Журналистнинг электрон ён дафтаридан
Якунига етаётган йилни сарҳисоб қилар эканмиз, коронавирус пандемиясига қарамай, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ижтимоий ҳимоя тадбирлари, фаровонликни оширишга қаратилган лойиҳалар тўхтаб қолмагани, ўз навбатида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда шов-шув қўзғаган воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўламиз. Ютуқ-ўзгаришлар ўзимизники, уларни ҳар биримиз, ҳар куни кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Қуйида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган энг муҳим воқеаларни эсга оламиз.
Гумонланувчи ички ишлар ходимлари томонидан уриб ўлдирилди
Йил бошида кенг жамоатчилик эътиборини тортган ҳодиса - Чироқчи тумани Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғриликда гумон қилиниб, Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими биносига олиб келинган Юсуф Абдураҳмоновнинг 2020 йил 23 январь куни вафот этиши бўлди.
ОАВ таъсирида қисқа вақтда маълум бўлдики, гумонланувчи ички ишлар ходимлари томонидан уриб ўлдирилган. Бу ўз ўрнида ички ишлар идораларининг "иш услуби"га оид кўплаб эътирозларни келтириб чиқарди.
Чироқчидаги ҳодиса ортидан даставвал вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Самад Турдиев ўз хоҳиши билан вазифасидан бўшаган бўлса, туман ИИБ бошлиғи Фазлиддин Юсупов ҳам вазифасидан озод этилди. Унинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Норбек Қобилов, тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Нодир Исматов, тергов бўйича ўринбосари Дилшод Расулов ҳам эгаллаб турган лавозимидан олинди. Бундан ташқари, биринчи ўринбосар Юнус Мингноров, 4-сонли ИИО ФМБ катта профилактика инспектори Шерзод Раҳмонов ички ишлар органлари сафидан четлаштирилди. Гумонланувчини уриб ўлдиришда иштирок этганлар эса турли муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ушбу жараёнда яна бир эътиборга молик воқеа юз берди: прокурор марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева фойдасига 52 миллион 750 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундириш тўғрисида судга мурожаат қилган бир пайтда Г.Абдиева "уларниям бола-чақаси бордир" деган сабаб билан айбдорларни кечирди, пулдан воз кечди.
248 киши чув тушди
"Human" бандлик агентлиги чет элга ишга юбораман деб 1086 нафар фуқарони чув туширгани ҳақидаги хабарлар дунёга ёйилди. 248 нафар қашқадарёлик ҳам алданганлар сирасидан бўлиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов жабрланганлар билан учрашгандан сўнг етказилган зарар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилиши билдирилди ва тегишли мутасаддилар иштирокида пуллар эгаларига қайтарила бошланди.
Ушбу ҳодиса чет элга ишга юбориш бўйича хусусий бандлик агентликлари фаолиятини қайта кўриб чиқишга асос бўлганини таъкидлаш ўринли.
Боши ғалвадан чиқма(ёт)ган ҳоким
Шу йилнинг 2 март куни Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг сўконғичлиги акс этган аудиозуёвлар тарқалиб, 4 март куни у халқ депутатлари Миришкор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнига Қарши тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Ғайрат Бегалиев ҳокимликка тасдиқланди. Афсуски, Ғайрат Бегалиев 8 сентябрь куни коронавирус оқибатида вафот этди. Унинг ўринбосари Мансур Раҳмонов ҳам айни инфекция таъсирида оламдан ўтди.
Қарши туманига эса Махсуда Мустафаева ҳокимликка келди. Вилоятда ягона аёл ҳокимнинг ўтган даврда турли ғалвалардан боши чиқмаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Дастлаб "Sulton Tex Group" кластери билан судлашилди. Халқ депутатлари туман Кенгашида суднинг айни иш бўйича қарори муҳокама этилиб, унга батамом тескари тўхтамларга келиниши "ҳуқуқий саводсизлик намунаси" сифатида эътироф этилди. Қолаверса, депутат Феруза Аҳмедованинг "Қарор қандай қилиб Ўзбекистон Республикаси номидан чиқар экан, ўзимизнинг Қарши тумани маъмурий суди кўриб чиққан-ку", дея суд қарорлари республика номидан чиқишига ажабланган сўзлари кўпларнинг кулгисига сабаб бўлди.
Гарчи якунда суд ҳокимлик манфаатини кўзлаб қарор чиқарган бўлса-да, бу орада "Sulton Tex Group" хусусий корхонаси Бош вазир ўринбосари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазири ва унинг биринчи ўринбосарини судга берди. Шикоят аризасида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишга "Sulton Tex Group" хусусий корхонасининг қонуний манфаатларини бузадиган асослантирилмаган маълумот тақдим этиш билан боғлиқ ва йиғилиш баёнида корхонага бириктирилган пахта тозалаш заводининг бино ва иншоотларини қайтариш, корхонанинг пахта тўқимачилик кластери фаолиятини тўхтатиш ва ўрнида фермер хўжаликлари кооперацияси ташкил этиш тўғрисида қарор қилиниши билан боғлиқ ҳаракатларни қонунга хилоф деб топиш келтирилди.
Шу ўртада Қарши тумани ҳокими "ғалла режасини бажариш учун чорвачилик фермер хўжалигининг озуқа ғалласини ҳам тортиб олаётгани" ҳақида хабарлар тарқалди.
Яқиндагина йил якунлари ва келгуси йил режалари бўйича Қарши тумани ҳокимининг мурожаати Махсуда Мустафаева иштирокисиз ўтгани кенг муҳокама қилинди. Ҳоким бетоблиги, ҳодиса шов-шувга арзимаслигини билдириб, ўз мурожаатини қайта йўллади. Аслида ҳокимнинг қайта-қайта йўлланган мурожаатлари айтарли аҳамиятсиз эди, десак хато бўлмайди.
Сардобадаги ўпирилиш Қашқадарёда ҳам акс-садо берди
Шу йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган, мамлакатимиздаги йирик сув иншоотларидан бири ҳисобланган "Сардоба" сув омбори деворидан сув сизиб чиқиши натижасида Сардоба, Оқ олтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етди. Ўнлаб кишилар жароҳат олди, бедарак кетганлар ҳам бўлди. Сув омбори ҳудуди атрофида яшовчи 70 мингга яқин аҳоли вакиллари хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.
Қайд этиш лозим, бутун мамлакат эътибори Сардоба туманидаги табиий офат асоратларини бартараф этиш, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилди. Қашқадарёдан ҳам Сирдарёга озиқ-овқат, кийим-бош ва бошқа зарур маҳсулотлар юкланган кўмак карвонлари жўнатилди.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатишда вилоятимиз вакиллари фаол иштирок этишди, меҳнатлари эътироф этилди.
Қурилиши тугалланмаган бино қулади
Жорий йилнинг 23 июнь куни соат 21:30 лар атрофида Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасидаги "Насаф Травел" меҳмонхонаси биноси ёнида қўшимча қурилаётган 5 қаватли қурилиши якунланмаган бинонинг том қисмидаги бетон плита қулаши натижасида сурхондарёлик қурувчи ҳалок бўлди.
Қурилиш вазирлиги ушбу объектдаги қурилиш ишлари рўйхатга олинмаган ҳолда ноқонуний олиб борилганини маълум қилди.
2020 йил 28 октябрь куни эса соат 20:30 да Деҳқонобод маҳалласи Замахшарий кўчасида жойлашган хусусий фирмага тегишли бўлган савдо дўконига қўшимча бино қурилаётган пайтда қурилиш плитаси қулаб тушиб, 39 ёшли фуқаро вафот этди.
Умуман, якунига етаётган йилда мамлакат бўйича тўғон ўпирилиши, бинолар қулаб тушиши билан боғлиқ ҳодисалар кўп бўлди.
Москвадаги чиқиндихонада ишлаб пул топган Исломбек
Ижтимоий тармоқларда шаҳрисабзлик 11 ёшли Исломбек онаси ва опасини боқиш учун Москвадаги чиқиндихоналарда ишлаб юргани акс этган видео тарқалди.
Унинг онаси турмушдан ажрашганидан сўнг қийналгани учун Россияга кетишга мажбур бўлган. Видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кўплаб одамлар бу оилага ёрдам қўлини чўзди ва улар Ўзбекистонга қайтиб келди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида Исломбекнинг отаси тўламай келаётган 4 миллион 930 минг сўм алиментни тўлаб берди. Қолаверса, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев томонидан Исломбекнинг оиласига 20 миллион сўм пул, ошхона мебели берилди. Опаси ва унга ўқув қуроллари совға қилинди.
"Коронавирус аниқланмаган" қурбон касаллик тарқатди
Коронавирус билан боғлиқ вилоятдаги дастлабки ҳолат Чироқчида қайд этилган, бир оиланинг беш аъзоси вирус юқтирган эди. Улар тез орада даволаниб ҳам чиқишди ва анча давом этган "сокинлик"ни Қозоғистонга бориб келиб, сўнг вафот этган китоблик бемор бузди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 1963 йилда туғилган Н.О. 2020 йил 10 апрель куни Қозоғистон Республикасига кетган (буни карантин даврида қандай уддалагани номаълум!). Жорий йил 9 май куни юртимизга қайтиб келган ва 31 май куни вафот этган. Такрор текширув натижалари марҳум беморда коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатган.
17 июнь куни Китоб туманида коронавирусга чалинганлик ҳолати бўйича расмий маълумот берилди. Унга кўра, тумандан жами 73 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантинга олинган; шулардан 5 нафарида аввалроқ касаллик аниқланиб, тасдиқланган; карантинга олинганлар ичидан яна 20 кишида касаллик борлиги маълум бўлган.
Шулардан 17 нафари тиббиёт ходимлари, қолган 9 нафар фуқаро, Тошкентдан оғир аҳволда Китобга, яъни уйига қайтиб келиб, тез ёрдам машинаси орқали туман тиббиёт бирлашмасига келтирилган, барча тиббий ёрдам чоралари кўрилишига қарамай, касалликнинг оғир аломатлари туфайли вафот этган бемор билан мулоқотда бўлган (!) яқинлари экан.
Табиийки, ўшанда "Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус аниқланмади деб топилган қурбон қандай қилиб у билан мулоқотда бўлган 17 нафар тиббиёт ходими ва ўз яқинларига касаллик юқтирди? Ўшанда шифохонама-шифохона кўчирилиб, охири вафот этган беморнинг ҳақиқий касаллигини вазирлик яширган эдими ёки Ўзбекистонда фойдаланилаётган тестлар тўғри ташхис (икки марталаб ўтказилгани айтилганди) қўйиб беролмайдими?" мазмунида ўринли фикрлар билдирилди.
Ҳақиқий вазиятни яшириш билан боғлиқ бундай ҳолатлар коронавирусга қарши заҳматли фаолият олиб борган чинакам шифокорлар ишига соя ташлади, десак муболаға бўлмайди.
Сохта акцияларни сотиш эвазига - 9 миллион доллар
"Nasdaq Unique Finance" хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги норасмий вакили Т.Ризаев ўзининг жиноий шериклари билан бирга Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларига зид равишда уяли телефон аппаратлари орқали интернет тармоқларига уланиб, чет эл корхоналарининг акцияларини сотиб олиш орқали устама фоиз тўлаб туриш ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиб, 2 минг нафардан зиёд шахснинг ишончига кирган ва 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига 9 миллион АҚШ доллари йиғиб олишган. Буям кишилар орасида катта шов-шув бўлган воқеалардан.
800 минг долларни фуқароларга "фоиз"га беришгани, Т.Ризаев ўзига 78 минг АҚШ долларига "Volkswagen", ўғли А.Н. номига 2 та "Ласетти" русумли автомашиналарни ҳамда Қарши шаҳридан савдо дўкони сотиб олгани кўпларнинг ҳайратига сабаб бўлгани-да бор гап.
Жиноий йўл билан орттирилган мулклар терговдан яширилишининг олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилояти, Тошкент ва Жиззах шаҳарларидаги манзилларда ўтказилган тинтувларда 9 та автомашина ва ишга алоқадор ҳужжатлар расмийлаштирилиб олинган.
Эътиборлиси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бир неча ой олдин - шу йилнинг февралида "Nasdaq Unique Finance" фаолиятида молиявий пирамида белгилари аниқланганидан фуқароларни огоҳлантирган. Шундаям яна қанча одам алдов тузоғига тушган...
"Моддий ёрдам? Аввал ўғлимга, кейин, майли сенга..."
Пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Аммо бундан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринганлар ҳам кам бўлмади.
Миришкорда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилгач, мазкур жараён адолатли тарзда ўтказилиши, очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида моддий ёрдам олганлар рўйхати эълон қилинди. Бироз муддатдан сўнг эса Истиқлол МФЙ Чандир қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.
Шунга асосан олиб борилган ўрганишлар чоғида Истиқлол МФЙ раиси Н.Каримов 2000 йилда туғилган, айни вақтда Россия Федерациясида бўлиб турган ўғлига ҳамда ўзининг томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари рафиқасига бир марталик 1 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратгани аниқланди.
Миришкор тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳолатни ўрганганда, важлар ўз тасдиғини топган. Натижада Истиқлол МФЙ раиси ва унинг ўринбосари ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, тегишли чора кўрилиши учун туман прокуратурасига мурожаат қилинди.
Китоб туманида эса 7-8 сентябрь кунлари журналистлар учун камбағаллик рўйхати ("темир дафтар")га олинган оилалар ҳолати билан танишиш, уларга кўрсатилаётган ёрдамларни ўрганиш мақсадида ташкил қилинган пресс-тур чоғида масъуллар ишининг "мис"и кўриниб қолган.
Туман ҳокими Алишер Зокиров Яккатут маҳалласида 81 нафар фуқаро оилавий шароити оғирлиги ва пандемия вақтида даромадини йўқотгани учун "темир дафтар"га олингани, уларнинг 6 нафарига маҳалла ҳудудидаги самарасиз дея ҳисобланган 10 гектар боғ ҳудуди сабзавотчилик фермер хўжалиги сифатида бўлиб берилганини маълум қилган.
Аммо кейин аён бўлишича, айтилган фуқаролардан фақатгина бир нафари "темир дафтар"га киритилган, холос. Яъни ер олганларнинг ҳаммасини ҳам эҳтиёжманд деб бўлмайди. Чинакам муҳтожлар эса ўз номлари "темир дафтар"га тиркалганини билмайди.
Ўрта асрларга хос мактаб
Чироқчидаги 61-мактабнинг қўрқинчли синфхоналарида дарс ўтилаётгани тасвирланган видео ва фотолар мамлакат миқёсида таълим-тарбия тизимига бефарқ бўлмаганлар томонидан атрофлича муҳокакам қилинди.
Қишлоқ аҳли ушбу синфхоналарда ўқувчиларга икки йил давомида дарс ўтилганини айтиб турган бир чоғда мутасаддилар - вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Чироқчи тумани ҳокимлиги ҳолатни рад этиб чиқди. Кейинчалик мактаб директори мавжуд вазиятни тасдиқлаб, дастлаб жамоатчиликни чалғитишга уринганини, ёлғон маълумот берганини тан олди.
Бу орада халқ таълими бошқармасининг кенг жамоатчиликка нотўғри маълумот тақдим қилган ахборот хизмати раҳбари ишдан кетди.
Безорилик оқибатида 480 миллион сўмлик зарар етказишди
Шу йилнинг 21 октябрь куни "Uzbekistan GTL" заводида ишчилар ўрнатилган тартиб-қоидадан норози бўлиб, безорилик қилишган.
Маълум бўлишича, эшик ва дераза ромларининг ойналари тош ва темир жисмлар билан уриб синдирилган, ходимларнинг хизмат хоналаридаги 19 турдаги 14 миллион 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги 4 миллион 365 минг сўмлик ёзув столлари, 27 миллион 777 минг сўмлик кондиционерга, корхонанинг ҳаммаси бўлиб 480 миллион сўмлик мол-мулкига шикаст етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Заводда эса ушбу воқеалардан сўнг меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимларнинг дам олишини тўғри ташкил қилиш бўйича қатор тадбирларга қўл урилди.
Қайд этиш керак, 2020 йилда ёдда қоладиган яхшию ёмон воқеалар кўп бўлди. Юқорида асосан негатив мазмундаги ҳодисаларни ёдга олишдан муродимиз шуки, янги йилда яна ўшандай хатолар, кўнгилсизликлар содир бўлмасин, муаммолар масъуллар туширадиган "қовун"лар баробарида камроқ бўлсин...
НАСРИДДИН