Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

23.03.2017


200 МИЛЛИАРД СЎМДАН КЎП МАБЛАF ВА РАВОН ЙЎЛЛАР

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида эса юртимизда бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга киришилди. Асосий мақсад иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб йўл тармоғи ҳолатини сифат жиҳатидан яхшилаш эканини алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур ҳужжатга мувофиқ мамлакатимизда йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш, бу борада етук кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда бошқа бир қатор ишлар белгиланган.

Шу билан бир қаторда, минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсадида 2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда мамлакатимиз миқёсида тегишли даврда 5454 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган.

 

Вилоятимиздаги автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 18446 километрни ташкил этади. Бу йўлларнинг 15 минг километрдан зиёди ички хўжалик йўллари бўлса, 3427 километр қисми умумий фойдаланувдаги, шу жумладан, 425 километр қисми халқаро, 890 километр қисми давлат, қолган 2112 километри эса маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари ҳисобланади.

 

- Маълумки, ўтган йиллари давомида мамлакатимизда халқаро аҳамиятга молик бўлган автомобиль йўллари, шаҳарлар марказий йўллари тубдан таъмирланди, - дейди Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси мутахассиси Ғулом Эштўхтаров. - Ушбу йўллар транспортда юк ва йўловчи ташиш учун қулай ҳолга келтирилди. Ўз навбатида шаҳар ичидаги айрим йўллар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқлар ичидаги йўллар анча таъмирталаб бўлиб қолгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг кенг ва равон бўлишини таъминлаш, тубдан таъмирлаш бўйича дастурда бир қатор ишлар амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, унга асосан икки йил давомида вилоятимиз ҳудудидаги 679 километр ички хўжалик йўлларининг таъмирланиши кўзда тутилган. Масалан, жорий йилда Қарши шаҳри ҳудудидаги 20 километр ички йўллар созланади. Яна 8 километр йўлнинг тупроқ йўлдан тош йўлга айлантирилиши белгиланган. Албатта, бу каби бунёдкорлик ишлари йўлларда қатнов хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қулай ижтимоий-маиший шарт-шароит яратиш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу дастур ижроси доирасида жорий йилнинг ўзидаёқ вилоятимизда кенг кўламли қурилиш ишларини бажаришга киришиш режалаштирилган. Жумладан, мазкур даврда жами 336 километр ички йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган. Бунда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, сифат стандартларига риоя этилиши таъминланади, йўлларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби кучайтирилади. Йўллар қурилишига бюджетдан 16,8 миллиард сўм ва Республика йўл жамғармасидан 15,3 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, автомобиль йўлларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш самарадорлиги мамлакатимизда автомобилда юк ва йўловчи ташишни ривожлантириш даражасини бегилайди. Қаттиқ ва текис қопламали, равон йўллар эса бу борадаги имкониятларни янада оширади. Ўз навбатида бу ёқилғи сарфи ва ташиш қийматини камайтириш, транспорт воситасининг хизмат қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ иқтисодий самара ҳам беради. Натижада мамлакатимизнинг иқтисодий юксалиш кўрсаткичлари янада ошади. Шу боис мамлакатимиз учун халқаро ва маҳаллий йўлларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

- Айни шу йўналишда 2017 йилда вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилади, жумладан, халқаро ва маҳаллий йўлларда кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади, - дейди "Қашқадарёавтойўл" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти бош мутахассиси Собир Аманов. - Тегишли дастурга асосан, 57,2 километр умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкция қилиниши белгиланган, 14 километр давлат ва халқаро аҳамиятдаги, 36,6 километр маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари эса капитал таъмирланади. Ушбу йўллар бўйлаб янги инфратузилма объектлари барпо этилади.

Маълумки, мамлакатимизда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда оилаларни янги типдаги уй-жойлар билан таъминлаш сиёсати бошлаб берилганди. Бугун бундай типдаги уй-жойлар қишлоқ аҳолисининг фаровон турмуш тарзини таъминлаш билан бир қаторда, қишлоқ қиёфасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Намунавий уй-жойлар қад ростлаган массивларда аҳоли учун барча қулайликларни яратиш, шу аснода янги йўлларни барпо этишга ҳам катта эътибор қаратилаяпти.

"Қашқадарёавтойўл" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда ҳам вилоятимиздаги намунавий уй-жой массивлари ҳудудида 146 километр йўллар қурилиши белгиланган. Бундан ташқари, йил охирига қадар шаҳар кўчалари ва вилоятдаги махсус индустриал зона йўлларини таъмирлаш учун ҳам Республика йўл жамғармасидан 35 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, 37 километр йўл таъмирланиши дастурга киритилган.

Бир сўз билан айтганда, йил охирига қадар олиб бориладиган янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида вилоятимиз ҳудудидаги 622 километр йўл янада равонлашади. Бунинг учун жами 200 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилиши белгилаб олинган. Олиб бориладиган ишлар доирасида йўл атрофи инфратузилмасини барпо этиш, ободонлаштириш, кўприклар қуриш каби лойиҳалар ҳам амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, йўл қурилиши соҳасида олиб борилаётган бу ишлар мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожига, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлишига шароит ҳозирлайди. Замонавий кенг ва равон йўллар давлатимизнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш, эркин ва фаровон жамият барпо этиш, халқимиз ҳаёт даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo