Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 июлда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони, 18 июлдаги “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкилот фаолиятини ривожлантириш, унинг мамлакат ёшлари ҳаётига тобора чуқурроқ кириб бориши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Ўтган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган энг муҳим вазифалардан бири ёшларимизнинг муаммо ва ташвишларини ўрганиш, уларга ечим топиш масаласи бўлиб, иттифоқнинг вилоят кенгаши томонидан ҳам бу борада самарали ишлар амалга оширилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган 2017 йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига жами 177 нафар ёш ўз муаммо-ташвишига ечим излаб мурожаат қилган. Уларнинг аксариятини иш билан бандлик, уй-жой муаммолари ташкил қилганини алоҳида қайд этиш лозим. Масалан, 46 та ҳолатда ёшлар иш сўраб мурожаат қилишган. Шу асосда уларнинг ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишларига кўмаклашилди. Жумладан, шаҳрисабзлик Адиба Тоҳирова “Ҳисорак гидроқурилиш” МЧЖга ҳисобчи-молиячи вазифасига ишга олинган бўлса, Яшнар Пирматов ва Шуҳрат Ражабов “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Шаҳрисабз филиалида назоратчи сифатида ўз меҳнат фаолиятларини бошлашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига вилоятдан қилинган мурожаатларнинг 74 тасида ёшлар уй-жой билан таъминланиш масаласида муаммога дуч келаётганликларини баён қилишган. Йил давомида шундай 58 та мурожаат ижобий ҳал этилишига эришилди. Жумладан, Деҳқонобод тумани Бўстон маҳалласида яшовчи фуқаро Дилноза Бегимқулова, Қарши шаҳри 2-миттитуманда ижара асосида яшаб келаётган Хамро Муратов Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига имтиёзли ипотека кредити асосида ёш оилалар учун қурилаётган уй-жойлардан олиш учун мурожаат қилишган. Ушбу мурожаат юзасидан мазкур фуқароларнинг ҳужжатлари Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши қошидаги Республика комиссиясига ҳисобга қўйилди ва ҳозирги кунда улар Қарши шаҳри Жайҳун кўчасида қуриб битказилган ёшлар уйидаги тегишли хонадонларга эгалик қилишмоқда. Бугунги кунда қолган 16 та мурожаат бўйича ўрганиш ишлари давом этаяпти.
39 та мурожаат таълим йўналишига оид бўлиб, улардан 11 таси Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси талаби асосида тегишлилиги бўйича турли ваколатли органларга юборилган. 28 та мурожаат эса жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси номига Чироқчи тумани 13-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Турсинтош Абдурашидова томонидан йўлланган мурожаатда уларнинг хонадонида чироқ йўқлиги, қўшни билан келиб чиққан арзимаган низо туфайли хонадон электр тармоғидан узиб қўйилганлиги баён қилинган. Ушбу низоли ҳолат иттифоқнинг вилоят ҳамда Чироқчи тумани кенгаши аъзолари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Чироқчи туман электр таъминоти корхонаси, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, Соҳил маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан биргаликда жойига чиқилиб, хонадонга электр энергияси учун алоҳида линия тортилди.
Мурожаатларнинг барчаси ҳам шикоят ва муаммо ечимини излашдан иборат эмас. Вилоятимиз ёшларидан тузилманинг вилоят кенгашига иттифоқ фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир 18 та истиқболли таклиф келиб тушди ва уларни 2018 йил иш режамизга киритиш учун Марказий Кенгашга тақдим этганмиз.
Албатта, ёшларнинг муаммо ва ташвишларини ўрганиш, ечимини топишга кўмаклашиш жорий йилда ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади. Бу эса уларнинг бизнинг тузилмамизга, қолаверса, давлатимизга бўлган ишончларини янада мустаҳкамлайди.
Нодир ЖУМАЕВ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг Фуқаро мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири