Хусусан, вилоят божхона бошқармасидан маълум қилишларича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида Косон-Қарши йўналишидаги кўприк устида тўхтаб турган, фуқаро Б.О. бошқарувидаги кулранг “Нексия” автомобили салони ва юкхонасида нефть маҳсулотлари борлиги аниқланди. Ушбу нефть маҳсулотлари учун тегишли ҳужжатларни эса фуқаро тақдим этолмади. Зарур ҳужжатлар йўқми, демак, фаолият – ноқонуний. Натижада умумий қиймати 4 миллион 106 минг сўмлик 720 литр дизель ёнилғиси вақтинча сақловга топширилди.
Шунингдек, Қарши шаҳар Арабхона маҳалласида жойлашган метан шохобчасида тўхтаб турган, фуқаро П.Ш. бошқарувидаги “Нексия” русумли транспорт воситаси шубҳа остига олинди ва текшириб кўрилди.
Машина салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 20 литрлик 29 дона елим идишга 580 литр солярка жойлангани, шу билан бирга, 1 дона электронасос борлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолатда ҳам ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмади. Умумий қиймати 3 миллион 514 минг сўмлик ашёлар Нишон туманидаги омборга вақтинча сақловга берилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ