Сессияда дастлаб вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 5 мартдаги "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашга оид масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, шу йилнинг май-июнь ойларида ўтиши белгиланган ушбу сайловларга тайёргарлик бошлаб юборилди ва уни ташкил этиш борасидаги ишлар "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги ҳамда "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчи-лари сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ олиб борилмоқда.
Табиийки, жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган бир шароитда ўтказилаётган мазкур сайловда қонунийликни, очиқ-ошкораликни таъминлаш жуда муҳим масала ҳисобланади. Айниқса, йиғин раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларни танлашда қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, гуруҳбозликка асло йўл қўйиш мумкин эмас. Номзодлар аҳоли орасида обрў ва ҳурматга эга бўлган, уддабурон, зиммасидаги масъулиятни ҳис қила оладиган, аҳолига, ўз навбатида аҳоли ҳам унга қайишадиган шахслар бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бунда жойларда тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар фаолияти муҳим аҳамият касб этади ва уларнинг аъзолари зиммасига катта масъулият юкланади.
Сессияда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссиясининг таркиби тасдиқланди.
Шунингдек, ушбу сайловни ташкил этиш ва ўтказиш, кўмаклашувчи комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сессия кун тартибидаги иккинчи масала "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг вилоятдаги ижроси ва 2016 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда қолоқ деб топилган фермер хўжаликлари фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида бўлди.
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида фермер хўжаликлари етакчи куч саналади. Хусусан, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида уларнинг улуши 90 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Шунингдек, ўтган даврда фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш, уларга ажратилган ер майдонлари ҳажмини мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ердан самарали фойдаланиш, ҳосилдорлик кўрсаткичлари ўсди.
Бироқ фермер хўжаликларида ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланилиши, ижарага олиш шартнома шартлари ва ихтисослашувига амал қилингани, зарур агротехник тадбирларнинг бажарилиши юзасидан тегишли ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган мониторинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда ҳамон зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмайдиган фермерлар учраб турибди.
Хусусан, барча туманларда сув исрофгарчилигига йўл қўйган, тегишли агротехник тадбирларни вақтида бажармаган ва натижада ғалла парваришида ортда қолган, ерни чигит экишга тайёрлашда кечиккан ва бунинг оқибатида уруғ қадашни кейинга суриб келаётган, ихтисослашувига мос келмайдиган экинларни эккан фермер хўжаликлари аниқланган.
Сессияда дунёда ҳамон иқтисодий инқироз таъсири сезилиб турган, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи глобал аҳамият касб этаётган бир пайтда бу каби камчиликларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.
Шу нуқтаи назар асосида кечган музокараларда фаолияти самарасиз деб топилган 28 фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, ўтказилган мониторинг давомида аниқланган камчиликларни 10 кун ичида бартараф этиш, ғалла парвариши ва чигит экиш ишларини самарали йўлга қўйиш бўйича масъулларнинг аниқ вазифалари белгилаб олинди.
Шунингдек, сессияда вилоят ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилган қарорлари тасдиқланди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
К.КАРИМОВ