Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • 200 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК КРЕДИТНИНГ ҚАНЧА ҚИСМИ ҚАШҚАДАРЁ УЧУН САРФЛАНАДИ?

Темур НИЗОМОВ

04.06.2021


200 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК КРЕДИТНИНГ ҚАНЧА ҚИСМИ ҚАШҚАДАРЁ УЧУН САРФЛАНАДИ?

Қарор ва шарҳ

 "Ўзбекистон Республикасида коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш" лойиҳаси доирасида жалб этилаётган қарз маблағларининг 12 миллион долларга яқин қисми Қашқадарёда соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, ускуналар, жиҳозлар ва тез ёрдам автотранспорт воситалари харид қилиш ҳамда соҳада ахборот-коммуникация тизимини жорий этишга йўналтирилади.

 Маълум қилинишича, мамлакатимиз ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) ўртасида "Ўзбекистон Республикасида коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш" лойиҳасини амалга ошириш учун 200 миллион доллар (ҳар бир банк томонидан 100 миллион доллардан) кредит бериш тўғрисида қарз битимлари имзоланган.

 Ушбу лойиҳа доирасида юртимиздаги 475 та санитария-эпидемиология хизмати муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 17,5 минг нафардан ортиқ ходимнинг малакасини ошириш, республикада тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун 1000 та тез тиббий ёрдам махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш, халқаро стандартларга жавоб берувчи Миллий референс лабораторияларни яратиш ва жойларда мавжуд лабораторияларнинг даражасини кўтариш, COVID-19 инфекциясини аниқлаш учун тест ҳажмини амалдаги кўрсаткичга нисбатан кўпайтириш ва бошқа бир қатор муҳим ишларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган.

 Бундан кўзланган асосий мақсад соғлиқни сақлаш тизимининг фавқулодда вазиятларга бардошлилигини ошириб, коронавирус пандемиясига қарши курашни жадаллаштириш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини модернизация қилиш ва соҳа муассасалари салоҳиятини янада мустаҳкамлашдан иборат.

 Қарорга асосан лойиҳа доирасида жалб этилаётган қарз маблағларининг сарфланиш йўналишлари тақсимоти ҳам тасдиқланиб, жумладан, вилоятимизда соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 7 миллион 756,5 минг доллар, ускуналар, жиҳозлар ва тез ёрдам автотранспорт воситалари харид қилишга 2 миллион 694,6 минг доллар, соҳада ахборот-коммуникация тизимини жорий этишга 1,5 миллион доллар, жами 11 миллион 951,1 минг доллар ажратилиши белгиланди.

 Ушбу пулларнинг ташкилотлар кесимида тақсимланиши ҳақида сўз юритадиган бўлсак, энг кўп маблағ (5,3 миллион доллар) вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси тизимидаги қурилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларига (935,5 миллион доллар), ускуна, жиҳозлар ва автотранспорт воситалари сотиб олишга (2 миллион 867,3 минг доллар) ҳамда ахборот-коммуникация тизимини жорий этишга (1,5 милион доллар) йўналтирилади. Айни пайтда шаҳар ва туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларига ОТБ ва ОИИБ кредитлари ҳисобидан 1 миллион 863,2 минг доллар ажратилади.

 Ўз навбатида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 3 миллион 675 минг, республика ўлат профилактика маркази филиалига 620 минг, юқумли касалликлар шифохонасига 250 минг, ОИТСга қарши курашиш марказига 160 минг, дезинфекция станциясига 80 минг доллар тақсимланган.

 Темур НИЗОМОВ

 

 

 

Report typo