Брифинг
Вилоятнинг тупроқ ва иқлим шароити қулай бўлган Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларида етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг сифати экспорт талабига тўла жавоб бермайди.
Қашқадарё бўйича 65 минг 275 тонна сиғимли музлатгичли омборхоналар мавжуд бўлиб, бу жами етиштирилаётган 330 минг 758 тонна мева-сабзавотларнинг 19,7 фоизини сақлаш имконини беради, холос.
Қолаверса, воҳада барча минерал захиралар етарли бўлишига қарамасдан қурилиш материалларига бўлган талаб тўлиқ қопланмайди. Хусусан, цементга бўлган талаб 97, шифер 100, том плиталари 19 ва гипсокартон 100 фоизга қопланмайди.
Бугунги кунда меҳнатга лаёқатли 1 миллион 349 минг нафар аҳолининг 124,3 мингтаси, яъни 9,2 фоизи ишсизлигича қолмоқда.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ОАВ ходимлари учун ташкил қилинган брифингда айтиб ўтилди. Журналистлар, блогерлар ва воҳа фаоллари жам бўлган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев 2019 йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг ижроси, нефть-газ, геология, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, электр энергетика ва чорвачилик соҳаларида амалга оширилган ишлар ва 2020 йилдаги истиқболли вазифалар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилдики, вилоятда 2019 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 34,6 триллион сўмни ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 102,6 фоизга, аҳоли жон бошига эса 1,2 баробарга кўпайди.
Вилоят бюджетининг 2020 йилги даромадлар прогнози 4 триллион 830,6 миллиард сўм, маҳаллий бюджет даромадлари 2 триллион 935,7 миллиард сўм ва харажатлари 3 триллион 693,78 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
2019 йилда йирик солиқ тўловчилардан 4 триллион 63,8 миллиард сўм даромад туширилган бўлса, жорий йилда бюджет параметрларига киритилган ўзгартиришлар боис бу сумма 2 триллион 104 миллиард сўмга камаяди. Буни қоплаш учун 7500 та тадбиркорлик субъектини янгидан ташкил этиш, 2 мингтасининг фаолиятини тиклаш, 39 минг 555 та яширин иш ўринларини легаллаштириш ҳамда 8,3 триллион сўмлик 1213 та лойиҳани ишга тушириш, қўшимча равишда 7134 та корхонадан қўшилган қиймат солиғини ундириш чоралари кўрилади.
Туманларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш орқали 4045 гектар интенсив боғлар, 8377 гектар узумзор ва 2 минг гектар ёнғоқзорлар барпо этилади. Шунингдек, 2607 гектар экспортбоп сабзавот ва полиз экинлари экиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини ўзлаштириш бўйича режа кўрсаткичи ҳақида ҳам айтиб ўтди. Жумладан, бу рақам 2020 йилда 141,1 миллион долларни ташкил этади, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда 17 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, Қамаши туманидаги "MATANAT" қўшма корхонасида Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда 20 миллион евро инвестиция ўзлаштириш эвазига гипс хом ашёсидан гипсокартон ишлаб чиқариш, Қарши туманидаги "CENTURY JV" қўшма корхонасида Жанубий Корея давлати билан ҳамкорликда 2 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш эвазига замонавий чиллер ускуналарини ишлаб чиқариш, Қарши туманидаги "TAT COLA" хорижий корхонасида Афғонистон давлати билан ҳамкорликда 3,5 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш эвазига алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш ва Ғузор туманида "POOYA POLIMER TEHRAN" хорижий корхонасида Эрон давлати билан ҳамкорликда 2 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш эвазига замонавий томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида шу йилнинг апрель ойида Қарши шаҳрида замонавий қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича, июлда Яккабоғ туманида агрокластерни ривожлантириш ва мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида халқаро бизнес форумларини ташкил этиш ва салоҳиятли инвесторларни жалб этиш режалаштирилган.
Қолаверса, жорий йилда аҳолининг ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 1097 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 305 дона трансформатор пунктларида янги қуриш ва реконструкция ишлари бажарилади. Аҳоли хонадонларига 94 минг 800 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. 18 та аҳоли пунктида 92,5 миллиард сўм маблағ эвазига 161,8 километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинади. Бу борада энг муҳим лойиҳа "Оқсув-Деҳқонобод" лойиҳаси бўлиб, қиймати 100,5 миллиард сўмни ташкил этади ва унинг натижасида Деҳқонобод туманининг 117 та қишлоғини сув билан таъминлаш имкони бўлади.
Бу йил аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 1700 та уй-жой қурилади.
Инвестиция дастури доирасида 23 та умумтаълим мактаби (6902 ўқувчи ўрни), 16 та соғлиқни сақлаш объектлари (151 қатнов ва 761 койка), 4 та болалар спорти иншоотлари, 36 та мактабгача таълим муассасалари (5520 ўрин) янгидан қурилади ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 10 миллиард сўм маблағ эвазига реконструкция қилинади.
2020 йилда 273 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари қурилади (10 минг 330 нафар қўшимча қувват), 36 та давлат мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. Натижада боғча ёшидаги болалар қамрови ҳозирги 37,8 дан 47,6 фоизга кўтарилади (Республика кўрсаткичи 52,8 фоиз).
Қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича қиймати 1 триллион 117 миллиард сўмлик 367 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида гўшт етиштириш 28 минг, сут ишлаб чиқариш 9 минг 415 тоннага, тухум етиштириш 17 миллион донага ошиши таъминланади.
Бугунги кунда 9 та пахта кластерларига 138,1 минг гектар ер майдони пахта экиш учун ажратилган бўлиб, жорий йилда улар томонидан етиштирилган пахта ҳосилининг 86,4 фоизи қайта ишланади.
Умуман олганда, 2020 йил учун белгиланган устувор вазифалар аҳоли фаровонлиги ва ҳудуд ривожида муҳим ўрин тутади.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.