Албатта, тинчлик ҳукм сурган, қонунлар сўзсиз ишлаётган жойда тараққиёт жадаллашади, олға силжиш бўлади. Ўз навбатида Юртбошимиз раҳнамолигида соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ютуқларимизнинг бардавом бўлишига хизмат қилаяпти.
Сир эмаски, юртимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ давлат ҳимоясига олинган. Ҳукуматимиз томонидан ишбилармонларга яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёз ва преференцияларни эса санаб адо этиб бўлмайди. Ушбу тармоқ ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани кези келиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва улар даромадлари ошишига хизмат қилаяпти. Зеро, тадбиркорлар сафининг кенгайиши, улар томонидан истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга муттасил татбиқ этилаётгани жойларда янги иш ўринлари яратилишига муҳим замин ҳозирлаяпти. Бир сўз билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимизни тараққиёт йўлидан олға етаклайдиган фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, баъзан юртимиз ишбилармонлари ўзининг қонуний ҳуқуқлари бузилиши, манфаатларига путур етиши каби ҳолатга дуч келишмоқда ва натижада тегишли давлат органларига мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда. Шу жумладан, вилоят адлия бошқармасига бўлган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, уларнинг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши таъминланмоқда.
Хусусан, бошқарма масъуллари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 34 та мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилди ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши ва юзага келган муаммоларнинг бартараф этилишига эришилди.
Масалан, Ғузор туманида яшовчи фуқаро А.Джураев минимаркет биносини қуриш учун ер майдони ажратиб беришни сўраб Ғузор туман ҳокимлигига мурожаат қилган, бунинг учун тегишли идоралардан ижобий хулосалар олган ва барча зарур ҳужжатларни тақдим этган. Шунингдек, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш комиссиясининг ер майдонини ажратиш ҳақидаги далолатномаси тузилиб, далолатнома комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланган бўлса-да, туман ҳокимининг бу ҳақдаги қарори асоссиз равишда қабул қилинмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорнинг манфаатларини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига даъво аризаси киритилди ва суднинг 2016 йил 18 февраль кунидаги ҳал қилув қарорига асосан Ғузор тумани ҳокими зиммасига А.Джураевга минимаркет қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш ва уларнинг ҳимоясини таъминлаш мақсадида бош-қармада "ишонч телефони" доимий равишда ишлаб турибди. Ушбу "ишонч телефони"га жорий йилнинг 3 ойи давомида 9 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 7 таси тегишли тартибда кўриб чиқилди, шундан 3 таси қаноатлантирилди.
Бундан ташқари, бошқарма раҳбарияти томонидан хусусий мулк эгаларига янада қулайлик яратиш ва уларнинг мурожаатларини жойига чиқиб бевосита қабул қилиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Шу билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёз ва преференциялар бериш юзасидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси ҳам доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Жумладан, бошқарма ходимлари томонидан турли идора ва ташкилотларда ўтказилган ўрганишлар натижасида 342 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф қилиш юзасидан 44 та тақдимнома, 12 та маъмурий (шундан 7 таси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома) жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф ҳамда 37 та огоҳнома киритилди. Натижада, 34 нафар шахс интизомий (шундан 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган), 6 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва назорат қилувчи органларнинг 49 та ноқонуний ҳужжати бекор қилинди.
Шу билан бир қаторда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бошқарма томонидан биринчи чоракда судларга 8 миллион 246 минг сўмлик 29 та даъво аризаси киритилган бўлиб, 6 миллион 302 минг сўмлик 10 та даъво аризаси қаноатлантирилди, қолганлари судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Масалан, "Насаф темир йўл комплекс қурилиш" хусусий корхонаси Қарши шаҳридаги "Ойбек авто Транс Сервис" МЧЖ билан тузилган шартнома мажбуриятларини бажармаган ва бунинг натижасида қарздорлик келиб чиққан. "Ойбек авто Транс Сервис" МЧЖ раҳбари О.Элмуродов ушбу қарздорликни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилганди. Мазкур мурожаатни ўрганиш натижасида унинг асосли экани аниқланиб, вилоят хўжалик судига тегишли даъво аризаси киритилди. Даъво аризаси вилоят хўжалик суди томонидан 2016 йил 17 мартда кўриб чиқилиб, жавобгар "Насаф темир йўл комплекс қурилиш" хусусий корхонаси ҳисобидан даъвогар "Ойбек авто Транс Сервис" МЧЖ фойдасига 28 миллион 800 минг сўм ижара ҳақи ва тўлов муддатини кечиктиргани учун 1 миллион сўм пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси мутахассислари томонидан жойларда фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектларини ўрганиш, мавжуд сабабларни таҳлил қилиш ва уларнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш юзасидан зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 48 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, уларда 77 та иш ўрни тикланишига эришилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш, ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда тадбиркорликнинг янада жадал ривожланишига тўлиқ имконият яратмоқда.
Ўрол ОСТОНОВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
Баҳодир МАХМАТҚУЛОВ,
ушбу бошқарма бўлим бошлиғи.