Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

31.12.2016


2017 ЙИЛДА КУТИЛАЁТГАН МУҲИМ

 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўриш юзасидан нафақат ҳукумат, балки мутасадди вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, ҳокимларнинг ҳам бу борадаги фаолияти якунлари бўйича ҳисобот бериш тизими жорий этилади ва шунга қараб уларнинг ишига баҳо берилади. Бу эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган принципни ҳаётга тўла татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш орқали бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим фаолияти йўлга қўйилади.

Эндиликда ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилади ҳамда тегишли хулоса беради. Шу асосда Олий Мажлис 2017 йилдан бошлаб ҳар қайси вилоят бўйича бир йилга мўлжалланган иш режасини белгилаб олади.

Аста-секин маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш тартиби жорий қилинади. Мазкур тизим асослари келаётган йилда яратилиб, бу орқали раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мақсад қилинган.

Маълумки, ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг 32 фоизини ёки 10 миллионини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Ёшлар – ҳақли равишда бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучи. Бироқ касб-ҳунар коллежларини тамомлаган барча битирувчилар ҳам ҳаётда ўз ўрнини топаяпти, деб бўлмайди. Биргина вилоятимизнинг ўзида ҳар йили минглаб битирувчи турли омилларга кўра ишга жойлаша олмаётгани уларнинг бандлигини таъминлашда қилинадиган ишлар ҳали кўплигини кўрсатади.

Шундан келиб чиққан ҳолда 2017 йилдан бошлаб аҳолини, авваламбор, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи бўйича янги тизим жорий этилади. Келаётган йилда камида 508,8 минг нафарни ташкил этадиган ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш мақсад қилинган.

Ҳар бир туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади. Бу раҳбарларнинг асосий вазифаси маҳаллада участка инспекторлари билан ишлашни ташкил қилишдир.

Ёшларни бежиз навниҳолга қиёслашмайди. У парваришга қараб бўй чўзади. Тўғри йўлга бошласангиз, тўғри, эгри йўлга бурсангиз, нотўғри одим ташлайди. Туман мансабдор  шахсларининг ёшлар билан астойдил, масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб бориши эса ҳудудларда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ўз-ўзидан оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги бўйича ишлар ҳам янада жонланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари  фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Чунки халқимиз тадбиркорликнинг ҳадисини олиб улгурди. Меҳнат қилиб, йўқдан бор қилган, шу орқали аввало ўзи манфаатдор, қолаверса, мамлакат ривож топаётганини англаган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Демак, уларнинг йўлига тўғаноқ бўлиш эмас, қўллаб-қувватлаш керак. Шунда қулай ишбилармонлик муҳити янада яхшиланади, тармоқлар кенгаяди, харидор учун танлаш имконияти ошади. Энг муҳими, мўл-кўлчилик, арзончилик бўлади.

Эндиликда банкларнинг бош вазифаси – бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишга ва уларга ҳақиқий кўмакдош бўлишга эришишдан иборат бўлади. Давлат банклари ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратади. Ўз имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад беришни зиммасига олади.

Бу орқали одамлар боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳаларда тадбиркорлик билан шуғулланиб, кичкина бўлса ҳам ўз корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топади, ўзини ҳам, оиласини ҳам молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб, керак бўлса, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшади.

Хабарингиз бор, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Тошкент – Қарши тезюрар поезди ҳаракати йўлга қўйилган эди. Эндиликда шу лойиҳанинг давоми сифатида бу йўл Қаршидан Шаҳрисабзга олиб борилади. Мазкур ишларнинг асосий пойдевори келаётган йилда қўйилади. Бу орқали иқтисодиётимизнинг “қон томирлари” янада “кенгаяди”, инфратузилма ривож топади.

2017 йилдан бошлаб аҳоли қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон ва қулай уй-жойларга эга бўлади.

2017-2021 йилларда қишлоқ жойлардаги кам таъминланган оилалар учун арзон ва қулай уй-жойлар қуриш дастурига мувофиқ қишлоқ жойлардаги кам таъминланган оилаларни, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қулай ва арзон уйлар қуриш йўли билан уларнинг бу борадаги эҳтиёжини қондириш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш мўлжал қилинган.

Шу асосда вилоятда яқин 5 йилда намунавий лойиҳалар асосида 8 минг 32 та уй-жой қуриш кўзда тутилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 36 та массивда 1 минг 526 та ана шундай уй-жой қуриш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Кам таъминланган аҳолини ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида шу даврда шаҳар ва туманларда замонавий лойиҳалар асосида 230 та икки қаватли уй ва 13 та кўп қаватли “Камолот” уйлари барпо этиш мўлжалланмоқда. Буларнинг барчаси турмуш фаровонлигининг янада юксалишига, одамларнинг ҳаётдан рози яшашларига ҳисса қўшади.

Маҳалладаги участка нозирларига самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилади. Уларга хизмат уйлари ва автомашиналар берилади. Участка нозирлари энди кечаси билан маҳалла осойишталигини қўриқлаб юрадиган бўлади. Бу ўз-ўзидан аҳолини хотиржам қилади, ўзларининг ҳимояси учун жавобгар шахс борлигини билиб, хотиржам тонг оттиради.

Қариси бор уйнинг париси бор, дейдилар. Турли синовларда тобланган, ҳаётнинг паст-баландини кўрган кекса отахон ва онахонларимизнинг дуосини олиш,  ҳаётий ўгитларига риоя қилиш зарур. Уларнинг кўнглини кўтариш, ҳаётдан рози қилиш эса фарзандлик бурчимиз саналади. Шуни кўзда тутган ҳолда ҳар бир маҳаллада раиснинг нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ташкил этилади. Улар кексаларнинг ташвиш ва муаммолари билан бевосита шуғулланади.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган кексаларнинг турли сабаблар билан санаторийларга бора олмаётгани инобатга олиниб, фахрийларга йўлланмаларнинг пули берилади. Бугунги кунда санаторий йўлланмасининг ўртача нархи 800 минг сўмни ташкил этади.

Келаётган йилда вилоятимизда дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ташкил этила бошлайди. Шунингдек, 470 гектарга яқин ер майдонларида доривор ўсимликлар етиштириш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этила бошланади.

2017 йилнинг 1 апрелидан қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилади. Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилади. Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилади. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси сифатида Қашқадарё элининг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовга чексиз эҳтироми рамзи  сифатида Қарши шаҳрида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.

Қашқадарё улкан саноат минтақаси эканини ҳисобга олиб, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида замонавий инженер кадрлар тайёрлаш бўйича мутахассислик ва йўналишлар тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базаси ва профессор-ўқитувчилар салоҳиятини оширишга доир аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошлайди.

Келаси йилдан бошлаб Ўзбекистонни янада ривожлантириш стратегияси ишлай бошлайди. Ушбу стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилади.

Умуман, бу каби кутилаётган воқеликларни яна истаганча давом эттириш мумкин. Энг асосийси, уларнинг барчаси инсон манфаатларини олий қадрият даражасига кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo