Мана 2016 йил ҳам умр китобидан бир саҳифа бўлиб жой олаётир. Хўш, ундан ким нима кутган эди ва нималарга эришди?
Қуйида айрим воҳадошларимизнинг шу борадаги фикрлари билан танишамиз.
Ҳамроқул Очилов, меҳнат фахрийси:
- 2016 йил бизнинг оиламиз учун унумли, ютуқли йил бўлди, десам адашмайман. Оиламизнинг кичик вакили – 9 ёшли неварам Ғолибжон Ҳамроқулов спортнинг каратэ тури билан шуғулланади. Шу йил Бухоро шаҳрида ўтказилган каратэ бўйича республика чемпионатида иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади. Энди у ўз ёш тоифасида мамлакат чемпиони. Бу ютуқ ҳаммамизни қувонтирди, фахрлантирди.
Нилуфар Умарова, шоира:
- Ўтаётган йилда Юртбошимиз фармонига кўра, мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Қарши педагогика коллежидаги 15 йиллик ўқитувчилик фаолиятим давомидаги меҳнатларимга берилган юксак баҳо бўлди бу мукофот. Ва мени янада кўпроқ куч-ғайрат билан ишлашга даъват этди.
Ижодимдаги катта янгилик – “Ҳаворанг насимлар” номли янги шеърий тўпламимни нашрга тайёрладим. Насиб этса, янги йилнинг илк кунларида чоп этилади.
Умид Усмонов, муҳандис-техник:
- 2016 йил ҳаётимдаги янги босқични бошлаб берди. Талабадан мутахассисга айландим. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг нефть-газ факультетини тамомлаб, ўз йўналишим бўйича “Муборакнефтегаз” МЧЖда иш бошладим. Мутахассис сифатида ишлаш кишига катта масъулият юклар экан. Ишимни астойдил бажариб, институтда ўрганганларимни амалиётда қўллаяпман, билмаганларимни тажрибали ходимлардан ўрганаяпман. Шу жамоада узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, юртимиз иқтисодиёти ривожига ўз ҳиссамни қўшаман, деган умиддаман.
Зарнигор Аҳмедова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:
- 2016 йил – шахсий ҳаётимдаги энг бахтли йил бўлди, десам адашмайман. Эришган озгина ютуқларим туфайли Қарши шаҳрида қад ростлаган “Камолот” уйларидан бирининг соҳибасига айландим. Ҳозирда оиламиз билан ҳар жиҳатдан қулай шароитларга эга бўлган замонавий уйда истиқомат қилаяпмиз. Янги йилни янги уйда қарши олаяпмиз.
Соғлом она ва бола йилида илк марта она бўлганим эса мени яна бир карра бахт чўққисига олиб чиқди. Шу йилнинг 21 август куни ўғлим Олимбек туғилди. Турмуш ўртоғим, бутун оиламиз билан қилган ниятимиз шу – Олимбек ўсиб-улғайиб, шу юртга муносиб фарзанд бўлсин! Келаётган йил эса барча-барчага шодлик, қувонч олиб келсин!
Шаҳзод Гелдиев, талаба:
- Бу йил кўзлаган мақсадимга эришдим: Тошкент ирригация-мелиорация институтининг техник жараёнларни автоматлаштириш йўналишига ўқишга қабул қилиндим. Талабалик бахти, қувончу ташвишлари билан ошно бўлганимдан жуда-жуда хурсандман. Яқинда уйдагилар билан гаплашдим, жамоат ишларидаги фаол иштироким ҳамда яхши ўқиётганим учун институт маъмурияти ота-онамга ташаккурнома юборганини айтишди. Бу мени ҳам, ота-онамни ҳам беҳад қувонтирди. Энди янада кўпроқ куч-ғайрат билан ўқийман ва келажакда етук мутахассис бўламан, деб ният қилдим.
Азиза Нурматова, Қамаши туманидаги 85-мактаб ўқувчиси:
- Ортда қолаётган йил мен учун омадли йил бўлди. 2016 йилги “Билимлар беллашуви”да ўзим севиб ўқиётган фан – она тили ва адабиёт бўйича қатнашиб, ўз имкониятимни синовдан ўтказдим. Натижа ёмон бўлмади. Туман ва вилоят босқичларида юқори ўринларни эгаллаб, республика босқичида 3-ўрин соҳибаси бўлдим. Бу ўқувчи сифатида мен эришган илк муваффақият эканлиги руҳимни кўтарди, янги мақсадларни кўзлашда туртки бўлди. Келаётган йилда ҳам албатта фан олимпиадаларида ғолиблар сафидан жой олишимга ишонаяпман. Бунга эришиш учун бор билимимни ишга соламан.
Хуршида ёзиб олди.