, қилаётган ишининг оқибатларини яхши англайди. Китоблик Адҳам Мейлиев эса муқаддам содир этган қилмишига яраша жазосини олиб, жазо муддатини ўтаб қайтдию, бироқ бундан хулоса чиқармаган экан. У яна жиноят содир этишдан ўзини тийиб туролмади. Ўғрилик қилишни дилига тугди ва бунинг учун пухта режа тузди. Ён-атрофни кузатиб, қайси вақтда кимнинг нимасини ўғирлаш мумкинлигига ойдинлик киритди. Қараса, энг яхши “вариант” – қўшниси, Янгиариқ  қишлоғида  яшовчи У.Жумаева экан. 

Қўшниникида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган Адҳам Мейлиев бу ердан  2 та қимматбаҳо гилам, 1 та сок тайёрлаш аппарати, 2 дона тефаль, совуткич ва видеоаппаратни олиб, кўздан ғойиб бўлди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, шунча нарсани ўмарган кишининг боргани қаёққача бўларди? Қолаверса, жиноятнинг изидан тушганлар ишни даставвал узоқдан эмас, шу яқин-ўртадан, муқаддам жиноятга қўл урганлардан бошлайди-ку.

У.Жумаеванинг аризасига биноан олиб борилган тезкор тадбир давомида Адҳам Мейлиев қўлга олинди. Қинғир ишни қилиб боши эгилган кимсанинг эндиги пушаймонлиги эса бефойда.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

174 КИЛОГРАММ ПАХТА ЁҒИНИНГ ЧИГИТИ ҚАЕРДАН КЕЛТИРИЛГАН?

Пахта – миллий бойлигимиз. Шу кеча-кундузда унинг бир мисқолини ҳам нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишга жадал киришилган бир вақтда Чироқчи тумани Чоштепа маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Илҳом Турдимуродов яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик хоналаридан бирида қўлда ясалган 2 та жувоз ускунасини ўрнатиб, пахта ёғи “ишлаб” чиқараётибди.

Тезкор профилактик тадбир давомида бу ердан қўлбола усулда тайёрланган 174 килограмм пахта ёғи, 80 килограмм техник чигит, 367 килограмм кунжара ва 37 килограмм зиғир ҳужжатлаштириб олинди.

Албатта, қўлбола ёғни истеъмолга яроқли деб бўлмайди. Мойжувоз ускунасию шунча хомашё – пахта чигити бу хонадонга қандай келиб қолди? Ушбу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида айни пайтда Чироқчи тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ИИБ материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo