Масалан, турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилаётган хотин-қизларимизнинг эзгу орзу-интилишлари ҳисобга олинган ҳолда уларнинг манфаатлари самарали таъминланмоқда, аёлга эҳтиром ва ҳурмат, оналаримиз сиҳат-саломатлигига бирламчи вазифа сифатида қараш яхши қадриятга айланди.
Жорий йилнинг Юртбошимиз Ислом Каримов таклифига биноан Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши ҳам чуқур маъно ва мазмунга эга. Зеро, бу борада истиқлолнинг илк йиллариданоқ тизимли ва узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилиб, у ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Мустақил юртимизнинг Президентимиз фармони билан таъсис этилган илк ордени “Соғлом авлод учун” деб номланганида ҳам чуқур маъно-мазмун мужассам. Ушбу орден билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлиғини мустаҳкамлаш, маънавий-интеллектуал жиҳатдан баркамол этиб вояга етказишда катта ютуқларга эришаётган, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга алоҳида ҳисса қўшаётган юртдошларимиз тақдирланиб келинмоқда.
Қиёслаш учун айтмоғим керакки, собиқ иттифоқ даврида ўн болали аёлларга сунъий равишда кўпиртириб “қаҳрамон она” каби ҳеч қандай фойдаси йўқ ёрлиқларни ёпиштириш урфга айланганди. Иттифоққа ишчи кучи, меҳнат ресурси керак бўлгани учунгина шундай қилинарди. Ахир ўйланг, ҳали боласининг чилласи ҳам чиқмай далага отланадиган аёл, ҳар йили ёки йил ўтиб бола кўрадиган онанинг соғлиғи қандай бўлади?
Бугунги кунда жамият тараққиётининг даражаси хотин-қизларга бўлган муносабатга қараб ҳам белгиланади. Бинобарин, обод турмушни ҳам, оила бахтини ҳам аёлларсиз, уларнинг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин.
Президентимизнинг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аёлларни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёти масалаларини ҳал қилишга, уларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини оширишга имкон берди. Мазкур фармонга биноан Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилиб, унинг зиммасига хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада ошириш билан боғлиқ масалалар юкланди. Шу билан бирга, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ҳокимликларида ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тегишли ўринбосари лавозими жорий этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 4 та сиёсий партия фаолиятида аёллар иштироки йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу эса мамлакатимиз хотин-қизларининг турли қатлами – тадбиркор аёллар, олима ва зиёлилар, фермер ва ҳунарманд аёллар, бошқа соҳа вакиллари манфаатларини рўёбга чиқаришнинг муҳим воситасига айланмоқда.
Аёлларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини кучайтириш, бошқача айтганда, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида 2003 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сиёсий партиялардан аёллар номзодини кўрсатиш бўйича 30 фоизлик квота жорий этилди. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ўтказилган сайлов якунлари бўйича жами сайланган депутатларнинг 7 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 16 фоизга етди. 2009 йилда икки палатали парламентга ўтказилган сайловдан сўнг хотин-қизлар қуйи палата умумий таркибининг 22 фоизини ташкил этди. 2014 йилдаги сайловлардан сўнг эса 24 нафар хотин-қиз Қонунчилик палатасида депутат сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда Қонунчилик палатасида хотин-қизлар сони 18 фоизни, Сенатда 15 фоизни, ижро этувчи органларда 3,4 фоизни ташкил этади.
Улар бир замонлар бўлганидай, сигир соғувчиси ва трактор ҳайдовчиси каби “ҳар касбдан бир шингил” қабилида танлаб олинган “халқ ноиблари” эмас, балки ўз соҳасининг чуқур билимдонлари, қонун ижодкорлиги бобида тобланган, эркин ва демократик сайлов асосида сайловчилар ишончини қозонган, халқнинг муаммо-камчилигини яхши биладиган депутатлар экани кишини мамнун этади.
Ҳали ўзбек аёлига юрт фаровонлиги ва равнақи йўлида масъуллик, фаоллик ва ташаббускорлик ҳисси билан яшаши учун, уларнинг барча ғоя ва улуғ интилишларини рўёбга чиқариш борасида бу қадар кенг кўламли шарт-шароит яратилмаган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Оила кодексларида аёлларга алоҳида имтиёзлар берилиб, ҳуқуқий ҳимояга олингани, 1999 йил 14 апрелда “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳозирги пайтда оила, оналик ва болаликнинг ижтимоий муҳофазаси ҳамда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи саксонга яқин қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжуд.
Юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва илмий фаоллиги барчамизни мамнун этади. Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, республика хотин-қизлар “Олима” уюшмаси, Етакчи аёллар маркази, Аёллар ресурслари маркази каби ўнлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Биргина “Олима” уюшмаси ўз таркибига олти нафар академик, 514 нафар фан доктори, 4 минг 780 нафар фан номзодини жамлаган. Ёзувчилар уюшмасида 117 нафар, Бастакорлар уюшмасида эса 32 нафар ижодкор хотин-қизлар бор. Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг 52,7 фоизини аёллар ташкил этади. 200 мингга яқин ишбилармон аёл эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб, юртимиз иқтисодий равнақига катта улуш қўшиб келишаяпти.
Хотин-қизлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг 73 фоизини, ишлаб чиқариш тармоқларининг 42 фоизини, қишлоқ хўжалигининг 43 фоизини ташкил этаётгани уларнинг ҳақиқатан ҳам бирор-бир соҳада ҳеч кимдан қолишмаслигини кўрсатади.
Юртимизда иқтисодиётнинг турли тармоқларида, бошқарув ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият кўрсатаётганларнинг 62 фоиздан зиёди аёллар. Сўнгги 10 йил давомида кичик ва хусусий корхоналарни бошқараётган аёллар сони 1,6 баробарга ўсган бўлса, кичик бизнес субъектларининг 40 фоиздан ортиқроғига хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг 120 мингдан зиёдини, фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини аёллар самарали бошқариб, барчага ўрнак ва намуна бўлиб келмоқда.
Тадбиркор аёллар ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан йўналтирилаётган кредитлар ҳажми йил сайин ўсиб бораётгани, жумладан, сўнгги 10 йил давомида у 30 баробардан зиёд ортгани, шунингдек, ўтган йилда шу мақсадда 1 триллион 255 миллиард сўм сармоя ажратилганини ҳам хотин-қизлар тадбиркорлиги ўсишини асословчи бир кўрсаткич сифатида келтириш мумкин.
Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” миллий модели халқаро ҳамжамият томонидан самарали стратегия сифатида эътироф этилган. Зеро, бу борада олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, истиқлол йилларида мамлакатимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён қарийб икки баробар камайди.
“Save the Children” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олган.
Бинобарин, оналар чеҳрасида қувонч, мамнунлик ва шодумонлик ўша оилада тинч, фаровон ҳамда барқарор ҳаёт мужассам эканидан дарак беради. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш – биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз.
Бу бежизга эмас. Бунинг учун бизда арзигулик ишлар қилинди ва кенг кўламда давом эттирилмоқда. Биргина жорий Соғлом она ва бола йилини оладиган бўлсак, эзгу ишлар ижроси учун 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сўм ва 194 миллион 400 минг доллар йўналтирилганлигининг ўзи юртимизда оналар ва болалар саломатлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар миқёси ва кўлами қандай улкан эканидан далолат беради.
Исломиддин АБРОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси