Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

15.09.2020


20 та тўйда карантин қоидаларига риоя қилинмаган

Коронавирус пандемияси шароитида мамлакатимизда мавжуд вазиятдан келиб чиқиб карантин чекловлари гоҳ кучайтирилиб, гоҳ юмшатиб борилмоқда. Қатъий чоралар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бўлса, юмшатишлар одамлар манфаатлари, истакларига мувофиқ жорий этилаётир. Буни барча тўғри тушуниб, белгиланган қоидаларга оғишмай амал қилса, касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мумкин.

Биласиз, оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш белгиланган.

Бироқ Қашқадарёда карантин қоидаларига риоя қилинмай ўтказилган 20 та тўй маросимлари аниқланган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев маълум қилди.

Унинг айтишича, 16 августдан буён маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида вилоятимизда карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўтказилган тўйларга гувоҳ бўлинган.

Булар-ку аниқланганлари, айрим ҳолларда 30+200 кишилик тўйларга кўз юмилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бунга баъзида таниш-билишлик, баъзида маҳалла-кўйчилик деган истиҳола сабаб бўлаётгани-да бор гап. Бироқ одамлар вазиятни тўғри баҳолаб, карантин чоралари юмшатилганини суиистеъмол қилмасликлари, ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликлари керак.

Report typo